Tаассурот

 «Букун кечди. Қуюлди оқшом….»

Хона. Деразадан нотаниш тун қарайди. Таҳдид билан, кўз узмай тикилади. Столдаги чироқ қоғозга ҳайрон термулади. Қилт этмай турган деворлар сокинлигида аллақандай ҳадик.

Соатнинг кўзида Вақт парчинланган.

Нотинч руҳда билгисиз туйғулар кезинади.

Жим. Борлиқ жим. Фақат кўкракда юракнинг безовта дукури. Дарғазаб муштоқлик.

… Кўнгилда чўкиб ётган Сўз қалқийди. Қоғозга изтироб тирқирайди:

 

Бўрон, дўстим, нечун жимсан,

Нечун жимсан, Чақмоқ укам,

Синглим Сукунатнинг қошида?

 

Сўзлар қоғозга оғир ботади, залворидан сатрлар майишиб кетади. Туйғулар сатрларда кўзёшдек сизийди. Азоб! Қоғоз – оғлиқ, у – тоза. Сўз – муқаддас. Виждон розини қоғозга кўчириш, Сўз билан юзма-юз мулоқот – азоб.

 

Ҳар куни ҳузурингга келаман,

Ўлтираман соатлаб,

Сен мени тушунишинг керак, чинор.

 

Дунёнинг азим-азим чинорлари бор. Улар қуёшга яқин юксакликда шовуллайдилар, юксакликка чорлайдилар. Улар соя ташламайди, нур сочади. Кўнгил дунё қадар кенг – бу чинорлар кўнгилнинг маҳобатли машъаллари.

 

 Нафасини ичига ютиб юборган ҳаво

 Дим.

 Нафасини ичига ютиб юборган

 Паблосиз

 Бугун танҳо ҳасрат. Шоир ва Дунё.

 Сўз ёк Сўзга.

 Осмон тошиб кирар кўзга, сиғмас кўзга,

 Пабло.

 Бу буюк ҳасратнинг мазмуни ўзга, Пабло.

 

“Қайғунинг қора суврати” – марсия. Ранглар ҳазин, лекин хаста эмас. Сатрларда ҳасрат ҳайқиради. Қудратли оқим бўлиб гупиради. Бу улкан, жаҳоний ҳасрат. Уни кўкракда сақлаб бўлмайди. Уни кўнгилга кўмиб ташлашнинг иложи ёк. У юракнинг бир парчасини юлиб кетади. Бундай пайтда илҳом завқ-шавқ эмас, у – оғриқ. Шоир кўксига чирмашган оғриқни қоғозга туширмагунча, сатрларни ингратмагунча нажот топмоғи душвор.

Ингроқ қоғозда оҳангларга бўлинади, баравж куйда суратланади. Шу куй долғаларида юрак тинчийди, дард бир қадар осойишта кечади.

Шоир ҳаёти сатрдан бошланади, шеърида тажассум топади. Коинот мангулигига таққослаганда инсон умри йилт этган ёруғ бир сония. Ижодкор ана шу сонияга коинотни – мангуликни сиғдирмоғи лоим. Ижодкор интернационал шахс, у ўз халқи ва башарият кечмиш-кечирмиши билан яшайди. Шеър – ижтимоий кечинмалар кўзгуси. Шу сабабли шоир кўнгли дунё мазмунини ифодаловчи сўзга тенг туради.

Мутолаа. Хаёл дунё кезади. У шеър бўлиб туғилади, аста-аста ўсиб, йиғилиб китобларга айланади: “Карвон йўли”, “Акс-садо”, “Тасвир”, “Хотирот”…

Сатрларнинг ўтли изларида Рауф Парфининг сурати чизилади – шахсидан кучлироқ, юксакроқ, дунёни ўйлайдиган, фаол виждонли. Сўз билан юзма-юз қолганда бардошли, ўзига бешафқат шоир – граждан сийрати.

Шеърлар айрим ўринларда тасаввурни хиралаштриб. Ясама ташбеҳлари билан дилга ўрнашмайди, онда-сонда Рауф Парфининг портрети анча хира тортади. Майли, Одам Ҳамма вақт кучли ҳиссиётлар оғушида яшамайди-ку ахир.

Ўқиган сари кундалик ташвишлар унутилади, шеърлар ўз ҳасрати билан кўнгилдаги ўткинчи ғуссалар ғуссалар ғуборини сидириб олади.

Вақт эркин оқади. Юрак дукури унга ҳамоҳанг бўлиб кетади. Сукунат – оҳангларга тўла. Қоғозда – Ватан йўғрилган кўнгил. Тун энди тунд тикилмайди, у таниш:

 

Оғушига олар кундузни

Кундуз каби ёруғ бу кеча 

Аҳмад АЪЗАМ

1978 йил

Leave a Reply