BBC Uzbek
Минтақадан мустақил журналист
5 декабр 2012
“Аҳмад Аъзам асарларида одатдагидай боши ва охири бор воқеалар, сабаб ва оқибат доирасида ҳаракатланадиган қаҳрамонлар тасвирланмайди. Бир қарашда ижтимоий салмоқдан маҳрум майда тафсилотларнинг адоқсиз силсиласи акс этгандай туюлгувчи бу асарларни тушуниш осон кечмайди. Чунки бу тафсилотлар замиридаги маънони ўқирманнинг ўзи топиши керак бўлади.»
Адабиётшунослар Қозоқбой Йўлдош ва Муҳайё Йўлдошевалар Аҳмад Аъзам ижоди борасида сўз юритар эканлар, ана шундай фикрга келишган.
Улар ўз фикрларини давом эттира бориб, шундай ёзишганди:
«Бундай яратиқлар адабиётни янгилабгина қолмай, китобхонлар дидининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Аҳмад Аъзам асарларининг ички механизми қандайлигини, уларнинг бадииятини таъминлаган омиллар нималардан иборатлигини аниқлашга уриниш ўқирманга ҳаётнинг кўзга ташланавермайдиган майда ҳодисалари замиридаги улкан маъноларни англаш имконини беради.»
Мен Аҳмад Аъзам ижодининг маълум қирралари ҳақида топиб айтилган бу фикрлар таъсиридан чиқа олмаслик асносида ижодкорнинг бадиий асарлари эмас, балки негадир унинг зукко, ғамхўр адабиётшунос сифатидаги чуқур таҳлилларини эслайман.
Аҳмад Аъзам ҳозирги шеърият ҳақида ёзган бир мақоласида шундай сатрлар бор:
«Тобора ҳуснига ҳусн қўшилиб
Тобора очилиб бормоқда бу гул –
Биллур гулдондаги гул…»
(Болтабой Бегматов)
Мушоҳада чегараларини ўзгартириш, бузиш. Бу тафаккур шу пайтгача урфда бўлиб келаётган шакллардан чиққан, айни чоқда унга сиғмайди. Йўқ, бу ёшларда анъанани инкор қилиш, ўз янгилигини мажбурлаб тиқиштиришга уриниш эмас, уларга келган янги фикр олдинги ўзанлардан тошиб, қирғоқларини кенгайтиряпти ва… янги воҳалар яратмоқчи.»
Адабиётшунос Аҳмад Аъзамнинг талабчан эътиборига ҳар қандай шеър ҳам тушавермайди. У бу шеър ёзилган пайтни айтмайлик, ҳалигача кўплар билиб-билмаган Болтабой Бегматовнинг сатрларига мурожаат этишда давом этади:
«Эрк эса, қафасга кўникмас, ғолиб –
Бир қушки, бошингга қўнолмай ҳалак
Бу тахлит шеъриятда шу эрк тажассум, сўзнинг озод масъуллиги мавжуд: ҳар бир ташбеҳ, ҳар бир ислоҳ, ҳар бир ифода тўхтаб, ўз устида ўйлаб олишга ундайди. Бу эса, табиийки, янги шеърхонни тарбиялаб етиштиришга олиб келади».
Зукко адабиётшунос Аҳмад Аъзам ўзбек насри ривожига ҳам катта ҳисса қўшди. Бадиий тилга қайғурар экан адиб ва адабиётшунос шундай деганди:
«Тили унча тоза бўлмаган асарларни ўқий олмайман, жумладан қиёмига еткизмай қилинган таржималарни ҳам. Демоқчиманки, мени танқидчиликни ташлаб, ёзувчи бўлишга ундаган омил шу. Дунёнинг сара асарларидан жуда кўпини ўқиб юрдим, рус тилига қилинган шу таржималар орқали шаклландим. Ёзувчи бўлиб, у-бу нарсаларга эришган бўлсам, ана шу таржималар ва ўз адабиётимиздан териб-тергилаб олиб ўқишим туфайли. Ва бунда, албатта Самарқанд университетида Навоий бобомиздан чуқур дарслар олганимизнинг ҳам улуши жуда катта.»
Аҳмад Аъзам айримларга ўхшаб «мен уни ёзганман, буни қойиллатиб қўйганман», дея ҳеч қачон айтмаган.
«Қанақа ёзувчи эканимга ўзим бир нарса дейишим қийин, баҳони китобхон беради. Мен қанақа ёзувчи бўлишга интилганимни гапиряпман. Шу ўқиш, ўрганишлар маромида ўқувчи, китобхонни ҳурматлаб, унга ақл ўргатавермаслик, ҳаёт ҳақида унинг ўзи ҳам биладиган хулосаларни тиқиштирмаслик, тенденцияю мафкурадан қочиш, холис туриб, тасвирдан фикр чиқариб олишни ўқувчининг ўзига қолдириб ёзиш йўлини танлашга ҳаракат қилдим».
Ва адибнинг «ҳаракат»ини унинг асарларида яққол кўриш мумкин.
Адабиётшунослар Қозоқбой Йўлдош ва Муҳайё Йўлдошева Аҳмад Аъзам ижодига мурожаат этар эканлар шундай фикрга келишади:
«Аҳмад Аъзам асарларида одатдагидай боши ва охири бор воқеалар, сабаб ва оқибат доирасида ҳаракатланадиган қаҳрамонлар тасвирланмайди. Бир қарашда ижтимоий салмоқдан маҳрум майда тафсилотларнинг адоқсиз силсиласи акс этгандай туюлгувчи бу асарларни тушуниш осон кечмайди. Чунки бу тафсилотлар замиридаги маънони ўқирманнинг ўзи топиши керак бўлади. Бундай яратиқлар адабиётни янгилабгина қолмай, китобхонлар дидининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Аҳмад Аъзам асарларининг ички механизми қандайлигини, уларнинг бадииятини таъминлаган омиллар нималардан иборатлигини аниқлашга уриниш ўқирманга ҳаётнинг кўзга ташланавермайдиган майда ҳодисалари замиридаги улкан маъноларни англаш имконини беради».
Аҳмад Аъзамнинг дастлабки ҳикоялариёқ ўзбек адабиётида воқеага айланганди.
Адибнинг “Асқартоғ томонларда” қиссаси нозик дидли китобхонларнинг севимли асари бўлиб қолди.
Айни пайтда эса адибнинг сўнгги романи – “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар”нинг ўзига хослиги таъкидланмоқда.
Бу ўринда адабиётшунослар Қозоқбой Йўлдош ва Муҳайё Йўлдошеваларнинг айни шу роман борасидаги тадқиқотларига юзланамиз:
«Асрлар давомида нафақат жисми, балки тафаккур ва туйғулари ҳам занжирга солинган ва бу ҳолатдан ҳеч қачон чиқолмайдигандек туюлган ғулийларнинг бош қаҳрамон машинасидаги бадиий асарларни ўқиш туфайли кутилмаганда жуда тез ўзгариб кетиши тасвири асарга суръат бағишлаган. Оломоннинг қанча маблағ, меҳнат ва вақт сарфлаб яратилган олмазорларни ёк қилишга, бутун мамлакат аҳлига йўл кўрсатиб, ҳаммани ўзига сиғинтирган доҳий ҳайкалини бир кундаёқ йиқитишга киришиб кетгани тасвирлари таги пуч қадриятларга эътиқод қўйган тўданинг қиёфасиз қиёфасини ҳаққоний акс эттириши жиҳатидан аҳамиятлидир».
Адабиётшунослар асардаги тасвирларнинг кучли эканлиги ва уларга чуқур маъно юкланганини таъкидлашади:
«Миллат рамзига айланган олма шунча кўп ейилишига қарамай, бирорта чақалоқнинг тайёр кишанлар билан туғилиши мумкин эмаслиги ва одам занжирсиз ҳам яшай олиши мумкинлигини асар қаҳрамони бўлмиш ёзувчининг китобидан англаб қолган ғулийлар ҳолати тасвири адабиётнинг ижтимоий қудратини ифодалаши жиҳатидан ҳам диққатга лойиқ. Бу тасвирлар оломон қарашларининг тайинсизлигини англатишига кўра ҳам ғоят ибратли».
Адабиётшуносларнинг «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар» ҳақидаги қуйидаги хулосаларига қўшиладиганлар эса кўп:
«Романнинг ўзига хослиги шундаки, уни тўлиғича ижтимоий бадиият намунаси дейиш ҳам, ижтимоий муаммолар инсон руҳиятини очиш воситасигина бўлган асар деб санаш ҳам мумкин. Адибнинг эстетик манзара яратишда майда деталларни батафсил тасвирлаш усули ўқирманни ҳушёрликка, бирор тафсилотга бефарқ бўлмасликка, асарни синчиклаб ўқишга ундаб, унинг бадиий савиясини ўстиради. Романда қаҳрамон тушиб қолган иложсиз вазият китобхоннинг раҳмини келтириш учун эмас, тирик одамни яхши ва ёмон, кучли ва ожиз, эзгу ва ёқимсиз қирралари билан ҳаққоний кўрсатиш мақсадида тасвирланган».
Аҳмад Аъзам ўзининг илк адабий-танқидий мақолалари биланоқ ўзбек адабиётининг куйинчакларидан бири эканлигини кўрсатганди. Унинг бу куйинчаклиги ҳозир кучайган бўлса, кучайган, лекин заррача сусаймаган.
Жумладан, Аҳмад Аъзам ўзбек адабиётининг катта жаҳон адабиётидан муносиб ўрин эгаллашини истайди:
«Ўзбек адабиётини четда билишлари учун энг аввало ўзбек миллати, давлатининг нуфузи четда ҳам баландроқ бўлиши керак. Биз шўро пайтида, фалон ёзувчимизни дунё танийди, у дунёнинг фалон тилларига таржима қилинган деб, дунёни социалистик лагердан кенгроқ тасаввур қилолмай, фахрланиб юрар эдик. Дунёнинг бизга қизиқиши бўлса, ўзи билдирар эди. Бизда ўзимизни тарғиб этиш бўйича ривож ёк, кўпроқ ўзимизни ўзимизга мақтаймиз, хусусан адабиётни четга танитиш бўйича… ҳеч қанақа иш қилинмайди. Кейин бу ерда тилни билиш масаласи ҳам бор. Қодирий туркий бошқа тилларда, тожик тилида Қодирий бўлиши мумкин, лекин Оврупо тилларида уни бутун борлиғи билан кўрсатишнинг сира иложи ёк. Уни четда машҳур қилиш учун Япония ва японлар сингари эътиборда туриш керак».
Адиб ва адабиётшунос фикрича тўғри адабий сиёсат юритилса, ҳаммаси бўлмасада, кўп нарса изига тушиб кетиши мумкин:
«Тайинли адабий сиёсат ёк! ОАВ ва нашриётлар адабиётни ўлдирмаса ҳам, тубга чўкдириб юборди. Энг катта тираж 5 минг! Гонорар ёк. 2006 йили китоб чиқариб, гонорар ўрнига атиги иккита китоб беришди. Ҳозир пайдо бўляпти, лекин ҳали ҳемири, маънавият, қалб амри, виждон, халқнинг олдида бурч деймиз-у, лекин ёзаётганда қорнингизга бир нарса тушиб туриши керак-ку. Бу ёқда фарзандлар катта бўлган, уйлаш, жойлаш, тўй… Китоб дўконларини эса адабиётга алоқаси бўлмаган олди-қочди нарсалар тўлдиряпти, ўқувчи олди-қочди билан тўйғазиляпти. Ҳа, энди хўроз сал-пал ҳавога қараб, лекин бари бир, ҳамма ерда, хусусан атрофимизда бир хил қичқираётган бўлса керак».
Бу ҳеч бир ёзғириш эмас, адабиёт, адабиётни яратаётган инсонлар тақдирини ўйлаб юрак-юракдан куйинишдир.
Аҳмад Аъзам бозор даврига ўтиш асло тилнинг ғариблашиши эмаслигини қўлига қалам олган ҳар бир ижодкор англашини истайди:
«Энг ёмони, тилга эътиборсизлик кўникмага айланяпти, тил ҳақида гапириш ҳатто эриш туюладиган бўлиб қолди. Тили, бадиият бўлмаса ҳам том-том китоблар чиқяпти-ку! Тил – саралайди, мезон, бу мезон ёкола бошлагандан бери «шиғарма»лар урчиб кетди.. Бир тетралогиянинг ярим саҳифасини ўқишга ҳам кучим етмади – шу қадар ясама, шу қадар сунъий. Дарвоқе, бизда тетралогиялар ҳам ёзиб ташланяпти!»
Айни бир пайтда талабчан адабиётшунос, истеъдодли адиб ўзбек адабиётида янги ва яхши асарлар яратилаётганидан кўз юммайди:
«Албатта, бу айтганларим адабий жараённинг юза қисми, кўпиклари, лекин тубда яхши ҳаракат бор, тубдан қоялар ўсиб келяпти. Назмда Абдували Қутбиддин, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад. Хайрулло Файз… насрда Назар Эшонқулга ўхшаган, Хуршид Дўстмуҳаммад, Собир Ўнар, Луҳмон Бўрихон, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам каби менга нисбатан ёшроқ носирларимиз бор яна. Умид шулардан. Бари бир адабиёт ўлмайди».
Ҳақиқат кўзига тик қараб келган, қараётган адиб ва адабиётшунос Аҳмад Аъзам фикрича вақт кўп нарсанинг ҳакамидир:
«Ҳозиргиларидан қандай асарлар яшаб қолади, деган саволнинг жавоби келажак китобхонига ойдин бўлади. Ҳар ҳолда, аччиқ ҳақиқат, шаккоклик эмас бу, кўп асарларимиз тарих чиғириғидан ўтмайди. Кимдир ё кимларнингдир хоҳиш иродаси билан эмас, замон ўзгариши, мафкура – фикрлашимиз янгиланиши билан қанча асарларимиз ўтмиш мулкига айланди, бу жараён ҳали давом этяпти, адабиёт эҳтимол шафқатсизларча ўзини тозалаяпти, бизнинг ёзганларимиздан қанчаси бир куни ўтмиш мулки бўлиб қолади, бу – бошдан дўппини олиб, хотиржам ўйлаб кўрадиган масала».
(Мақолада Аҳмад Аъзамнинг интернет-сайтидаги манбалардан фойдаланилди).