Дунё адабиётига жуда ружу қўйган, шипириб-симираман деган кезларим, шунга яраша ичимда ғўдайиш ҳам бор, назаримда бошқалар ҳали билмайдиган асарларни ўқийман, бошқалар кўрмаган кенгликларда кезаман, нафсиламрини айтганда, шундай ҳам эди. Одил ака уюшма минбаридан: “Сиз ёшлар Фолкнерни ўқишларинг керак, Хемингуэйни ўқишларинг керак, мен яқинда ўқиб, ҳақиқий адабиёт нималигини кўрдим” деганда биз қачонги “фолкнершунос”, “хемингуэйшунос”лар қуйида истеҳзо қилиб ўтирганмиз. 

          Рост гап, гуруҳ эмас-у, тўрт беш жўра жаҳон адабиётининг сара намуналарини басма-басига ўқирдик. Кўплар бунга хатарли олифталик деб қарарди. Табиий, ўзимиздаги улуғларнинг аксариятини тан олмасдик, ўқимасдик. Уларнинг “миллионлар қалбини забт этган асарлари” бизга уч пул, тўғриси ҳам шу, бунақа асарлар ўша миллионлар қўлига етиб боргани билан қалбига кирмас, ўйлагани, ҳатто ўзини эшитгани ҳам қўймайдиган мафкура гумбур-гумбурлари қулоқларни батанг қилар эди. Ана шу гумбур-гумбур мафкуранинг гумбурлаган улкан ижодкорлари пастда ҳаёт қанақа кечаётганидан бехабар, хабардор бўлса ҳам қарамасликка кўзи ўрганиб қолган эди. Адабиётнинг тубида нималар кечаётганидан иши ёк, билганлари эса олис бир хавотир билан ёшларга ҳув ўша ўз юксакликларидан беписанд назар ташлар эди. Ёстиқдай романлар, болишдай достону жилд-жилд шеърий тўпламлар республиканинг энг овлоқ бурчакларигача ҳамду саноси билан бирга етиб борар, лекин ҳеч ким кўнгил қўйиб ўқимас эди. Уларнинг анчаси арбоб-амалдор, кимсасиз долонларда (улар чиқса ходимлар ғув-в этиб ин-инига уриб кетарди) дуч келиб қолсангиз ичигизгача қалтироқ босар, қабулига ёзилиб, ҳузурига етишиш тақдирларни ўзгартириб юборар эди. Айримлари ўзини ўзбек халқининг отаси деб эълон қилишдан ҳам тап тортмас эди.

          Ғалати-ей, шундай муҳитда ҳам чин адабиёт бор эди, унинг ҳақиқат томон силжиши туб оқимларда кучайиб бораётган, мафкура шовқини тагида уни чиппакка чиқарадиган кучлар қувватланиб келаётган эди. Бу ҳозир қараганда аён кўринади, у пайтлари ҳуркак интилиш, мубҳам умид, эҳтиётли бир жасоратлар аён курашга айланаётган эди. Нафсиламрини айтганда, мафкура ҳам баландлаб кетиб, ўзига қарши интилишларга қарши курашмай ҳам қўйганди.

          Мен “Гулистон” журналига янги ишга келганман, туташ кирди-чиқди икки хонанинг оёқости жойидан битта стол теккан, шу ерда ўтириб ишлайман, ҳалиги ясама буюк тоғларнинг бари бир ўчиб кетиши ҳақидаги башорат хаёлларни шу ерда сураман, чекимга шеър қараш тушган, ҳар куни даста-дастасига жавоб ёзаман, шоир бўламан деганларнинг гуруҳ-гуруҳи билан тортишиб, баобрў журналимиз шаън-шавкатини ҳимоя қиламан. Столим олдида дермантин қопламаси минг қасам еган тошдай қаттиқ бир эски курси – камина адабиётга даъвогарларни шу курсига ўтирғизиб қабул қилади. Ўзимнинг курсим ҳам авло эмас-у, лекин буниси шундай баобрў журналнинг салобатига сира тўғри келмас, ўтирган одамнинг бору ёк обрўсини ҳам ерга тўкар  эди.

          Бир куни Миртемир домла ўз оёғи билан кириб келиб, шу курсига лоп этиб ўтириб олса! Ҳа, ўзи кириб келди, менга бир бош ирғаб, шу курсига ўтириб олди. Асқад Мухторнинг муҳташам кабинети, Ваҳоб Рўзиматовнинг ҳайҳотдек хонасига кирмай, тўғри менинг олдимга келибди. Ўрнимдан сапчиб турдиму  қайтиб ўтиришни билмай каловланиб қолавердим. Ҳа, айтганча, Миртемир мен айтган гумбур-гумбур буюклар сирасига кирмас, ўзим ўқийдиган дунё адабиёти баландликларидан  қараганда ҳам қандайдир тинч, тоғдек фарёдларни ичига ютган, тиғдек ўткир нур таратиб турадиган бир чўққи, шахс сифатида улуғ камтар эди. Унинг юксаклиги ўзи билан эди. Мана, шундай шоир: “Аҳмаджон сизми, шеъриятга сиз қарар экансиз, ҳукмингизга бир нечта шеър олиб келган эдим”, деб турибди! Ҳукмимга! Миртемирнинг шеърларини кўзга суртиб, ўқимай ҳам тушириб юборамиз, иложи бўлганда йўталганини ҳам босиб чиқарсак! Шу маънода бир нима деб ғулдирадим. “Йўқ, Аҳмаджон, мен сизга ўқиб бераман. Маъқул топсангиз, оласиз”, деди домла.

          Ва Миртемир шеър ўқишга тушди. Ўша қўсқи курсида, одам ўтиб-қайтадиган йўлакда. Унинг сал хаста, лекин тиниқ овози бор экан, овозки,  сайқал топган дард.

          Тасодифни қарангки, журнал тушиб кетгандан кейин нафас ростлаш ҳафтасими,  шу куни шу икки хонада иккаламиздан бошқа ҳеч ким ёк эди. Бари бир ҳозир биров кириб халал бериб қолмаса деб қизғаниб ўтирдим. Шоирнинг дийдорини бошқа одам билан баҳам кўргим келмади.

     Очиғи, шоир шеърларини ўқиганда қандайлигини ичимда баҳолашга ҳам ҳаддим сиғмай ўтирдим. Ўқиб бўлиб секин сўради. “Қалай? Нима дейсиз?” “Э-э, нима ҳам дейман, домла! Жуда ҳам зўр!” дедим шоша-пиша. Қўлимни чўздим: “Беринг, ҳаммасини босамиз”, дедим.

          “Йўқ, бўтам, – деди Миртемир; мени “бўтам” деганига шоирнинг яқин одами бўлиб қолгандек мамнун эдим. – Кўчириб келай, кейин оласиз”. “Йўқ, ёк. Овора бўлманг. Машинисткамиз кўчириб беради”, дедим. Миртемир қўлидаги даста қоғознинг юзини кўрсатди: “Буларни машинисткангиз кўчира олмайди-да. Фикрингизни билиш учун олиб келган эдим. Бўлди, ўзим тайёр қилиб келаман”.

          Миртемир шеърларини бижир-бижир араб имлосида ёзар экан. Университетда бир йил форс, бир йил урду тилидан дарс олган бўлсам-да, домланинг дастхатига тишим ўтмаслиги аниқ эди.

      Виждоним қийналгани ана шу ердан бошланди: домла шеърларни ҳозирги имлога ўтказиб, ўзи олиб келиб бермоқчи бўлди, мен, сиз овора бўлманг, ўзим бориб олиб келаман, деб туриб олдим, домлани кўндирмагунча қўймадим. Охири келишдик, шанба куни эрталаб домла мени уйида кутадиган бўлди.

          Шу шанба куни эрталаб ёмғир ёғди. Каминанинг шамсияси ёк, кейин шоир билан учрашувдан ҳаяжонлари босилган, устига устак, бир шоир жўрамиз ёклаб келиб қолди, икковлашиб учинчи шоир жўрамизни сўроқлаб бордик, суҳбатимизга суюқ ёнилғи қуйилди, калла қизиди-да, Миртемирникига айни шу бугун бормаса ҳам бўладигандек туюлиб қолди. Астойдил йиғласа сўқир кўздан ҳам ёш чиқади деганларидек, ёксилларнинг  чўнтагидан баракали суҳбатга етарли пул чиқиб туриб, кундузни тонгга, тонгни эртаси кунга улаб юбордик. Камбағал бўлсак ҳам кўнглимиз бой дамлар эди-да.

         Душанба куни ишга келсам, ўша яғир курсида Миртемир домла мени кутиб ўтирибди!

          “Хайрият! – деди домла саломимга алик олиб. – Жуда хавотирда келдим. Шанба кутдим, кеча йўлингизга кўзим тўрт бўлди. Борай десам, на турар манзилингизни биламан, на телефонингизни. Журнал бу кунлари ишламаса. Ёш йигит нарса, мусофир, ёлғиз турса керак, ёмғирда кўчага чиқиб, қаттиқ шамоллаб ётиб қолган бўлса-я, бирон қаровчиси ёк деган хаёлларга бордим. Қалай, бўтам, тузукмисиз? Мана, ўзингизни кўриб кўнглимнинг ҳовури босилди”,

         Нима аҳволга тушганимни тасаввур қилаверинг: Миртемирдек одамни икки кун мустар қилибман! Жуда уялдим. Минг ёмғирга қарамай борсам бўлар эди-ку. Хай, жўралар ҳар кунги жўра-да. Кейин, домланинг қўли ишга бормай, шеърларни кўчирмабди ҳам. Бугун эса фақат мени кўриб, кўнглини жойига тушириш учун келибди!

   Э-э тавба, одам ҳам шунақа одамохун бўладими! Мен Миртемирнинг шогирдлари сирасига кирмас эдим, у кишини бир-икки уюшма мажлисида узоқдан кўрган эдим, холос. Энди эса уйига бориб, бир пиёла чой ичиб келмасам шеърлар ҳам бўлмас экан!

          Бир кунни келишдик, бу гал ваъдани бузмай бордим. Миртемир оппоқ, жуда ҳам оппоқ дастурхон ёздириб кутиб ўтирган экан. Эсимда қолгани: домланинг олдида майда чорбурчак кесилган оқ қоқнон. Менинг олдимда патир. Қолгани эсимда ёк. Овқат келганда ҳам домлага тиниқ ғилак шўрва, менга сергўшт қовурдоқ. “Доим парҳездаман, менга қараманг”, деб изоҳ берди. Кейин сўради: “Бўтам, озгина нўш этасизми?”. Бир зум анграйиб турдим. Бошдан ишни пишиқ қилганимда-ку домланики табаррук деб нўшнинг ҳам чангини чиқариб юборар эдим-у, лекин ноқулай, ҳам ҳаддим сиғмади.

          Шусиз ҳам гап гапга қовушди, домла очилди ва кутмаганимда бир шеър ўқиб берди.

          Ўпириб-ўпириб Ўрмонжонга суз,

          Шопириб-шопириб Шодмонжонга суз.

          Қарама ҳеч кимнинг қош-қовоғига,

          Давринг келибди-да, ҳукмингни юргиз.

          “Домла, буни ҳам кўчириб қўйдингизми?” деб сўрадим. “Йўқ, бўтам. Буни бермайман. Тинч ўтирайлик, Ҳали булар от устида”, деб шоир синиқ жилмайди.

       Шу, узр, учинчи сатрни мен шундай эслайман, сал бошқачароқдек эди шекилли, лекин тўртликнинг тагмаъноси битта – адолатсизлик эди. Сиртқи маъноси уюшмадаги бир ғирромликка ишора: домла кўп қатори лениниана пойгасига қўшилиб, “Ленин ҳақида достон” деган бақувват асар яратган. Асарнинг шов-шуви ҳам салобатли эди. Шу достон ўзбек адабиётидан ленинианага муносиб ҳисса сифатида Бутуниттифоқ Ленин мукофотига қўйилган ё қўйилмоқчи бўлган, ишқилиб, шу гап чиққан. Уюшма устунлари – ўзбек адабиётининг ўша вақтдаги оталари қараса, шундай юксак мукофот олдин ижтимоий хавфли ёт унсур, ҳозир ҳам минбарларда шиддати ёк озғин бир бобойга кетиб қоляпти.   Бу ёқда шўрога хизмат қилиб қўйган, унинг мўътабар курсиларида ўтириб шеъриятни ўтирғизиб-турғизаётганлар бор! Миртемирга Ҳамза мукофоти ҳам бўлаверади, бу ҳам катта ҳиммат, жон десин! Ленин мукофотига мана ўзи гирдиғум, жингалаксоч калласи ҳам хумдай шоиримиз бор, унинг Мирзачўлга оби ҳаёт боришига салламно достони ҳар жиҳатдан тўғри келади.  Хулласи, Миртемир четга сурилиб, шу шоири калоннинг достони Ленин мукофотига қўйилган, кейин бари бир ололмаган.

          Бу гаплар энди чет-чопда туриб эшитиб қолганларимиз. Бунақа мукофотлар биз ёшларга тушимизда ҳам тегмаслигини билганимиз учун  ўнгимизда ҳам қизиқмас эдик. Кейинроқ умумга теккан обрўмандлик касали бизга ҳам тегмай қолмади, лекин энди навбатимиз келганда бу Иттифоқ дегани орден-медал, мукофоту унвонлари билан гирдибодга ютилиб кетди, биз эса кўра олмаган яхши кунларимизни ҳам сўкиб қолавердик.

          Лекин қизиқ ўйин, туяқуш сиёсатидек кети очиқ ва бешарм эди обрў талашиш ҳам. Миртемир домла кўнгли ранжиганини бировга достон қиладиган одам эмас эди. Миртемир ўша кўп буюклар орзу қилиб эриша олмаган жуда улкан мукофот соҳиби: унинг ўланлари авжида даштлар гул очиб, замон уйғониб, дунё-дунё гашт билан олам тўлғониб ётар, яъни унинг каъбаси, эзгу эҳроми шеърияти, оғу ҳам бол тўла бебаҳо жомига шайдолар сон мингта эди, шу боис ранжиганини кичкина бир лутф қилиб қўйган, холос.

          Бугун Ленин мукофоти ҳам, ундан ҳам каттаси – Социалистик Меҳнат Қаҳрамони ҳам шуларнинг нимасига учганлар деб ёшларга эриш туюлар. Э-э, бу унвону мукофотларнинг орқасида талай имтиёзлар бор эди-да. Миртемир домла ҳам қариган хаста ҳолимга кунимга ярайди, бу шўронинг азобини кўрдим, озгина роҳатини ҳам кўрай-да, деб ўйлаган бўлиши мумкиндир.  Шўро даври бутун қатағонларию меҳнат жабҳасидаги ғалабалари, қатор-қатор орден-медаллари, қаҳрамонлик унвонлари билан тарих саҳифасини тарк этди, уни куйлаган не-не ордену унвон соҳиблари ҳам тўрдан тушиб қолди. Қизиқ, шуларни кўрган бизга ҳам бу мантиқсиз дамлар бўлмагандек туюлади.

          Миртемир ҳақида ёзилган биографияларда ҳаётининг каттагина бир даври бўлмагандек, ёкми – ёк, вассалом! Йўқни кавлаб нима қиласиз. Мана, унинг расман таржимаи ҳоли: “Миртемир (Турсунов Миртемир) 1910 йил 30 майда Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1971). Эски мактабда таълим олгач (1919—20), Тошкентга келиб, Алмаий номидаги намуна иш мактаби (1920—23) ва Ўзбек эрлар билим юртида таҳсил кўрган (1925— 29). Илк шеърлар тўплами — «Шуълалар қўйнида» (1928) миллий ўзбек шеърияти учун янги жанр — сочма (насрий шеър) жанрида ёзилган. «Зафар» (1929), «Қайнашларим» ва «Бонг» (1932) шеърий тўпламлари муаллифи. «Барот» (1930), «Хидир» (1932), «Дилкушо», «Сув қизи» (1937), «Ойсанамнинг тўйида» (1938), «Кўзи» (1939) каби достонлар ёзган. «Қорақалпоқ дафтари» (1957) туркумидан ўрин олган «Сурат» лирик қиссаси эса 60—70-йилларда ўзбек шеъриятида достон жанрига эътиборнинг кучайиши ва лирик достон жанрининг камол топишига катта таъсир кўрсатган. А. С. Пушкиннинг шеърларини, Н. А. Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди», Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини ҳамда қирғиз халқ эпоси «Манас»ни ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти (1979), Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофоти (1977) лауреати. 1978 йил 25 январда Тошкентда вафот этган. «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби (2002).”

          Бошда ҳар йили, кейин икки-уч йилда биттадан тўплам чиқариб турган шоир 1939 йилги ”Кўзи” тўпламидан кейин тўсатдан сукутга кетган-да, 1957 йилига келиб пайдо бўлган  ва “Қорақапоқ дафтари” чиқарган. Орадаги ўн саккиз йил қаёққа кетди? Бу ўн саккиз йил шоир яшамаганми? Ёзмаганми? Каъбаси шеъриятни ташлаб, фақат ўлан эшитгани Иқонига кетиб қолдимикан? Ўзи ҳам айтади-ку:

         

          Ғўза ҳам экканман, жувари, кунжут,

          Қўлимда рақс этур тешаю ранда,

          Йўл ҳам, қўналға ҳам мўл бу Ватанда,

          Камчил ҳам бўлганман, тўқ, қувноқ ва бут…

 

          Чувак ҳам тикканман, мол ҳам боққанман,

          Кудуқ ҳам қазганман нақ ўн бир қулоч,

          Зилол сувларида ювишарди соч,

          Не-не қиз сочига лола таққанман.

         

          Тақдиримга ҳеч ҳам ўпка қилмайман,

          Қўлимдан келмайди деган пеша кам.

          Баъзан кўзларимда томчи-томчи нам.

          Ҳануз шеър ёзишни билмайман…

 

          Бу шеър замирида ҳамма ғамни ҳам валломатлик қилиб кўтариб кетган одамнинг ҳаётдан гинаси бор, гўё меҳнат қувончи, гўё қишлоқнинг оҳорли манзаралари, лекин туби аччиқ. “Чувак тикиши, мол боқиши, айниқса не-не қизларнинг сочига лола тақиши ва… “баъзан кўзларимда томчи-томчи нам, ҳануз шеър ёзишни билмайман” Миртемирнинг таржимаи ҳолида айтилмайдиган манзилларига ишора беради, шоирона томчи-томчи кўзёш ташбеҳлари тагидан қон-ҳасрат синғиб туради. Миртемир бу ишларни қилмаган, балки тубсиз қудуқ тагида осмон ёруғлигига қараб орзулаган. Қатағон қилиниб, шу кичкина-ихчам жуссаси билан Москва -Волга каналини қазишга этап қилинган кезлари соғинган қишлоғи,  чувак ҳам тикиш, мол ҳам боқиш, ўн бир қулоч қудуқ қазиш ўша аристонниг орзулари бўлган, айниқса қизларнинг зилол сувларда ювилган сочига лолалар  тақиши зиндонбанднинг кўнглидаги эркинлик орзулари, юраги қонаб турган одамнинг зўрдан жилмайиши. Жилмаймаганига қўймас ҳам эди. Миртемир қайси бемаъни айб билан қамалган бўлмасин, айб топиш, жиноий гуруҳга тиркашдан осон иш ёк, қатағон тегирмонидан жисми тирик қайтди, унга кейин ҳам кун беришмади, унинг шеърлари нечоғли шўх-шодон, қочиримларга бой, чиройли пардали бўлмасин, бари бир дарддан, очиқ айтиб бўлмайдиган дардлардан яратилган эди. Қатағонда отилганлар отилиб, ўлганлар ўлиб кетди, лекин тирик қайтганларнинг оғзи муҳрланган, дардини фақат ўзига айтар эди. Овозини чиқармай. Миртемир юрак ютиб айтган бу содда сатрлар бекорга юракларни зирқиратмайди:

 

          Мажнунтол тагига ўтказинг мени,

          Бошқалар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

       Мукофот… минг мукофот айлансин раҳматлининг бошидан! Бу гапни очганим ҳам бир тўртликнинг шарҳи эди.

 

      Ўзимнинг пушаймонларим бор: шу бир-икки учрашувда яқин бўлгандек бўлдик, Миртемир юрагини очиб гапирди. Ҳозирлари ўзимдан хафа бўлиб кетаман: домлани гапга солиб, бошидан нималар ўтганини бир-бир ёзиб олмайманми!  Шу тўртликни ўқиш билан катта кўнгил китоби очилай деган эди-ку! Мен нодон дунё адабиётига шайдоман деб ёнимдан ўтиб кетаётган озурда дунёни кўрмаганман. Бу дунё икки йилдан кейин қайтиш бўлди, ўзи билан қатағоннинг айтиш таъқиқ ҳасратларини олиб кетди, бизга фақат ишоралари қолди.

 

Аҳмад АЪЗАМ

2013й.

 

Leave a Reply