Skip to main content

(“Ёшлик” журналининг бир саволига жавоб)

IMG_0471

 Алишер Назар:Назаримда одамиятнинг онгли ҳаёти бошланган кундан ер юзида курашлар даври бошланди. Яратган зот улуғ Китобида дарж этганидек, уларни бир-бирларини танишлари ва дўст тутишлари учун халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйгандан бошлаб эса бу курашларнинг кўлами кенгая бошлади. Асрлар келди… бутун бошли миллатлар ер юзидан супириб ташланди. Айримлари миллат сифатидаги қиёфасини ёкотиб қўйди.  Баъзилари таланди, ўлдирилди, қул қилинди. Аммо кураш шу билан тўхтагани ёк. У шаклан бўлмаса-да, моҳиятан давом этмоқда ва инсон табиатидан келиб чиқсак, бундан кейин ҳам давом этажак. 

Эндиликда бу курашнинг тактик усуллари ўзгарди. Ғанимлар билвосита инсонлар қалбига, онгига ҳужумга ўтдилар. Ҳозирда турли маданиятлар ўртасида кураш авжига чиқди. Дунё аҳлининг бир бўлаги сифатида биз ҳам бу талотўплардан четда турганимиз ёк. Душманлар минг йиллар давомида шаклланиб келган, энг асосийси, имон ва ислом булоғидан сув ичиб камолга етган миллий маданиятимизни ёк қилиб, ўрнига ўзларининг маслаклари сингдирилган маданиятини жорий қилишга уринмоқдалар. Бу иш учун жуда катта маблағлар ажратилмоқда, сармоялар тикилмоқда, ўқув муассасалари ташкил этилмоқда. Миллионлаб тиражда китоблар, газета ва журналлар нашр этилмоқда. Бу ҳам камлик қилганидек эшикма-эшик юрадиган миссионерларни тарбиялашдан ҳам эринмаяптилар.

Бу жараёнда инсон қалбини турли мафкуравий бўронлардан омон сақлашнинг ягона йўли бор. У ҳам бўлса инсон онгида маънавий- ахлоқий қадриятларни шакллантиришдан иборат. Адабиёт яралганидан буён унинг бирламчи вазифаси инсон қалбини тарбиялаш экани ҳақида жуда кўп гапирилган. Айтинг-чи, замонавий ўзбек адабиёти бугунги глобаллашув даврида зиммасидаги масъулиятни кўнгилдагидек адо эта оляптими? Сўнгги пайтларда “мустақиллик даври адабиёти” деган атама пайдо бўлди. Бу атаманинг пайдо бўлишига қандай асосларимиз бор? Мустақиллик даври адабиёти кечаги адабиётдан нимаси билан фарқ қилади?

Аҳмад Аъзам: – Мустақиллик даври адабиёти деб мен фақат вақт, давр нуқтаи назаридан ажратаман. Адабиёт оқаётган бир дарё, у ери ё бу еридан чизиқ тортиб, буниси бу ёққа, униси у ёққа, деб айириб бўлмайди. Энди, табиий, унинг усти сокин, туби теран жойлари бор, баъзи жойларида саёзликка чиқиб шағиллаб қолади. Шағиллаб бўлдик! Менингча, умидим ҳам шу, дарёмизнинг теранлиги айни бошланаётган палладамиз.

Ана шу оқаётган дарё лабида ўтириб ўйласангиз, ўй сизни ҳар ёқларга тортиб, ҳушёрлантиради. Биринчиси: миллат – тафаккури билан миллат, тафаккур эса тил билан.  Миллат ўзини тафаккур билан кўтаради, тафаккур билан ривожланади ва айни шу тафаккур билан ўзини ҳимоялай олади. Ўзлигининг қўрғони – тафаккур. Айни шу қўрғонни миллатнинг афкор қисми қўриқлаши, ҳимоялаши ҳам керак. Ёт таъсир, ёт оқим, ёт ақида, ҳаттоки дунёнинг ёт қонунларидан ҳам. Бу шунчаки сиёсатнинг зарурати эмас, миллатнинг  яшаб қолиш, бузилмаслиги ва шу глобал гирдобга ютилиб кетмаслик шарти. Дейлик, дунёдаги барча динлар, барча илмлар қарши бўлгани ҳолда инсон табиатига зид, башар зотига мамну бир жинсли маҳлуқ қонунини яна шу инсон ҳақ-ҳуқуқлари тенглиги бандлари билан паналаб, бугунги кунда ўн тўртинчи мамлакат парламентида қабул қилди. Ўша мамлакатлар аҳолиси кўпчилиги қаршилигига қарамай, демократияда озчиликнинг фикри ҳурмат қилиниши керак деб. Биз учун бу гапни айтиш ҳам ҳазар! Ўша томонларда ҳали бунақа мамлакатлар сони кенгаяди, чунки ОАВ тинмай жаврайди, ТВ ҳар куни ўнлаб марта кўрсатади, тарафу бетарафларни тортиштириб, шу билан ҳам тарғиб қилади, ана шу биз отини тутишга ҳам ҳазар қиладиган табиат, инсонга зид ҳайвоний нарсаларнинг ҳаммаси сўз эркинлиги байроғи остида қилинади, оқибатда  шу сарамас билан оғриганлар сони кўпая боради, улар тинмай намойиш қилади, тўполон чиқаради, кўчадан турган машиналаргача ёқади, уларнинг сарамаслик талабларига буйсунмайман деган номзод, ҳар бир овоз ҳисобда бор, сайловдан ўтолмай қолади. Худо сақласин бизни бунақа тенгликдан! Бизга гоҳ табиий оқим билан, гоҳ эса бу оқимларни тагимиздан зимдан оқизаётган ҳар хил лойиҳаю жамғарма, кўрик-танлову шафқат ташкилотлари (булар юзлаб, минглаб), эътиқодсизлик, фаҳш, очиқ шаҳват, беиболик, динсизлик каби талай-талай “таълимот”ни ошкора ҳам, яширин ҳам киритиб ётибди. Миллий руҳ, миллият тубдан емириляпти бунинг оқибатида. Ғанимларимизга ҳам инсоф берсин деб, ўзимизни фақат худога ташлаб, оғзимизни очиб ўтираверсак, ўша ёқдан келган чиркинлик оғзимизга ҳам кириб кетади. Шусиз ҳам кўп нарсаларнинг сопини ўзимиздан чиқаришяпти, билиб-билмай эргашиб кетадиганларни топаётирлар, сийлиқлар билан сийлаётирлар. Бу иркит нарсалар чексиз-чегарасиз ахборот технологияси шарофати билан ҳар куни. ҳар соатда уйимизда меҳмон. Бугун телевизорга қараганда нафратимизни келтираётган ёт исқот беш-ўн йилдан кейин эшигимиздан сўрамай ўзи кириб турган бўлади. Агар ўзимизни  асрашни, дунёнинг яхшиси билан ёмонини фарқлашни ўрганмасак. Нима демоқчилигим тушунарлидир. Бу – нечадан бир мисол, холос. Мен ўзимни жуда демократ ҳисоблайман, лекин демократиянинг чиройли пардасини кўтариб, қани бунинг орқасида нималар бекиниб ётибди деб қарайман ҳам. Қонуну ҳуқуқларни юзига чаплаб гўзал нозанин бўлиб олган ялмоғиз чилтон кампир шу ёқда эмасми деган шубҳага бораман. Бўянган нозанин ялмоғизнинг човут солишидан хавфсирайман доим.

Нуқул ўзбеклигимизга фахрия ўқийвермай, ҳақиқатда ўзимизни ўзбек деб билишимиз ва бундан ғурурланиб иш кўришимиз шарт!  

Тафаккур ўзлигимиз қўрғоними, о-о, унинг деворлари қандай баланд қурилган, қандай кунгураю миноралари бор, ота-боболаримиз ғайратига балли,  деб салламно айтавермай, нураётган, тўкилиб бораётган жойларини тузатиб ҳам туришимиз керак. Глобаллашув – маънавиятга интервенция. Биргина бизда эмас, бутун дунёда, ҳатото ўзини энг ривожланган ҳисоблайдиган мамлакатлар ҳам унинг истилосида. Замон шамоли гоҳ илиқ, гоҳ аччиқ, лекин муқаррар эсяпти. Шамол тоғларни ҳам қум қилган. Шуни унутмайлик. Оддий ҳақиқатлар эсимизда турсин: келажагини ўйламаган миллатнинг бугуни ёк, у фақат ўтмиш мозорларини улуғлаш билан қолиб кетади.  

Кўп асрлар таназзулда, кейин юз йилдан ортиқ мустамлакада яшаганимиз учун ўтмиш ва бугунимиз Шарқдан ҳам, иқтисодиёт, технологияда илгарилаб кетган Ғарбдан ҳам ўзимизни паст оламиз. Ўз қадриятларимизни уларчалик қадрламаймиз, Шарқдан оппок қўринган тегирмончини бувам деб ўйлаб, кўзимизга ёш олиб эргашиб кетамиз, Ғарбнинг ашқол-дашқолидан тортиб чиқитга ташлаб юборганларигача ҳавасда юрамиз. Таъсирларнинг қайси яхшию қайси ёмон эканини аввал ўз танимизга ўйлаб олайлик. Балки ҳаммасидан ҳам яхшилари ўзимизда бордир. Бор, лекин кўрсатиш учун аввало ўзимиз билишимиз – ўзлигимизни билишимиз зарур. Бошқалар буни биздан олдинроқ билган ва ҳавасини яширмайди ҳам.

Миллатнинг билик борлиғи тафаккур, тафаккур эса меҳрталаб нозик тилдан тикланган, тил билан мустаҳкамланади, тил билан ўсади, теранлашади. Аслда барча бадиий, маънавий, руҳий, фалсафий. илмий – жамики бойликларимиз тилимизда. Унинг ўзи энг бебаҳо, қутлуғ маданий обида, ёт таъсир, бузлишлардан қўриқчимиз! Масаланинг ана шу томони ўйлантиради – ўзбек руҳияти қўриқчиси, валинеъматининг ўзини асрамаяпмиз, давлат мақомига кўтариб, қонун билан ҳимоялаган ҳолимизда биз, қалам аҳли, афкор омма уни ўз ҳолига ташлаб қўйдик ва ҳатто уни бузувчилар чанқаганда сув ҳам ташиб турибмиз.

Тили ғарибланган халқнинг тафаккури ҳам ўтмас бўлиб қолади, айни тафаккурнинг мағзи-мағизигача заха етади, бугунги замон талаблари даражада фаолият кўрсата олмайди, шунчаки ҳавойиланиб қолади. Худога шукр, кўп ишлар қилиняпти, лекин ундан-да кўп ишлар қилинмай қолиб кетяпти. Бу эса бизни тутиб турган заминни бўшаштириб қўяётир. Шулардан бири – тилга бепарволик оқибатида адабиётда орқага кетиш. Албатта, мустақиллик руҳиятимизга, кўнглимизга эркин кенгиклар берди, лекин моддий сиқинтилик анча ижодкорларни “бортнинг у ёғига” чиқариб ташлади – қанча издошлар бўлгувчи эди, улар ҳам бўлмади. Аммо… халқнинг фикрлайдиган қисми, афкор омма айни халқ олдидаги масъулиятини ҳар қандай шароитда ҳам унутмаслиги лозим.  Ҳозирга келиб бу сиқинтилик даври ҳам ўтяпти шекилли, янги адабий авлод шаклланиб бошлади. Бу, табиий, яна тафаккурнинг жонланиши, тилимиз аслиятларига қайтиб, уни дунёнинг фаол тил муҳитига қўшилишига, бинобарин, ўзлигимизни кўрсата олишимизга олиб келади.  

«Ёшлик». 2013 йил, 4-сон.

Leave a Reply