1990 йили чиққан мақолага изоҳ…

Жуда аломат бир замон, шўро салтанати тагидан кетган, лекин ҳали лоши ўзини тутиб турган, мен энди қирчиллама ёшга ўтган, ҳозиримга қараганда  ҳам, сиёсат бобида ҳам ёш бир йигит эдим.

Ана шу пайти Жомбой туманидаги икки округнинг биридан ҳай-ҳай деганимга қарамай Олий Кенгаш депутатлигига номзодим кўрсатилмайдими! Биринчи йиғилиш Ғазира қишлоғимда бўлди, бўлдирмасликка район партия комитети хўп уринди, иложини топа олмагандан кейин мажлисга учинчи котиб бошчилигида райком отряди етиб келди. Учинчи котиб, одатдагидек рус кишиси эди, минбарни эгаллаб, хўп сиёсат қилди. Яширинча овоз берасизлар деб туриб олди, сайловчилар кўнмади, очиқ овоз берамиз, деб туриб олди. Одамлар уйғонган эди. Фронтовик, ветеран чолларни кўрсангиз, шунақа қатъий, шунақа оташин! Ҳаммасининг оғзида мен. Овозга қўйилди – юз саксон икки кишидан фақат иккита қарши: райкомнинг учинчи котиби билан пусиб ўтирган колхоз раиси; бечора раис бир-иккита болохонадор сўкиш эшитиб олди ва қолганлар “за!”, ишлар вадаванг, ғолиб қозозларни кўтариб райкомга делегация кетди, бу ёқдагилар галабани ювиш учун шай кутишди, қанча вақтгача. Ғалаба деб кетганларнинг қиличи синиб  қалқони тешилиб, байроғи бурун артгудай шалвираб қайтиб келди. Райком у деган, бу деган, ишқилиб, номзодимизни рўйхатга яқин ҳам йўлатмабди. Колхоз раисларини тўплаб, “Агар шу Аъзамов номзоди кўрсатиш ҳақида мажлис-пажлис бўлиб қолса, катта холангга қўшиб аммангинг аммасигача қуритиб юбораман. Ким уни қўлласа, панжарадан термилтириб қўяман!” деган фармони олий берибди. Буни эшитиб одамлар ғазабга минди, ўртага орият масаласи ҳам тушди, ахир, бир юзу саксон одамнинг гапи гап, ўзи одам эмасми? А, биз кўтарган номзод ўзимиздан ўсиб чиққан ёзувчи, яна журналист, танқидчи, яна публицистикачи экан-ку. Бу ёқда яна тилимизни давлат тили қиламан деб курашяпти, (кўпнинг курашини ҳам бир кишига ўтиб кетаверади қизиқ устида) “Бирлик”нинг каттаси!

Яна уч-тўрт жойда мен учун шунақа майлислар ташкил қилинган, йиғилиш аҳли тепасига райком бованинг ўзи бориб туриб олиб, ўткиздирмаган. Одамлар кўтарилиб кетмоқчи бўлди, ҳар қишлоқдан вакилларим бор, шуларга айтиб, баъзиларини ўзим бориб тинчитдим. Мен учун намойиш-памойиш қилмагнглар, чунки фойдаси ёк, райком деган машина янчиб ўтиб кетаверади, дедим. Ўзим ҳам бир натижа чиқишига ишонмаган эдим.

Шу билан саксон тўққизинчи декабрда эди, сайлов бўлди, сайловчилар, Биз барибир Аҳмад Аъзамни сайлаймиз, буларингга овоз бермаймиз деб, икковини ҳам йиқитиб юборишибди. Бизга делегация келди, бу ишдан бир нима чиқишига ишонмайман, десам ҳам яна Ғазирага олиб келишди. Колхоз клубида яна тумонат, бошқа қишлоқлардан ҳам йиғилган. Яна шу ўрис райком секретари, ўзбек секретари мулойим хунук одам, бизнинг қишлоқ одамларидан ҳайиқар экан. Ур-тўполон (муштлашиш эмас), бақир-чақир билан номзод кўрсатиш мажлиси бўлди, бу гал райком олдингидан ҳам қаттиқ тайёргарлитк кўрибди, менинг “Бирлик”даги бузғунчи ишларимдан маъруза қилди ўрис котиб, лекин бу бузғунчиликлар тил, мустақиллик ҳақидаги гаплар аралаш бўлгани учун ўриснинг маърузаси ўзбек тилини давлат тили қилиш ҳамманинг орзусига айланган бир пайтда тескари таъсир қилди. Хуллас, бўлди ажойиб томошалар, бизнинг номзоднинг расмий ҳужжатлари яна райкомга учди. У ёқда бошқа тактика, каминани ўтказмаслик йўли ҳозирлаб қўйилган экан: икки куннинг ичида мен билан бирга яна еттита номзод рўйхатга олинди. 

Қойил, бўлажак сўз отишмаларида олдинги жабҳада оғир артиллерия: райкомнинг биринчи котиби, район ижрокоми раиси, вилоят суғуртаси бошлиғи, вилоят газлаштириш идораси бошлиғи, кейин бир совхоз директори, кейин демократия учун СПТУ директори, мактаб директори.

Ана, саккиз кишидан иборат бир-бирини ейишга тайёр гўзаллар конкурси бошланди! Ҳар учрашувда ҳаммамизга жами тўрт соат вақт ажратилган, каминанинг исми шарифи “А”дан бошлангани учун биздан бошланади, Тошкентдан, яна ёзувчи, журналист, адабий танқидчи, тағин денг, халқнинг бахтини нақд қилиб турган “Бирлик” лидерларидан, учрашувнинг уч соати менга кетади, илтимос бошқа номзодлар ҳам гапирсин, деб зўрға қутуламан. Икки номзод бу талотумда кўринмайди. Осмондаги ойни ваъда қилмайман, лекин туришимнинг ўзи ойдан ҳам каттасини олиб бергулик.

Бу олдинги катта босқичда сайланган депутатлар биринчи сессияни ўтказишди, Одамлар “Шу Шерали Жўраев битта концерт берса, бир маза қилардик, сизга ҳам овоз икки юз фоиз бўлиб кетарди-да”, деб қўймаганидан шу сессия танаффусига етиб келдим, ҳофиз акамизга одамларнинг илтимосини еткиздим. Ҳофизимиз буюк бошларини кўтариб, турган жойларидан кўринмайдиган буюк чўққиларга нигоҳларини тикиб, бир оғиз ҳа ҳам, ёк ҳам демади. Партиямиз раиси ўзим бориб, сизни тарғиб қиламан деб ваъда қилди, лекин бормади, биз билан келишган куни тоғ сайрига, чўмилгани ўша ёқдаги хос саунага жўнаб кетган эканлар, буни сайловдан кейин келиб билдим.

Лекин бу ёқда ишлар гумбур-гумбур, вадаванг эди. Сайлов бўлди, етти номзоднинг ичидан (райком секретари икки кун қолганда истеъфо берди, “Октябр” колхозида чиқиб, зўрға тинчитганимиз жанжални мен “ғаламис”га тўнкаб), қирқ тўққиз фоиз овоз олиб кейинги босқичга ўтдим, мендан кейинги суғурта йигирма олти фоиз. Лекин ўша укалар, туманнинг ўзидан қанча-қанча сайловчилар гуруҳи вакиллари сайлов участкасига яқинлаша олмаган. Кечқурун варақаларни санаб турилган жойда атайлаб электр чироқлари ўчди, Керосин чироқларини топиб, ёқиб келгунларича, қутилар ўзгарган, тўлмагани тўлдирилган, қаёқдандир пачка-пачка бюллетенлар пайдо бўлган, хуллас. Аралашмаган одамнинг ақли етмайдиган бўлди ажойиб ҳангомалар. Ярим кечага бориб, суғурта эллик фоиздан ошиқ, камина қирқ олти фоиз овоз олиб турибмиз-да. (Ҳа, тўқсон тўққизда бари бир депутат бўлганимдан кейин ўша тўқсонинчи йили сайлов комиссияси аъзоси бўлган бир киши айтиб берди: иккинчи босқичда ҳам етмиш етти фоиз овоз олган эканман! “Сизга жуда ноинсофлик қилганмиз”, деди ўша одам.) 

Хуллас, ўйнашмагин райком билан, райком бобини топмаса ҳам уради!

Бу мақола номзодим рўйхатга олингандан кейин, номзоднинг сайлов дастури сифатида ёзилиб, яна етти паҳлавоннинг ичида олишиб ётган пайтим, журналист дўстларимнинг биродарлик туйғулари билан қўллаб юборишидан чиққан расмий чиқиш.  Ижодкор укаларим юздан нусхада сайлов участкаларига ҳам тарқатганлар.

Жуда катта адолатсизлик кўрдим, демократияга ўтяпмиз деб одамни оёқости қилаётганларига ҳам гувоҳ бўлдим, лекин ҳозир ўйлаб, кўнглим ҳазин бир кайфиятга чулғанади, бари бир, ёшлик ёшлик экан, ажойиб замонларда яшаган эканмиз..

Мен фақат бир нарсага ўкинаман: Назар Эшонқул, Абдували Қутбиддин, Азиз Саид, Салим Ашур, Абдуғофур Маматов, Раҳмон Ҳожимурод, бошқа беш-олти киши бор эди, шу укаларимнинг куткиланиб, сайлов участкаси ҳовлисининг бу четида,  йўл бўйида сарғайиб ўтирганлари, Тошкентдан борган, танилиб қолган шоир, ёзувчи, журналистларга бюрократик аппарат одам деб қарамагани. Ҳаммасидан ўзи тажанг Зоҳир Аъламнинг бўғилишларини ўйласам, э-э одам одам билан тирик, одамнинг дардини одам енгиллаштиради дейман.  Ҳа, Самарқанд шаҳридан обкомда ишласа ҳам Нурилла Остонов, вилоят газетаси масъул ходими Ҳамза Шукуров ҳам менга хайрихоҳлик кўрсатиб турди. Лекин туманимиздан жуда қалин оғайним журналист бор эди, сайлов пайти қорасини ҳам кўрсатмади, кейин кўришганимизда э-э, буларни билмайсиз, сиз кетгандан кейин гўштимни ер эди булар, деди.

Ҳа, яна бир гап: чўчқа совхозининг директори биттами учрашувда қатнашди-да, бу ёзувчининг олдида менга нон ёк экан деб қайтиб кўринмади, лекин номзодлар рўйхатида тураверди. Вилоят газлаштириш идорасининг бошлиғи эса, “Яшил водий” деган роман ёзган ёзувчининг ўғли, бамаъни одам экан, одамларнинг ҳаммаси шу ёзувчи йигитни деб турганда, аралашиб нима қилдим деб, умуман қорасини кўрсатмади.  Лекин номзодини расман қайтариб олишига рухсат беришмаган. 

Мана шунақа, бу мақола ўша кунлардаги ютқизиқлардан хотира бўлиб қолди. 

26 Сентябр 2012

 

 

 

                               

Аҳмад АЪЗАМ

                  

ИСТИҚЛОЛ – ИСТИҚБОЛ

 

Душманимиз ким?

 

         БИЗ МАРДЛАРГА эргашамиз, мардлар бизни курашга бошлайди. Лекин, мана қайта қуриш майдонидамиз. Рўпарамизда ўзи қанақа, кучи қанчалиги номаълум, туманга ўхшаган лашкар, қайта қуриш душманлари, дейлик. Марду майдонимиз душманга қараб наъра тортади, биз ҳам унга жўр ҳайқирамиз, у ҳайқириб душманга ташланади, биз ҳам ҳай-ҳайлаб ботиримизга ҳамду сано ёғдирамиз, лекин… жойимиздан жилмаймиз. Кўрайлик-чи, нима бўлар экан, деймиз. Ишонган паҳлавонимиз ёлғиз олишади-олишади, охири ҳориб-толиб сафимизга бош эгиб қайтади.Уни ёлғиз юборганимизни ҳисобга олмай жуда ранжиймиз.”Эплолмасанг, отилиб чиқишни сенга ким қўйибди, енгилиб қайтишни ўзимиз ҳам эплайверардик”, – деб бечорага дашном берамиз…

Яқин беш йилдан бери аҳволимиз шунга ўхшайди: ботир чиқиб ҳайқиради, жангга отилади, енгилиб қайтади, биз ҳам ҳайқирамиз, лекин жойимизда тураверамиз. Фақат битта иш қиламиз: душманни сўкамиз, бўралатиб фош қиламиз.

Хўш душман ким ўзи? Қаёқдан пайдо бўлди у?

Амалдор десак, улар ҳам анчадан бери амалдорликка қарши курашадилар.Тўралар десак, уларнинг ўзлари ҳам тўраликка қарши ўт очадиган бўлиб кетганлар. Умуман аппарат десак, аппарат бир хил эмас, унинг орасидан ҳам дўстлар топилади, қолаверса, шу аппаратдан ходимлар чиқиб, аппаратчиликнинг ўзини қоралайди.

Ё қайта қуриш душманлари ўз аҳволидан норози бўлиб кўчага чиқаётган одамларми?  Лекин уларни ҳам кўчага халқ дарди, ҳаммамизни ўйлантираётган  муаммолар, қолаверса, қайта қуриш дарди кўчага олиб чиққан.

Орол қуриди, боғ-роғларимизни пахта ютди, аёллар ўзини ёқди, заҳарланган эркакларнинг белидан қувват кетди, юртимиз қашшоқ аҳволга тушди – буларнинг ҳаммасини қайси душман қилди?

Ҳозир одамлар амалдорни, тўраларни, тўралар эса “брежневчилик-рашидовчилик” деб яқин ўтмишни айблайди. Сира душманни аниқлай олмаймиз. Душманга қарши яланғочлаган қиличларимиз эса ҳадеб ўйнатаверганимиздан ўзимизни ярадор қилиб қўймоқда.

 

Фош қилиш хасталиги

 

Аслида бизга бошдаёқ қайта қуриш эмас, фош этиш кириб келди. Жумҳуриятимиздаги ҳамма раҳбарларга раҳбар этиб тайинланган Усмонхўжаев ишни шундан бошлади. Шунга бағишланган махсус анжуман ҳам ўтказди. У кишидан қуйироқдаги ҳамма раҳбарлар икки тоифага: фош этилган ва фош этилмаган амалдорлар қаторига бўлиниб кетди. Биринчилари қамалди, иккинчилари қачон фош бўлар эканмиз деган ташвишда қолди. Янги кўтарилганлари эса шу кунга тушмаслик чорасини қидирдилар, марказдан ташланган “десант”чилар эса эскию янги раҳбарларни аралашига фош этишга тушдилар.

Юртнинг ишлари қимирламай тураверди. Бугун мамлакат ўтмишу бугунни тарозига солиб, энди қайси йўлдан юрамиз деб чора излаётган, демократия алифбосига тартиб бераётган бир пайтда биз фақат фош этиш билан овора бўлдик. Қўшиб ёзишдан порахўрликкача, чўлпонхонликдан намозхонликкача – ҳаммасининг кўзига кўрсатдик. Китобларимиздаги эски сўзлардан тортиб, наманганлик мунисаларнинг ёпинчиғигача –барини қайта қуриш душманига чиқардик. Душман етмай қолса, бизда яширин ислом лашкари бор, деган уйдирмаларгача бордик, “оллоҳ”га “ялла” билан “алла”ни қўшиб қораладик.

Охири, шу фош этишларнинг бошида турганларнинг ўзи фош бўлди. Аммо шунча фош этиш, шунча қамаш билан ҳам душманнинг башараси очилмади, сафи ҳам камаймади, “қайта қуриш душманлари”деб ахтарганимиздан натижа чиқмади. Чунки мақсадимизнинг ўзи тескари – қайта қуриш эмас, қайта кураш эди.

 

Нималарга эришдик?

 

Эришганимиз шуки, сал-пал аҳволимизни билдик. Лекин шу билиш жараёнида аҳволимиз яхшиландими?Умум қама-қама пайтида ҳисобчисидан тортиб вилоят фирқа қўмитасининг раҳбарларигача тергов бераётган ноҳиянинг айни дамда ва келажакда қанча моддий ва маънавий зарар кўришини бир ўйлаб кўрдикми? Айни “кампания”, чигит унган, лекин экинни ёппасига ўт босган кезда эрталаб совхоз автобусини тўлдириб  шаҳарга келган, терговхона олдида шомгача сарғайиб, бир-бирларига: “Энли кўпга келган тўй, бошга тушганни кўз кўради, ишқилиб, ҳаммамизни бир жойга қамасин-да, аҳволимиздан бохабар бўлиб турардик”,  – деб ҳамма нарсадан кўнглини узиб ўтирган колхозчию бригадирларнинг (ялпи тергов кунларини эсланг) ўшанда қилмаган ишларини ким қилар эди? Раҳбариятининг иши теговга олиниб ё шубҳа остига тушиб. Иши ўз ҳолига ойлаб ташлаб қўйилган жамо ва давлат хўжалиги, туман, вилоятлар кўрган зарарни энди ким қоплайди? Қани ўша порахўрлардан гўё тортиб олинган, Иттифоқ экранидан бутун оламга кўз-кўз қилинган тиллалар,  миллион пуллар? Улар ризқи юлинган болаларга ё хўжаликлари ўтириб қолган туманларга қайтарилдими? Кимларга суёв бўлди ўша пуллар?

Ўша йиллари фош этишлардан пайдо бўлган маънавий жароҳатларга энди қандай барҳам берамиз? Марказқўмитаси котиблари, Олий Кенгашию вилоятлардан тортиб хўжалик раҳбарларигача асосли-асоссиз қамалган жумҳурият, бутун миллатнинг ерга урилган ориятини ким тиклаб беради?

Алал хусус, бу фош-фош оқибатида демократиядан, қайта қуришдан чалғиб, меҳнатдан кўнгли совиб, энди муҳим бир пайтда қайта бошдан сиёсий савод чиқараётган халқнинг ўша пайтлари қилолмаган ишларини ким қилади?

 

Ўйлашнинг чеки борми?

 

Беҳад мураккаб даврда, кўплаб мураккаб муаммолар оғушида яшаяпмиз. Жумҳуриятимиздаги энг зўр мавзега, энг зўр яшаётган одамлар ёнига боринг – бир дунё дардларини рўпара қиладилар.

Биз шундай дардларни елкалаб олдинги раҳбариятда катта бир лавозимни эгаллаб турган бир кишининг ҳузурига кўп қатнаганмиз.  У киши дардимизни бошлашимиз биланоқ дарров фикримизга қўшилар, “Жуда тўғри кўтарибсиз, ҳақиқатан ҳам шундай”, дер эди. Биз шунда: “Тўғри бўлса, чорасини қилайлик”, десак, у киши: “Бунақаси кетмайди, чунки масала жуда мураккаб, жиддий  ўйлаб олиш керак”, дерди. Янаги учрашувгача у кишидан жиддий ўйлаш ваъдасини олиб тарқалар эдик.Белгиланган куни у киши энди масаланинг нақадар мураккаблигини бандма-банд тушунтирар ва эндиги учрашувда яна бир марта жиддий ўйлаб олишга чақирар эди. Бир йилча қатнадик, дардимиз мураккаблашгандан мураккаблашиб бораверди, аммо бирор натижа чиқмади. Ҳали ҳам бизнинг натижа ололмаганимиз жуда осон кўчди, чунки дардимизга фақат шу киши чора топиши мумкин эди.

Қайта қуришнинг бизда кечиккани ва шу давр мобайнида янада янги-янги муаммоларнинг тўпланиб қолганига сабаб ҳам ўша кишига ўхшаган раҳбарларнинг кўп вақти ишга эмас, балки масалаларни ойлаб бесамар ўйлаб ўтирганида эмасмиди?

Ҳозир шунча кўп айтилаётган, ҳатто  шунча бисёр гапирилганидан ечими топилмаёқ кўнгилга уриб кетган кўплаб муаммолар ошкоралик шарофати сифатида ўша пайтлари кўтарилган, уларни ўртага биринчи ташлаган ёзувчиларнинг шаъни миллатчи, вайсақи деб ҳақоратланган эди-ку! Орол, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, пахта яккаҳокимлиги, болалар ўлими, экологик фалокатлар, пахтакорнинг қашшоқлиги, сариқ, ошқозон раки, ўпка касалликлари, камқонликнинг кўплиги жумҳуриятимизнинг ҳар жиҳатдан қолоқлиги, пахтанинг сувтекин кетиши – ҳаммаси ўша даврда халқнинг дарди сифатида тилга тушган эди-ку! Наҳотки бир мураккаб масалани уч-тўрт йилда ечимини тополмай, бир умр жиддий ўйлаш керак бўлди? Пахтакорга ўша даврда ер берилганида, . яшашига, даромадига имкон яратилганида Фарғона, кейин унга акс-садо бўлган Бўка, Оққўрғон, Паркент фожиалари эҳтимол юз бермасмиди… Аммо етти ўйлаб эмас, етмиш ўйлагандан кейин ҳам кесмай, янада жиддийроқ ўйлаб ўтиришни масаланинг мураккаблиги билан сира оқлаб бўлмайди.

 

Мерос мангуми?

 

Бизга ота-боболаримиздан андиша, оғир-вазминлик, бардош қолган. Етмиш йил давомида бу фазилатлар аста-секин мутеликка ўхшаган бир лоқайдликка айланди.

Хайриятки, икки қўлимиз бир тепа эмас, қимирлаган қир ошар, бутифосни мундайроғига алмаштирдик, пахта планининг ўсишини тўхтатиб, тонналарини камайтирдик, терим нархини садақанамо оширдик, тилимизга давлат мақоми, эътиқодимизга эрк тегди, деҳқон бир парча ерга эга бўлди.

Лекин олдингилардан қолган оғир мероснинг юки енгил тортмади, минг гапирмайлик, тўрт-беш йиллик умри қолган Оролга сув бормади, пахта сал қисқаргани билан ҳануз яккаҳоким, болалар ўлими камаймади, аёлларнинг аҳволи енгиллашмади, табиатга ғамхўрлик аввалгидай қуруқ гап, атом қабристони биқинимизда, кимё корхоналари пинҳоний қотилликларини тўхтатмаётир, қазиб чиқарганимиз, етиштирганимиз ҳали ҳам сувтекинга жўнатилаётир.

Оғир мероснинг юки енгил тортадиими? Ҳаётимизда илгаригидан фарқ борми?

Инсоф билан айтсак, жиндай бўлса ҳам, бор! Энг аввало, беш-олти йил олдин, қайта қуришнинг бошларида ҳам айтолмаган дардларимизни очиқ айтяпмиз. Очиқ айтиш – кўзимизнинг очилишига, демакки, манавий уйғонишимизга сабаб бўлди. Энг катта ғалаба – халқ ўйғонди. Ҳа, у норози, лекин бу норозилик ёмонликка ҳам эмас, меҳнаткашнинг айби ҳам эмас, аксинча, ўз ҳақ-ҳуқуқини танишга олиб бораётир. Ҳа, айрим кескинликлар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу ҳам табиий, чунки маънавий уйғониш билан иқтисодий ўзгаришлар ўртасида катта узилиш бор, ҳар қандай маънавий ўсиш иқтисодий ривожланишдан қувват олгандагина тўғри йўлдан кетади.

         Мамлакатда, афсуски, демократиянинг қанот ёйиши иқтисодий инқирозлар билан чалкашган. Бизда маънавий соҳа ул-бул эркинликларни қўлган киритди, қарашлар янгиланди, тузумга муносабат ўзгармоқда, бошқарув системасидан тортиб расмий мафкурагача  янгиланишга қадам қўймоқда. Ана шу эркинликка иқтисодий фаровонлик ҳамоҳанг келганда қайта қуришга бунча кўп салбий ҳодисалар йўлдошлик қилмаган бўлур эди. Содда айтганда, одамни уйғотгандан сўнг унинг аввал қорнини тўйғазиб, сўнгра қўшиқ сўраш, иш талаб қилиш керак эди.

         Ҳар ҳолда, бизнинг уйғонишимиз, жуда имиллаб ўзгараётган, дейлик, ҳатто таъминот борасида ортга кетаётганда демократик турмуш тарзига кўникишимиз қийин кўчади. Раҳбариятга ҳам, халққа бу борада шарқона оқиллик қўл келади.: раҳбарнинг юқорида туриб олиб, қўйи билан амр-фармон йўлида гаплашмаслиги, мустақил, фақат ўзидан юқорининг йўриғига тушиб қолмаган, ўз орасига тушиб жонбозлик қиладиган раҳбариятни халқ ҳам қўллаши лозим бўлади.

Илгари ишлар эдик, қолгани билан унча қизиқмасдик, қизиқишга ҳам берилмас эдик, энди ҳам ишлаяпмиз. Аммо ишлаганимиз қаёққа кетаётганини суриштиряпмиз, ҳақ-ҳуқуқимизга яраша талаб қиялпмиз, катта ўзгариш бу ҳам. Фақат бунда талаблар деганимиз кун-кундан ортади, пайсалланса, иш ўрнига нуқул жиддий ўй сурилса, муаммолар ҳам, вазият ҳам жиддийлашиб бораверади.

 

Бардошни қанча синаш керак?

 

Бир қишлоқ мисолида олайлик. Агар маънавият ривожини билим олиш, олий маълумотни эгаллаш билан ўлчасак, Ғазира жумҳуриятдаги энг юқори ўринни эгаллайди. Ўзингиз ўйланг, шу бир чоғроқ қишлоқнинг ўзидан  уч проффессор, ўттиз чоғли фан номзоди етишиб чиққан, кўпайиб кетганидан иш тополмай юрган олий маълумотлиларини санамаймиз. Аммо қишлоқ ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жуда қолоқ, даромад ҳемири, кўчалари абгор, ери ориқлаб кетган, касаллик кўп, хўжалик мен эсимни танигандан бери муқим ўтириб қолган, яқин орада кўтарилиши ҳам гумон – совхознинг давлатдан 1,5 миллион сўм қарзи бор.

Бу бир мисол. Энди Ғазира атрофидаги Сўхмон, Сариқипчоқ, Хитойбола, Митан, Қўлбости, Қозоқовул, Хўжа, Тегирмонбоши, Тепа, Янги, Туркман, Довчарариқ, Шерқўрғон, Оғажон, Ўрдабозор, Гўзай, Ногаҳон, Қўзигузар, Арча, Довчар ва қўшни Қангли, Журият қишлоқ шўролари ҳудудидаги аҳоли мавзелари ҳам бундан авло эмас. Фақат шу қишлоқларнинг эмас, айримларининг чала-чулпа газлаштирилганини ҳисобга олмасак, тумандаги барча мавзеларнинг аҳволи бирдай. Барида пахта экилади, ўттиз-қирқ йиллаб сурункасига ғўза ўстирилган, қуввати адо бўлган. Етмиш икки йилдан бери жомбойликлар бўл-ҳа бўл, тезроқ ғалабага эришайлик, деб яшайди, ғалабаси тушмагур неча марта қўлга кирган, аммо ундан даромад ёк.

Масалан, “Украина”га туташ хўжаликлараро чорвачилик базасининг 4 миллион, “Правда” жамоа хўжалигининг 3,5 миллион қарзи бор. Аҳмаджон Қурбонов номидаги совхоз ниҳоят бултур даромад билан буромадни зўрға тенглаштирди. Аммо кузги теримгача, бари  бир, яна қарз ҳисобига яшайди. “Москва”, “Октябрь”, “Коммунизм”, Охунбобоев номидаги жамоа хўжаликларининг ғазнаси у йилдан бу йилга учма-уч бўлиб қолаётир. Хўжаликларнинг нонини туя қиладиган яна бир ҳисоб-китоб бор. Мана, дейлик, бир совхоз давлатга 4 минг тонна пахта топширади. Худо берса, йил яхши келса, салқин одатдагидан кечроқ тушиб, ёғин бўлмай қолса, совхоз амал-тақал маррага етади. План 100, лекин пахтакорга чашнаси тегади. Нима учун? Сабаби – “ички”, хўжаликларнинг имконияти, ер-сув шароитлари билан ҳисоблашмай, юқоридан тушадиган алоҳида план бор. Яъни ҳалиги тўрт минг тоннанинг қоқ ярми биринчи навда, минг тоннаси иккинчи, 500 тоннаси учинчи, 500 тоннаси тўртинчи навда топширилиши шарт, шунда хўжаликнинг оғзига бир нарса тегади. Пахтакор терим бошланиши билаг осмонга мўлтираб, биринчи навга атиги 200-300, иккинчисига зўрға 800-1000, учинчисига 2,5-3 минг тонна, қолганини тўртинчи навга топширишга мажбур бўлади. Оқибатда тонна ҳисобида зафар қучган хўжалик, тола ҳисобида мағлуб, қарз устига қарз бўлиб, теримдан чиқади.

 Нега бундай? Чунки, биринчидан, ернинг кучи кетган, иккинчидан, шу ерларнинг ўзи пахтага тўғри келмайди, учинчидан, дарёобод, салқин кузда серёғин иқлим ва тўртинчидан, ғўза навлари бузилиб кетган, Жомбой тупроғи билан чиқишмайди. Даромаднинг қайчиланишида яна битта, бешинчи сабаб ҳам бор: пахта қабул қилиш тартиби, пахта заводи. Пахта пунктлари хўжаликлардан биринчи нав пахтани 32-35 фоиз, иккинчи навни 28-32, учинчи навни 26-28 фоиз тола ҳисобига олади. Завод булардан тартиби бўйича 2-3 фоиз кўпроқ тола чиқаради-да, фойдани ўзига қолдиради: унга планни тўлдириб топширган хўжаликларнинг аҳволи ночор, завод эса миллионлаб фойда кўради. Лекин бу ҳисса хўжаликларнинг ўзига текканда ҳам айтарли кўмак бўлолмайди. Шунинг учун, Жомбойда пахтага, босқичма-босқич, охири тўла барҳам бериш керак.

Боғдорчилик, умуман анъанавий деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш зарур. Жомбойга туташ, ери ўхшаш Самарқанд қишлоқ туманида деҳқончилик, боғдорчиликнинг айни шу турлари билан миллионлаб даромад олаётган хўжаликлар бор. Бултур Аҳмаджон Қурбонов номидаги совхоз бир гектар пахтадан 2650 сўм, “Украина” эса 1500  сўм даромад кўрди. Лекин айни шу совхозларда, ерёнғоққа ўхшаган экинлардан, айтайлик бир гектар помидордан 5 мингдан 8 минг сўмгача фойда олган соҳибкорлар бор.

 Анъанавий деҳқончилик маданиятини тиклаш бугуноқ пахтанинг ўрнига мева-сабзавот экиш, ҳамма ёққа олмаю зардоли кўчатини суқиб ташлаш эмас. Бир гектардан ўн-ўн икки минг сўм даромад қанча яхши бўлмасин, ердан тўғри униб чиқиб, давлатдан пул бўлиб қайтавермайди. Аввало, пахта индустрияси қандай тикланган бўлса, шундай аста-секин барҳам топиши, шунинг баробарида анъанавий деҳқончиликка неки сақлайдиган, қуритадиган, қайта ишлайдиган корхоналар керак бўлса, қурилиши, маҳсулотни вилоят, жумҳурият, мамлакат ва жаҳон бозорларига етказадиган тижорат системаси яратилиши керак.

Тумандаги хўжаликларни кўтариш, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўллари кўриниб турган бир пайтда усулларга маҳкам ёпишиб, нуқул қийинчилик, мураккабликларни рўпара қилиш қуюшқонга сиғмайди. Шусиз ҳам Жомбойликларнинг ижтимоий, маданий, маиший аҳволи, иқтисоди ночор. Иттифоқда энг охирги ўринни эгаллаган жумҳуриятимизда ҳам энг қуйи даражада туради.

“Дўкондан бир халта ун олувдим, машинамгача бир амаллаб келтирдим. Фалончига: “Кел, шуни юкхонага ортишиб юбор” десам, у негадир индамади. Хафа бўлдим, шуям одамгарчиликми, дедим. Шундан кейин у ерга қараб, “Жўра, тўғриси, халтангнинг ярмисини кўтаришга кучим етмайди, сариқ бўлганман, ўзи зўрға юрибман”, деди. Гавдасини қаранг, ўз қулоғим билан эшитмаганда ишонмас эдим. Жуда кўнглим бузилди”, деб ҳикоя қилади бир дўстим. У менга ўша йигитни аяб, отини айтмади.

Шу аҳволда одамлар яшаб келади. Қассоблардан сўранг, ойига бир кило гўшт олишга қурби етмайдиган оилалар талай топилади. Улар ҳам “Бор”, дейди, лекин қишлоқчилик, ўзбекнинг орияти ёмон, номма-ном айтмайди.

Йигирма-ўттиз сўмлик маош, нон-чой билан кун кечириш, оқсил очарчилиги-ю сариқ касал эпидемиялари, эрта баҳорнинг лойи, саратоннинг жазирамаси, кеч кузнинг шилтасигача меҳнат қилиш, ерга солинадиган, ҳавога сочиладиган, сувга оқизиладиган юз турли кимёвий дорилар – шуларнинг ҳаммасини ўйлаб, бир фикрга келасан одам – минг раҳмат шу халққа, ҳали ҳам келажакдан умид узгани ёк!

Энди мавзуни кенгроқ олсак, жумҳуриятимизда атиги юқоридаги туман шу аҳволдами ижтимоий-иқтисодий кўксовлик фақат шу қишлоқлардами? Аксинча, бунақа муаммолар ҳамма жойда тахланиб ётибди. Қолаверса мазкур муаммоларни туман раҳбариятининг ўзи қилолмайди, саломатлик бир тармоққа, йўл бошқа идорага, газ бўлак тармоққа, маблағлар эса бошқа-бошқа манбаларга қарайди. Айрим, энг муҳимлари эса жумҳуриятга эмас, тўғридан-тўғри Москвага бўйсунади. Нимжонроқ раҳбарият бир нарсани ундириш учун булар орасида бор отангга-бор онангга аҳволига тушади.

Аммо ўсиб бораётган талабларнинг табиати бир хил – мустақиллик сўрайди. Жумҳурият ўзини-ўзи идора қилиши, иқтисодиётини ўз қўлига олиши керак. Шундагина унинг кичик мавзеларига, пойтахтдан узоқдаги қишлоқларига ҳам улуш тегади. Унгача майда-чуйда кўмак, ул-бул ёрдам кампирни упа-элик суртиб ёшартиришга уринишдай беҳуда кетади. Қайта қуришнинг қайта пардозлашдан фарқи шунда: биз муаммоларнинг сонини санашдан воз кечиб, ҳаммасини жамлаб ўйлаганда, бир қилганда пайдо бўладиган катта, негиз масала – ИҚТИСОДИЙ МУСТАҚИЛЛИКНИ амалга тадбиқ этишимиз керак Жумҳурият энг аввало ўзининг ери, суви, ҳавоси, ерусти ва ерости қазилма, барча табиий бойликлари, ишлаб чиқариш воситалари ҳамда корхоналари, етиштириладиган барча моддий ва маънавий неъматларини ўз мулки сифатида қонунлаштириши шарт. Буни қоғозда тан олиб, лекин ҳаётга чалақонунлар имконидаги чалатадбирлар тариқасида жорий этилса, шунда ҳам пойтахтдан берилган кўрсатма туман бекларига етиб боргунча бир нечта қовун пишиғи ўтадиган бўлса, унда халқнинг нима аҳволга тушишию қандай ғазабга келишини ҳеч ким башорат қилолмайди.

 

ИСТИҚЛОЛ ЧЕГАРАЛАРИ

 

Бизда йигирманчи йиллар адабиётида шу сўз кўп ишлатилган, кейин арабча бўлгани, “миллий истиқлол” деб ёндош ишлатилгани учун, хавфсираб, тилга олинмай қўйилган. Бу сўз “бошқаларга тобе бўлмай ўз эрки билан яшаш, ўзини идора этиш” деган маънони билдиради, “мустақил” сўзи билан сарфдаги илдизи битта.

 Биз мустақиллик ҳақида кейинги йилларда кўп гапиряпмиз. Аввал хўжалик ҳисоби, корхоналарнинг эркинлиги, ҳозир, мана, иқтисодий мустақиллик, тўғри, ҳозирча иқтисодий соҳада.

Мамлакатимизда ҳозир, айрим қоқинишлар билан бўлса-да, айни шу миллий истиқлол пойдеворларини қайта тиклаш жараёни кетаётир. Иқтисодий мустақиллик деганимиз ҳам айни шу жараённинг бир белгиси, маълум бир жиҳати, холос.

Биз ишни шундан бошлаяпмиз. Ўз иқтисодиётимизни ўзимиз кўтарамиз, ўзимизни ўзимиз идора қиламиз, леяпмиз. Жумҳуриятда Президентлик лавозими жорий этилиши ҳам шунинг бир куртаги, яхши бир муждаси. Шунга мувофиқ равишда яқин келажакда ҳам бошқарувда талай эркинлик берадиган ўзгаришлар бўлади, деб умид қиламиз.

Лекин мавжуд маъмурий-унитар тузум, марказлашган федерация ҳозирча иқтисодий соҳада бўлса-да, ТЎЛА МУСТАҚИЛЛИК бера оладими?

Мана, иқтисодимизнинг асосларидан бири, тижорат, товар айирбошлашдаги муҳим маҳсулотимиз – пахтани олайлик. Иқтисодий мустақил бўлсак, бир асрлик орзуимиз – пахтани жаҳон нархларида сотишга эришамизми? Нафсиламрини айтганда, бу ғалабани қўлга киритиш мумкин. Лекин бошқа савол туғилади: уни ким сотади – хорижга бевосита жумҳуриятнинг ўзи сотадими ёки Иттифоқ қозонига ҳозиргисидан баландроқ нархда топширадими? Агар жумҳуриятнинг ўзи хорижий давлатлар билан олди-берди қиладиган бўлса(бу муқаррар), унда жумҳуриятнинг халқаро тижорат ишларида ваколатидан ташқари, мустақил дипломатия ҳуқуқи, элчихоналари, ваколатхоналари, халқаро савдо муассасалари, мамлакатлар билан товар-пул айирбошлаш муомалаларини юритадиган мустақил ташқи савдо банки, шунга мувофиқ валюта жамғармаси бўлмоғи даркор. Бусиз иқтисодий мустақиллик чекланган – чаламустақилликка айланади, чоракорлик амалда давом этаверади.

Фақат пахта борасида эмас, барча етиштириладиган ва табиий бойликларга ҳам мустақил эгалик қилиш ана шундай халқаро ҳуқуқий мақомга интилишни тақозо этади. Чунки жумҳуриятнинг иқтисодий мустақиллиги фақат Иттифоқ миқёсида маҳсулот олиш ва маҳсулот чиқариш билан чекланмайди, зеро айни шу куннинг ўзида ўзбек пахтаси Иттифоқ давлати орқали ўнлаб хорижий мамлакатларга сотилади. Энди жумҳурият билвосида эмас бевосита хориж билан иқтисодий-молиявий алоқалар ўрнатиши, фақат хом ашё ё маҳсулот чиқармай, балки жаҳон бозорида уддабурон сотувчи ва тежамли харидорга айланишига, яъни жаҳон муомаласидаги ўз пулидан пул туғдириб туришига тўғри келади.

Иқтисодий мустақиллик ўз навбатида ишлаб чиқариш, ички савдо, товар айирбошлаш, нарх тартиби, пул муомаласи, қишлоқ хўжалиги таркиби, фан, халқ таълими каби соҳаларда ҳам янгиланишни тақозо қилади. Зеро, давлат хўжалик ва ижтимоий сиёсати ўнлаб тармоқларга бўлинганига, маданий-маънавий соҳа талай-талай жабҳаларни қамраб олганига қарамай, яхлит, мисоли шох,     новдаю барглари бир танадан ўсиб чиқадиган дарахтдай бир бутундир, бир тармоқнинг ўзгариши бошқа барча тармоқларнинг қайта қурилишига олиб келади. Кичиккина бир мисол: Японияни олсак, японларнинг ўзи мамлакатларининг бугунги мислсиз равнақини ўтган асрда халқ маорифи борасида қилинган ислоҳ натижаси, деб изоҳлайдилар. Бизда ҳали бунақа ислоҳлардан қанча-қанчасини амалга ошири ш керак…

Бизда талаблар ҳам, муаммолар ҳам, уларни ҳал этишга интилиш ҳам керагича топилади. Аммо имкониятлар бўлгани ҳолда уларни юзага чиқара оладиган, жумҳуриятнинг негиз муаммоларини Иттифоқ ва жаҳон миқёсида таҳлил қиладиган, турли соҳаларни биргаликда, жамлаб мушоҳада юритадиган иқтидорли мутахассислар жуда оз. Борлари ҳам оломон савиясида туриб, халқ билан баҳслашишдан, муаммони ечишдан кўра, ечиб бўлмаслигини уқтиришдан нари ўтолмаётир. Бугунимиз бундан ўн, йигирма, ўттиз йил олдин келажак бўлган, шу келажак аниқ режа, фикрларга эмас, шиорларга қурилган, эртага шундай керакли кадрлар тарбиялаш зарурлиги ўйланмаган. Мана, кўряпмизки, ҳозирнинг илғор иқтисодий, ижтимоий, маънавий, ҳуқуқий тафаккурини “пишитадиган” етук халқ вакиллари ёк ҳисобида.

Ҳолбуки, истиқлол – энг аввало оқилона фикр, жаҳоний тафаккур, одамларни олис манзилга чалғитмай етаклашга қодир бўлган теран ғоялар мажмуи ҳамдир. Биз фақат маҳсулот таъминотида эмас, фикр таъминотида ҳам танқисликка учрадик…

УМИД – ЭНДИГИ ЎЗГАРИШЛАРДА, яқин келажакка бугун пойдевор қўйилишида. Шунда истиқлол чегаралари кенгаяди…

    1990 йил

“Ёш Ленинчи”

Leave a Reply