Skip to main content

Аҳмад Аъзам – ёзувчи, «Ўзбектелефильм» студияси бош директори билан суҳбат
«Маърифат» газетаси меҳмонхонаси (2005 йил)

1.Сизга дастлабки сабоқни ким берган? Биринчи устозингизни эслаб ўтсангиз.
А.А.: Аслида ҳар бир одамнинг устози аввало ота-она. Фарзанд -нусхаси ота-онадан олинган бир китоб, фақат табиат кейинги муҳитга қараб ул-бул таҳрир киритади, такомиллаштиради. Илм ҳарфини ўргатган устозларга келсак, улар болани тараққиётга ўргатади, равнақ дарсини беради. Билмадим, кимга қандай, лекин мени нуқул яхши ўқитувчилар ўқитгандек. Мактабда пайтларим мен ҳам уларнинг ҳаммасини бирдек яхши кўрардим, десам, албатта ёлғон, чунки ҳамма қатори ўйинқароқ эдим, бирови қулоғимдан чўзган, бошқаси бурчакка турғизиб қўйган, масалан, директоримиз рўза оқшоми одамларнинг дарвозаси олдида рамазон айтганимиз учун шерик жўраларимни қўйиб, мени катта танаффусда, линейкада сафнинг олдига чиқариб, «Эшоннинг ўғли гадойчилик қилди», деб бутун мактабга сазойи ҳам қилган, ўша пайтлари бунақа жазолар табиийки, адолатсизлик туюлган, лекин ҳозир бирорта ҳам  ўқитувчимни оғриниб эсламайман. Улар мени кўплашиб аяб-тергаб, шу бола синиб қолмасин деб, авайлаб ўқитганга ўхшайди. Бошланғич тўрт синф дарсини берган Хатира опамизнинг татар шеваси сал-пал билинадиган овози ҳали ҳам қулоғимда. Ҳатто танбеҳ берганда ҳам боланинг кўнглини синдирмайдиган меҳрибон кампир эди. «Сен ўзинг яхши боласан-ку, бу иш сенга ярашмайди, хўпми», деса, чиндан ҳам яхши бола бўлишга интилар эдик. Умуман, одамнинг кимлиги унга кимнинг нимани ўқитганига жуда боғлиқ. Ўқитувчи берган сабоқнинг таъсири фақат мактабда пайтимизда эмас, бутун умр бўйи билиниб туради. Чунки шахсиятнинг асосида дунёни тушуниш, тушунчалар орасида ўзиникини – ўзлигини англаш, яъни билим ётади. Олган билимимизнинг сифати – навбатимиздан кейингиларга берадиганимиз мавқе-даражаси аввалбошда кимларнинг қўлида шахсият таҳсилини олганимизга жуда-жуда боғлиқ. Мактаб – жамоада яшаш, ижтимоий жамият тарбиясини беради, бунда, табиийки, ўқитувчи – энг асосий куч.

2. Мактабда қандай ўқувчи бўлгансиз?
А.А.: Учинчи синфгача нима ўқиганимни билмайман, шунга қараганда, ёмон ўқиган бўлсам керак. Кейин, эсимда ёк, ўзим кирдимми, ё уйда китоб ўқиш вазифа қилиб берилганмиди, кутубхонадан битта китоб олдим. Лекин уйда ўқиб чиқиб, топширишга келганимда Нафиса опа деган кутубхоначимизнинг: «Қани, китобда нима бўлган экан», деб сўраб қолгани, шу ердаги уч-тўртта каттароқ синф болалари олдида ўқиганимни гапириб берганим  аниқ эсимда.  Нафиса опа унча ишонмай, китобни қўлимга тутқазиб, «Овозингни чиқариб ўқи-чи», деди, мен ўқиб бердим, шунда опа ҳалиги болаларга қараб: «Э-э, кўрдингизми, худди радиодан гапиргандай ўқиди, сизлар эса ҳали ҳам ҳарф уриштириб юрибсизлар», деди. Кўнглим тоғдек кўтарилди. Шу мақтов сабабми, доим китоб ўқийдиган бўлдим. Кўкламда Хатира опамиз «Нафиса айтди, Аҳмад қиш бўйи қирқта китоб ўқибди», деб мени бутун синфга ўрнак кўрсатди. Шу-шу, кутубхоначи опамизнинг илиқ гапи, ўқитувчимизнинг далдаси сабаб бадиий китоб мутолааси мен учун катта мартабага айланди, кўп ўқиш ўз-ўзидан пешқадам ўқувчилар сафига қаторига чиқариб қўйди. Ҳар қалай, ўқитувчиларимизнинг фидойилигидан бўлса керак, мактабимизда кимўзарга яхши ўқиш урф эди, шундандирки, Fазира деган чоғроқ қишлоғимизнинг ўзидан, адашмасам,  беш фан доктори, қирқдан ошиқ фан номзоди етишиб чиққан. Раҳбарлик ва бошқа касбларда илғорларнинг эса саноғи ёк…

3. Сизлар мактабда ўқиган даврларда дарсликлар, дарслар – ҳаммасида шўро мафкураси таъсирида бўлган, шу ҳақдаги фикрингиз…
А.А.: Нафақат таъсирида, балки ўша мафкуранинг ҳукми босими остида ўқиганмиз. Қишлоқ жой, «бола боғча» нималигини билмай, пахтанинг ичидан эмаклаб мактабга ўтганмиз, биринчи сабоғимиз шўро қўрғони юлдузлари, доҳий бобога бағишланган ва албатта, синфдан синфга кўчганимиз сари билиб-билмай «сиёсий тақаланиб» бораверганмиз. Лекин, айни пайтда ҳар хил китоб ўқиб, фикрлашга ўрганиб, мушоҳада юритганимиз сайин, ҳар куни пешанамизга уриладиган яккаҳоким мафкура мактаб пештоқида офтобда унниқиб кетган алвон шиорга айланиб, таъсирини ёкотиб бораверган. Ақлли ўқувчи «Менинг икки онам бор», деб «беш» олиш учун шеър ёдлагани билан, онаси битталигини ёдидан чиқармаган, доҳий ҳайкалчаси олдида қизил галстук тақиб навбатчи турган пайти, нимадан ясалган ўзи деб, уни чертиб-чертиб ҳам кўрган. Айтсак-айтибмиз-да, турса-турибди-да деган мазмунда.  «Ёлғонга ё ялқов ишонар, ё – анқов» деганларидек «активисту активистка»лар ҳам бўларди, асосий кўпчилик эса ўзини эргашган кўрсатиб, аслида ўз билганидан қолмас эди. Бошқача айтганда, ёлғонга асосланган мафкура табиий равишда ўзига ёлғон муносабатни ҳам яратган, лекин шу билан бирга, «Ҳа-е, сеники жуфт десак, асакамиз кетибдими», деган зайлда одамларнинг руҳиятида ичи сиртига тескари бир лоқайдликни пайдо қилган эди. Инсон ўзи, ўзлиги, ватани, миллати учун нафақат курашишни, балки шу ҳақда ўйлашни бефойда, беҳуда билиб қолган, ўйлаганига ўзи ҳам ишонмас эди. Бу жуда катта ижтимоий иллат эди, шунинг учун ҳам мустақиллигимизнинг илк йиллари анча таҳликали кечди. Ижтимоий ҳаётга бепарволик тарк этмаган кўнгиллар ҳали борки, шундайлар ёнида кечаётган воқеаларга ҳануз бепарво қарайдилар.

4. Лекин, айтяпсиз-ку, битта қишлоқдан шунча олим етишиб чиққан деб?
А.А.: Яккаҳоким мафкура энг аввало авомни оломонлаштиради, оломоннинг кучи, оломончилик билан афкор оммани итоатга келтиради, лекин халқни буткул қул қила олмайди, ҳар қандай шароитда ҳам фикри тушовларга тушмайдиган одамлар бўлади, булар зиёлилар. Фикрни бемажол этиш мумкин, лекин ўлдириб бўлмайди,  фашизм ё коммунизм каби тоталитар мафкура машиналари миллионларни қатағон қилгани билан доим янгидан кўтарилган зиёлилар қатламларига дуч келаверганини тарихдан биласиз. Устидан такрор-такрор ётқизиладиган асфальтни ҳар йили қайта-қайта ёриб чиқадиган чайир гиёҳлар – шўро даврида етишган нафақат ҳақиқий олимларга, балки ўша даврларда ичда бўлса-да, фикрлашдан тўхтаб қолмаган инсонларга ҳам бир тимсол! Бунинг бир кўриниши – илмга интилиш. Шунча зулумотга, режали қирғинларга қарамай, миллатнинг миллатлиги, халқнинг халқлиги сақланиб, эркка чиққанимиздан кейин қайта гуркираганимизни ҳам, менингча, тафаккурнинг ўқ илдизлари шундай сақланиб қолгани билан изоҳлаш мумкин. Яна ҳам олимлар яхшироқ билар, қишлоғимизда беш юз йил авваллар Мовароуннаҳр пири бўлган Ҳазрат Азизон Шайх Худойдоди Валийнинг қадамжоси бор, у зотнинг улкан уламо, тариқат пешвоси, катта шоир экани шу етти-саккиз йил ичида маълум бўлди, шўро пайти «Валибобо» деган отларию хароба марқади, ўғит омборига айланган бир хонақоҳидан бошқа ҳеч бир нарса маълум эмас, лекин гапирганда, зиёратга келганда жуда катта ҳайбати бор эди, кўнгилларга бир маҳобат солар эди. «Самария» китобида шу табаррук зотнинг қабридан нур чиқиб туриши айтилган, балки қишлоғимиздан олим кўплиги шундай буюк аждодимизнинг ибрат намунасидан келаётгандир. Яна ҳам билмадим, юртимизнинг ўзи шундай нурли, улуғлари ҳам жуда кўп ўтган.

5. Шўро даври адабиётини ҳам шундай айтиш мумкинми, ҳар ҳолда юзлаб китоблар юз минглаб нусхаларда босилган…
А.А.: Бу ҳақда биламан – гапираман дейишга фикрим ожизлик қилади, чунки ниҳоятда мураккаб муаммо. Шўро адабиёти деганимиз фикрни қантариб қўйган,  ипакдан ҳам майин,  лекин пўлатсимдан ҳам пишиқ кўринмас иплардан чийратма тўқилган тузоқ, бадиий мушоҳадани узун арқонлагандир, аммо албатта калта тушовлаб олган эди. У қўрқинчли маҳобати билан бирга мудҳиш бир гўзаллиги билан ҳам кўнгилларни ром этарди. Ўша юз минглаб нусхада босилган китобларни ўқиган миллионлаб китобхон тутқунлик сеҳрига берилган. Бу ўзи жуда ҳам ғалати ҳолат, аломат бир оммавий кайфият эдики, ҳали унинг сир-асрорлари тўлиғича тадқиқ этилганича ёк ҳам. Аммо масаланинг бошқа томони бор: тутқунликда тафаккур оқими секинлаши, тубга тушиб кетиши, ҳаттоки, таназзулга учраши ҳам мумкиндир, аммо эркинликка чиқиши ҳамоно ўзини ўзи тозалайди, ўзини даволайди, фаолиятдаги тафаккур – ҳамиша ҳам яратувчиликка қараб кетади. Мана, қаранг, ҳозир ўша пайтлари ўқиганларимиздан нима таъсир қолди? Ул-бул хотиралар, холос. Корчагиннинг инсоний матонатини ҳурмат қилиш мумкиндир, лекин унинг большевистик тузумга садоқатини эмас. Ҳар қалай, Павел Власовдек бўлишни орзу қиладиганларнинг замони ўтиб кетди. Энди эркинлик бизга келажакнинг бошқа талабларини  қўймоқда.

7. Телевидениенинг жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
А.А.: Телевидениедан айрича, уни кўрмай яшаш бошқача бир қаҳрамонлик бўлиб қолди. Саҳар туриб, ҳали уйқунгиз очилмай ТВни очасиз – дунё уйингизга кириб келади. Ўтган асрнинг бошида Ленин «Санъатлар ичида энг муҳими – кино» деган, лекин бу гапнинг замони ўтиб кетган, чунки у пайтлари ТВ кашф этилмаган, кино – «ҳаракатли фотография»ни бир вақтнинг ўзида бир неча юз одам кўриши мумкин бўлгани учун энг муҳим ҳисобланган. Ҳозирга келиб ҳамма санъат ТВнинг ўзида, энг қамровли, энг кучли, энг таъсирчан, хуллас, энг, энг… ТВнинг ўзи бўлиб қолди. Унинг чегараси ҳам ёк ҳисоби. Мана, масалан, мамлакатимиз ахборот майдонида мингдан ортиқ телеканални тутиш мумкин. Бу эса эса янги муаммоларни келтириб чиқармоқда: ахборот майдонимиз қанча очиқ ва эркин бўлса, ўз телевидениемизни шунча кўтариш. яъни ўз майдонимизга ўзимиз эгалик қилишимиз, ТВда ҳам ўзлигимизни устивор даражада тутиб туришимиз керак бўлаётир. Бунда ТВнинг оммабоп-кўнгилочар дастурлари, хилма-хил шоулари ва айниқса бадиий телевизион фильмлари асосий аҳамиятга эга бўлади. Телекўрсатувлар тил билан боғлиқ, бошқа тилдаги дастурларни тушунмаган одам кўрмайди, уларни таржима этиш ҳам урф эмас, аммо ҳорижнинг бадиий, телевизион фильмлари, айниқса телесериаллари такаллуф билмайди, реклама ва бошқа, хусусан мафкура манфаатлар борки, сўрамай кириб келаверади, чала-чулпа, ювуқсиз таржималар билан. Бугун бизнинг ўз телевизион фильмларимиз бор, аммо кам, миллий телесериал масаласи ҳали-ҳануз долзарб. «Ўзбекистон» телеканалида тўққиз йил олдин бирданига учта: эллик қисмли «Кўнгил кўчалари», олтмиш қисмли «Чархпалак», юз-юз эллик қисмли «Муҳаббат можароси» телесериалларини режалаштирган эдик, шундан «Кўнгил кўчалари»  сценарийсини раҳматли Машраб Бобоев ёзди, эллик икки қисм бўлиб, ўша пайтлари, янглишмасам, МДҲ давлатлари орасида биринчи катта телесериал бўлиб, эфирга узатилди, «Чархпалак»нинг сценарийси, ўн иккими, ўн учми қисмга келганда тўхтаб қолди, борича «Ўзбектелефильм»да суратга олинди, учинчисининг  дастлабки қисмлари сценарийси ёзилдию у-бу сабаблар билан силжимай қолаверди. Кейин ҳам икки, тўрт, олти, ўн қисмли бадиий видеофильмлар ҳам яратилди, аммо эфир учун катта миллий телесериал яратиш муаммоси кўндаланглигича турибди. Шу кунларда «Ўзбектелефильм»да янги телеасарнинг йигирма қисми устида иш бошландики, шояд шу ҳаракат катта сериални рўёбга чиқаришда бир поғона бўлса. Айтмоқчиманки, ТВнинг ҳаётимиздаги ўрни беқиёс, лекин бу экраннинг бадиий бойлигининг катта салмоғи ўзимизники бўлиши керак, телетомошабинларимиз телесериалларда ҳам ўз ҳаётларини кўришни истайдилар. Яна бир жиҳати – бугунги кунда ТВнинг ҳаётимизда тарбиячилик ўрни ҳам бор, шундоқ экан ибрат намуналари ҳам ўзимиздан бўлиши жоиз.

7.Ижодкор учун раҳбарлик лавозими оғир эмасми?
А.А.: Агар ижодингиз билан раҳбарлик ишингиз битта соҳа бўлса, дейлик, ёзувчи ё шоир бадиий журнални, журналист газета таҳририятини бошқарса, жамоаси унча катта бўлмаса, балки оғирлик қилмас. Лекин  ТВда эмас. Бу оҳанрабоси шунча кучли, югур-югур,  ташвиши шунча кўп, шундай ютиб юборадиган ишки, қочиб-писиб, ҳикоя-пикоя ёзарсиз, лекин романингизни ўйлаган пайтда сира ёза олмайсиз, ёзсангиз ҳам ёза олмаётганингиз билиниб туради. кўнгилдагидек чиқмайди. Умуман, ёзувчи одам ўзини алдамай, ё раҳбарликни, ё ижодни танлаши керак, ёк эса, иккаласи ҳам чала қолади. Энди ижод масаласида у-бу баҳона билан ёзмай юришингиз мумкиндир, лекин раҳбарликда бунақа баҳоналарни ишлата олмайсиз, чунки сизга тўрт томондан қараб турадиларки, раҳбарликнинг «ижоди»ни қилишдан ўзга чорангиз қолмайди. Айтиш керакки, бу «ижод»нинг ҳам жозибаси бор, агар шу юкнинг битта ўзини кўтариб, берилиб ишласангиз. Ижодкор-раҳбар дўстларимнинг изҳори дилларини айтсам, ҳаммаси ҳам ишларининг оғир ёки енгиллигидан қатъий назар, «Эҳ-ҳ, қани эди вақтинг бемалол бўлса-да, ёзсанг, ёзаверсанг!», деб орзу қиладилар. Ўзингиз хулоса чиқараверинг.

9. Фарзандларингиз ҳам сизнинг йўлингизни танлайдими?
А.А.: Агар, дейлик, ижодкор фарзандининг ижодкор бўлиб йўлини  давом эттиришини назарда тутсак, мен бу шарт эмас, ҳатто  муайян бир маънода нотўғри ҳам деб ўйлайман. Зўр ёзувчининг боласи отасидан ҳам зўр ёзувчи бўлиши камёб ҳодиса. Рассом ҳақида ҳам, композитор ҳақида ҳам, умуман истеъдод талаб этадиган соҳа эгалари ҳақида шу гапни айтиш мумкин. Дунёга машҳур қайси адиб ё шоирни олманг, уларнинг ота-онасининг бу касбга алоқаси жуда кам. Табиат фарзандда ота-онани муайян касб бўйича эмас, феъл-атвори, интилувчанлиги, иродаси, умуман тийнати маъносида такрорлайди. Касб ўргатилади, ўрганилади. Ота-она йўли деганда мен кўпроқ оила муҳити анъаналарини, ахлоқ-одоб тарбияси, муомала маданияти қаторида, масалан, ўқишга, илм олишга, умуман маърифатга интилишни назарда тутаман. Шу маънода худога шукр қиламан, болаларим лицейда ўқиди, ўғлим Англиядаги университетни, қизим ўзимизнинг Иқтисодиёт университетимизни битирди, шу маънода йўлимизни давом эттирдилар дейман, энди у-бу нарса ёзиш-чизишларига келсак, бу – ихтиёрнинг иши, тақдирида бўлса, вақти-соати келиб, таъқиқлашингизга ҳам қарамайди, ёк эса даҳога шогирд қилиб қўйсангиз ҳам бефойда. Илм олишдан эринмаса, зиёга интилса бас, яхши фарзанд тутадиган йўл шу ўзи.

9. Ўқитувчиларга тилакларингиз…
А.А.: Ўтган йили менга «Халқ маорифи аълочиси» деган нишон берилди. Таъсирландим, албатта «Ўзбекистон» телеканалида маориф муаммоларини ёритиб борадиган ходимларнинг меҳнати учун мени тақдирладилар, лекин университет амалиётларини айтмаса, бир кун ҳам мактабда дарс бермаганим учун ўз вақтида шундай нишон ололмай қолган ўқитувчимнинг ўрнига олгандек бўлдим. Қишлоқ ўқитувчиси уй-жойи, тагидаги машинаси ё обрўси билан мақтанмайди, ҳозир шаҳарда яшаётган ё катта раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ўқувчилари билан фахрланади, шуларни гапирганда кўзлари қувончга тўлади, худди уларнинг ўрнида ўзи ўтиргандек, ҳаммасининг обрў-мартабаси ўзига берилгандек. Устозлик сурури ҳам шу ўзи. Она қишлоғи, ота маҳалласини тарк этиб қайси-қайси мартабаларга кўтарилган кимки бор,  ҳаммаси ўқитувчининг ана шу суруридан ўсиб чиққан. Шу сурур ҳеч қачон сўнмасин! Чунки ҳамма буюклик ўқитувчининг камтарлигидан…

Шерзод  Аҳмадов суҳбатлашди
2005 йил

Leave a Reply