Skip to main content

IMG_9292Хурсандбек Тўлибоев

Хотира боқийдир. Инсоннинг бу дунёга келиб, ўзининг елкасидаги вазифани қанчалик уддалагани билан боқийдир. Ҳеч нарса қилмасдан ҳам шунчаки еб-ичиб, тирикчилик ташвишларига кўмилиб ўтиб кетаётганлар қанча? Биз ундай инсонларни камситмоқчи эмасмиз. Асло! Бошқа масала жонимни ҳаловатини ўғирлаган. Бу ҳам бўлса Аҳмад Аъзамнинг вафоти. Бу камтар инсонни қанчалик билсам, ўзимни шунчалик биламан деб ўйлайман. Чунки ўзгани англаш ҳам ўзингни англашга сабаб бўларкин. Демак, уч кун аввал бу рўъби маскун билан видолашган чин дунёга сафар қилган Аҳмад Аъзам ҳақида ўйлаганимда… Нега олдимиздан оққан сувнинг қадри ёк!

Мен у инсон билан устозим Ҳотам Умуров орқали танишдим. Илк бор телефонда гаплашганимда йигирма беш ёшда эдим. Яъни 2010 йил 1 октябрь. (Ўшанда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Ўрта Чимбой қишлоғининг «Боғли»сида пахта теримида эдим!) Байрам билан табрикладим. Кайфиятларини кўтариб, бу ҳақда, яъни бетоб бўлиб қолавериши ҳақида домламдан эшитган бўлсам ҳам ўзлари гап очиб қолди.

– Мен, — деди, — ҳар ҳафтанинг чоршанба куни даволанишга қатнаб тураман. Буйракни мазаси ёкроқ. Мана, нафақага чиқиб, у-бу нарсаларни қоралаяпман. Ижод қилиб кўп ўтиролмайман. Безовталанаман. Билмадим, асарларимни ёзиб тугатсам бўлди, кейин ёзишни тўхтатаман…

Мана, ўша гапларига ҳам уч йилдан ошди. Ва, тўрт йил ўтдики, у оғир бетобликни кўтараолмай ёлғон дунёдан чинга қўшилди.

Бу ҳаммамизнинг бошимизда бор. Ва, биз доим олдимиздан оққан сувнинг қадрини – у ҳақда хотиранома билан ювишга ўрганиб қолганмиз. Тиригида кўкрагига унвон тақиб қўйишни эса ор биламиз. Аслида-чи, ҳақиқатдан ҳам Аҳмад Аъзам – маънавий кўмакка, мададга муҳтож эмасди. У ичи тўла «ғиж-ғиж» хазина – тафаккури бор эди. У давраларга чиқиб мақтанмасди. У ичида – ўз қалбида сокин дарёдек яшади. «Рўё…»ни ёзаркан, Самарқанд ва Тошкент оралиғида кечган умри, бор йўғи 300 чақримлик масофани – у ўзига умр билди. Бу умр У инсонга чексиз изтироблар туҳфа қилгани билан, шунчалик меҳр-муҳаббат кўрсатди.

Ҳаммаси ўзи ҳақида ёзиб қўйилган-ку? Мана, қўлимда ўша устоз адибимиз билан мулоқот қилмадан олдин «Тафаккур» жаридасида 2010 йил ўқиганим «Хотира мавжлари»дан парча:

«Кечалари безовталанаман. Калламда шовқин туради. Айниқса, эл ухлаб, ҳаммаёқ тинчиганда кучаяди. Ётолмайман, аллақандай шивир-шивир, узуқ-юлуқ сурнай оҳанги, жуда олисдаги гавжум бир бозорнинг ғала-ғовури келади. Шу ерда ётганим кўйи яна аллақандай издҳомга аралашиб юргандек бўламан. Кундузи шовқин худди тошқин сувдек калламга кириб ўтиб кетаётганда, унинг ҳар жой-ҳар жойдаги чуқурчаларида қолиб кетгану энди шу лойқа кўлмаклар шилпиллаётганга ўхшайди. Кечалари кундуз давом этаётгандек…»

Адиб ҳақида мен ўн-ўн беш саҳифа хотиранома ёза олмайман. Ҳамиша сўзга қаттиқ соқчи бўлиб турган унинг мўйқалами олдида ожизман. Сўзга чечан адибимиз – Альберт Камюни ўзбек адабиётига таржима қилди. Асарлари билан ўзбек адабиётидан ўрин эгаллади. Ҳали ҳаммаси олдинда-ку!

«Замондошлари хотираси» ҳам муборак етмиш йиллиги билан нашр қилинар. Биздан кейинги авлод Аҳмад Аъзамнинг кимлигини яхши биладиган бўлишади. Буюк асарлар ўз вақтида танилмайди. Йиллар ўтиб унга бўлган муносабат туғила бошлайди. Демак, адибнинг асарларии бизнинг таҳлилимизга муҳтож эмас! Асарлар адиб тиригида баҳосини олиб бўлган. Бундан кейинги аъзамшунослар – одатдаги таҳлилдан унчалик баланд кўтарила олмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Муҳими асар таҳлил қилингани эмас, у китобхонга завқ ва шавқ, ёлғизликдан зориққан одамга ҳамдард, ҳабиб, ва, айни дамда эстетик туйғу бера олсин. Булар Аҳмад Аъзам асарларарида бор! Биз фақат у кишининг китобларини ўқишимиз, уқишимиз ва тенгдошларга тушунтириб беришимиз керак.
Олдимиздан сувлар оқиб ўтаверади…
Ўша сувларга қўшилиб биз ҳам бир кун оқиб кетгувчимиз…

Охирати нурга тўлсин адибнинг.
Аллоҳ раҳмат қилсин!
Адабиётда гап кўп.
Ҳозирча бори шу!

07 январь. Нукус

Leave a Reply