Skip to main content

2000 йил

Одам бир дақиқа ҳам ўйсиз, фикрсиз, мисоли бўм-бўш  идишдек боши ҳавол ўтира олмайди. Ўйланадиган фикр эса кўп. Албатта, фикрлашда тирик жоннинг энг кўп вақти унинг ўзи, ишлари, рўзғор, оила ташвишларига кетади. Одам бу ташвишларга  ҳам ўрганиб қолган, шунчаки кўникма билан – кеча, бир ой, бир ё ўн йил олдин қандай бўлса, шундай  ўйлайверади, негаки,  бу ташвишлар кундалик, одатий, уларнинг тушуниксиз жойи ёк, ҳаммасини келишса, ҳал қилса бўлади, қулай шароит керак, холос,  шунинг учун ҳам, «Ишқилиб, ўлим бўлмасин,  ҳаммасига йўл бор,  фақат ўлимга чора ёк!» дейди халқимиз. Бир ҳисобда, ҳаётнинг шу  кўникмага айланган равиши ҳам яхши, ўрганиш бўлган турмуш тарзининг бузилмасдан, осойишта давом этиши ҳам жамиятнинг катта бойлиги.
Лекин айни шу тинчликдан келиб чиқадиган, осойишталикда кўникмага айланадиган туйғуларни ўйласанг, буларнинг замирида ўта бамайлихотирлик, ўзгаришларга бепарволик, хавфга беписандлик пайдо бўлмасмикан, одам фақат ўз тўкинчилиги, кўнгилхотиржамлиги билан ўралашиб, каттароқ, кўпчиликка, Ватанга, миллатга, халқни халқ қиладиган масалаларга бепарво бўлиб қолмасмикан деган фикрларга ҳам борасан киши.
Мана, масалан, мен  Боткен деган жойга бормаганман, отини ҳам ўша нотинч воқеалар бўлганда билдим. Очиғи, ўша воқеаларни биринчи эшитганимда шу жойнинг ўзи ҳам, у ерда яшаётганлар ҳам, уларнинг тинчгина ҳаётини бузиб, бостириб кирганлар ҳам биздан жуда узоқ, хусусан менга дахли ёкдек туюлди.  Ҳа, шундай, ўқ, питра, порох ҳидини билмаган, қон тўкилишини кўрмаган, ўзининг осойишта қишлоғи ё шаҳарида тинчгина умр кечириб юрган ҳар қандай одам учун бу ўй табиий. Чунки унда ҳали ўзини, оиласини, қишлоғи ё шаҳари учун сергак туриш ёк, ҳимоя туйғулари шаклланмаган, юрагига ҳали хавотир ораламаган, шунча йил осойишта яшаб келган одамнинг тебраниши ҳам қийин. У воқеалар-ку, чегарадан нарироқда, Боткенда бўлди, бундай воқеанинг, худо кўрсатмасин, ичида бўлганда ҳам одамнинг ақли бовар қилмайди: бу бир даҳшатли туш бўлса керак деб кўз ўнгида бўлаётган, кўриниб турган воқеага ишонмайди, эсанкирайди: «Бўлиши мумкин эмас», «Ҳозир кўзимни очаман, ҳаммаси яна илгаригидек бўлади, бунинг ҳаммаси рўё», дейди.
Боткенда бўлган ўша воқеаларни бир эшитдик, бошқа эшитмайлик, кўрганлар ҳам бошқа кўрмасин, ростдан ҳам бунақа ваҳшийликни ақл бовар қилмайди, ақли бор инсон боласи бу ишга қўл ҳам урмайди. Телеэкрандаги ахборот саҳифаларида бирда-ярим лип этиб кўриниб қоладиганларининг жун босган турқи, юриш-туриши нафақат ёввойи аҳволга тушганини, балки шу ёввойиликни бўйнига олиб, ёввойиликка ҳатто жонини тикканини ва ҳатто Ватанини ҳам ёввойилик чангалзорига айлантиришга қасам ичганини ҳам кўрсатади.
Лекин… уларнинг айни шу ёввойилиги бизнинг бехавотир, тинч, осойишта, барқарор шароитда шаклланган, тўғрилик, адолат, инсонпарварлик, инсоф-диёнатга қурилган, худди шу туйғулар билан ўралган, бунақа синоққа учрамагани учун ҳали ҳимоясиз зеҳниятимизга қаратилади.  Ақл ҳамиша мантиқ ахтаради, тўғри одам ўғрини тушунмайди, диёнатли одам виждонсизликни кўрганда шошиб қолади, портлашни кўрмаган одам портлашларда эсанкирайди, қон кечмаган одам қондан чўчийди ва ҳоказо. Куппа-кундузи бир росмана бир одамнинг ҳуришини тасавур қилинг, кейин у яна ириллаб келиб сизни талаб ташласа, қандай аҳволга тушасиз? Ақл бунақа пайтлари мантиқ тополмайди, ожиз қолади. Ҳалиги ёввойиларнинг ҳам қилиғи шундай, улар ўз кирдикорларини худди шу нарсага – мантиқсизликка қурадилар. Худди шу шафқатсиз, тошбағир мантиқсизлик тинч яшаётган, фикрли-мулоҳазалари одамларни нотинч аҳволга солади, улар шу пайтгача таяниб келаётган зеҳниятни омонат қилади, бир, ўн, юз, минглаб одамларнинг кўнглига ғулғула солади… Одамкушларнинг атай ўйлаб, режалаштирган мантиғи шунда. Худога шукр, бултур Ватанга қарши қилинган қабоҳатда уларнинг ниятлари амалга ошмади, Президент бағрикенгликка уйғун бир қатъият кўрсатди, халқимиз босиқ-вазмин оқиллигини намоён қилди.
Шукр дейсану яна ўйлайсан: четдан чегарамизга дахл қилмоқчи бўлганларнинг орасида ўзимиздан кетган йигитлар бор экан, ўн олтинчи февралда қўлини қонга ботирганлар ҳам  ташқаридан эмас экан, улар қаерда, қандай муҳитда униб-ўсди, бирон нарсадан шунча сиқилдилармики, бу қадар қабоҳатга қўл урдилар деган саволлар одамга тинчлик бермайди. Мана, биз яшаяпмиз-ку, шу Ватан, шу – ўзимизни деб вазминчилик бўлса –  чидаяпмиз, оғирлик бўлса – кўтаряпмиз, миллатни деб ишлаяпмиз, бўлаётган яхши ишларни кўриб, келажакни ёриштираётган ўзгаришларга қараб қувонамиз, бировимиз ундайроқ, бировимиз мундайроқ, ишқилиб, умумий уйимизни обод қилиш учун, умуман, яхшиликни деб юрибмиз, кам бўлаётганимиз ёк. Ўз юртига қурол кўтариб келган, туғилган гўшасини қонга ботиришдан тап тортмаганлар қаерда тарбия кўрган, қайси калла билан улар ўз халқининг, Президентининг жонига суиқасд қилди, ақли бор бўлса, бу ваҳшийлик бутун бошли мамлакатни қонга ғарқ қилиши ва… энг биринчи ўзлари шу қонда ғарқ бўлиши эҳтимолини ўйлаб кўрмасмиди? Ҳар қалай, яратганга айтганимиз бор экан… ўша оғир кунлар ортда қолди, улар халқнинг қарғишига учради.
Лекин, бари бир ўйлайсан, баъзан ўзингга тескари ўйларга бориб, истиғфор айтасан. Биттаси – демократия ҳақидаги ўй! Биз қурмоқчи бўлаётган жамият. Биз интилаётган келажак! Ўзинг шу демократия, шу келажакдаги муҳташам ҳаёт иморатимиз учун курашга бел боғлайсан-у, яна кўнглингни иштибоҳ босади: неча-неча йиллардан бери қуллик муҳитида яшаб, мутелик кўникмалари қон-қонига сингиб кетган, бошқача ҳаёт энди ноўнғай бўлиб қолган одамни озодликка чиқариш шартмикан, эркинликни  тушунмаган, унга ўрганмаган, ундан фойдаланишни билмаган одамга эркинлик бериш тўғримикан, деган шубҳаларга бориб, ўзи тўғри қиляпманми, ҳаётимни чикорага сарфлаб юбормаяпманми ҳам дейсан. Империя асоратидан қутулсак-да, у «халифат» деган яна бир асоратга қул бўлайлик деб турса, Ватан мустақил бўлса-да, у энди ўзиники бўлган ватанга отаман деб милтиқ кўтариб келса, мана, ол  эркингни деса, у яна ўзига янги хўжа изласа, дину диёнатинг армон эди, мана, эътиқодингга ҳурлик, ана, масжиду мадрасанг, илмингни ўрган, намозингни ўқи, ибодатингни қил, деса, у қайсидир хўжайини олиб берган лозим-иштонга ўраниб, минг йил олдинги ғорларга кириб олиб, динбузарлик-юртбузуқиликдан «сабоқ» олса…   Барака топгур, қайси асрда яшаяпсан, ўша шу гапларни сенга уқтираётган ғор жойлашган хориж юрт аҳлидан сўра, бу гаплар уларнинг ҳам калиши йиртиғидан тушиб қолмаганмикан! Нега ўзгалар аллақачон тупуриб ташлаган тупукни  сен оғзингга оласан, кунинг шунга қолдими? Хаёлингда шунақа хитоблар чарх уради.
Албатта, бу ақли ноқислар учун демократияни айблаб бўлмайди, лекин эркинликка алоқаси бор, тўғрироғи, эркинликка нонкўрлик бу! Бир ҳовуч, бир тўдани деб жамиятнинг катта бир жараёнига, ривож йўлига шубҳа билан қараш ноўрин. Ҳеч бир жойда тараққиёт силлиқ кечмаган, идеал жамият, мукаммал инсон ёк; ҳатто демократияни шунчаки кўчирсанг, жонсиз нусха, фойдасидан зарари кўп бўлади. Демократия эркинлигини фақат намойиш ўтказишу ҳукуматни сўкиш, фикр ҳурлигини тарафма-тараф бўлиб дўқ уриш, деб тушуниб, даҳанаки жанг бошлаган, кейин бутун бошли халқини қонга белаганини билмай қолган норасоларни чегаранинг шундоқ ортида кўриб турибмиз.
Кўп нарса эсга келади. Кексаларимиздан сўранг: очарчиликдан ўлмай нонга етиб келган одамга таомни бемалол қўй – у бўкиб ўлиб қолади. «Ўттиз учинчи йили амаким очликдан қочиб, Жанубий Қозоғистондан Тошкентга – бизникига келди, – дейди суҳбатимизда бир донишманд қозоқ олим. – Ўша очарчилик йиллари ҳам уйимизда нон етарли эди. Шунда отам сира қилмаган ишини қилди, нонга қулф солиб қўйди. Э-э ота, бовурингиздан ҳам нонни қизғасизми, десам, нонни кўриб турса, кўп еб қўйиб ўлиб қолади амакингнинг болалари, деди.» Одамнинг аҳвол-руҳияси унинг танасига ўхшаса, унда озодликни ҳам меъёрида, расамади билан бўлиб-бўлиб бериш керакмиди, деб ўз ихтиёрингга тескари хаёлларга ҳам борасан. Ҳар қалай, ана озодсан, ихтиёр ўзингда, хоҳлаган либосингни кий, десанг, шир яланғоч ечиниб, менга мутлоқ озодлик керак, дейдиганлар ҳам бор. Гавҳар нималигини кўрмаган гадога бу ноёб тошни берсанг,  у отиб ўйнаб ё ўзининг ё бировнинг кўзини чиқаради; унга тош нима, гавҳар нима – барибир. Яна… ҳаёт – шошқин дарё, ҳозир  унинг энг асов жойидамиз, гирдоблару гумлардан эсон-омон, беталафот ўтиб олиш учун кемамиздаги бор мол-мулкимизни танғиб боғлашимиз, қаттиқ тартиб ўрнатишимиз,  ҳаммамиз елкани елкага тираб, қўл ушлашиб, ҳеч кимнинг чалғиганига қўймай, кўз-қулоқ бўлиб манзилга етиб олишимиз керак, дейсану яна дарёда эмин-эркин яйраб сузишни кейин қандай ўрганасан-у, сўнгра қайси дарёда ўрганганингни синайсан, деб  иккиланасан…
Ҳа, иккиланасан. Мана, масалан, мен кўпни кўрганлар суҳбат қиламан, ҳаммасининг ҳаёти тагида бир фожиа бор, фожиани четлаб ўтмаган оила ёк, кексалари оғир сўлиш олиб, кўпга келган тўй эди, дейдилар, бу «тўй»ни тақдирдан кўрадилар, лекин суҳбат ораларида тақдирдан ё тузумдан бошқа бандалар, одамларнинг ўзига боғлиқ жуда кўп нарсаларни ҳам айтадилар, кимни ўз яқини чаққан, ким қулоқ этилган бўлса, ҳовли-жойини қариндоши тортиб олган, отилиб кетган одамнинг кимдир хеши «ажаб бўпти» деган, хуллас, меҳр, оқибат, мурувват, садоқат намуналари минг-минг топилади, лекин булар орасида ҳалигиндай иснодли ҳодисалар ҳам кам эмас… буларни мен кўрсатувни тайёрлаганда секин олиб ташлайман, исми-шарифларни азбаройи шунақа одамларнинг фарзанди ҳаёт, невара ё чевараси бугун ватанга сидқидилдан хизмат қилиб юргандир, кўнгли оғримасин, деб ўчираман… Бола отага чақув берган, ота фарзандни оқ қилган, ука акадан воз кечган, хотин эридан ажралишга ариза бериб, жон сақлаган, кеча китобини ҳайрат кўзёшлари билан ўқиган оломон шу оташнафас шоир, ё улуғ шоир ҳақида ўлим ҳукмини ўқиганда олқиш билан ҳайқирган; юзлаб одам ўзларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган одамни мажлисларда сазойи қилган. Бунақа кўргуликлар, ахир, ббеиз кетмаган, миллатнинг юрагини тилим-тилим бўлиб ташлаган!  Fайриинсоний тузум инсонийликка оид неки бўлса, ёкотган, чалкаштирган, бузган, битиб-чатган… Фожиийлик шундаки, ана шу  мантиқсизлик ҳам кўникмага айланган, бошқа ҳаётни кўрмаган одамлар шунга мослашиб, ўрганиб кетган, турғунлик ҳаракатнинг ўрнини босган, кўлмак – гўё денгиз, нотўғри ишлар – гўё тўғри, ғайриинсонийлик – гўё янгича маданият, қонунсизлик – гўё адолат бўлиб одамларнинг қон-қонига сингиб кетган. Оқибатда, фикрсиз, интилиш-ҳаракатсиз, фақат кундалик турмуш, фақат тирикчилик, фақат тирик қолиш, яшаб кетиш ўйлари билан банд «инқилобий мафкура»  авлоди туғилди, бу авлод кейингиларига айни шу қараш ва кўникмаларни сингдириб юборди. Саксонинчи йиллар охирини бир эсланг: «Эҳ-ҳа, СССР абадий туради, уни бўлиб юборадиган куч ёк!» деб ўйлайдиганлар озмунча эдими? «Компартия, унинг Марказкоми – бу бир чўққи, метин қоя, ҳар қанча чўкич урманг, мошдек тошни ҳам учиролмайсиз, қоя шунақа мустаҳкам»,  деб танбеҳ берган эди бир академик устозимиз. Ўша йиллари етилиб келаётган сиёсий жараёнларни кўрмаслика олиб, ўз халқини нуқул ортга тортган, шўронинг умумий оғилхонасидан чиқармасликка жаҳд қилган, одамларни, астаҳфируллоҳ, мустақиллик билан қўрқитишга уринган акахонларимиз ҳам эсдан чиққанича ёк.
Ўша метин қоянинг уваланиб кетганига, ўша тузум чок-чокидан сўкилиб кетганига кўп бўлгани ёк, ақлимизни таниган ҳаммамиз ўша тузумдан… унинг нуқси урган, ис-дуди қон-қонимизга сингиган, ҳаёти кўзимизга парда тортилган ҳолда, миллат сифатида айниёзган, халқ сифатида пароканда  бўлаёзган ҳолда чиққанмиз. Озодликка эришдикми, тамом – мустамлака аҳволимиз ҳам, унинг жами исқотлари ҳам ўтмишда қолиб кетди дегани эмас эди, ахир! Бир ёнда озодликка, ҳали унинг қандай талаб ва масъулиятини англамаган ҳолда кучли ташналик! Бир ёнда ҳали ёколиб улгурмаган қуллик кўникмалари!.. Ҳозир мустақилликнинг тўққизинчи йили, одамларнинг онги-фикри мустақиллик томонга ўзгариб кетди. Ҳозир айтишга осон. Лекин бугунги манзилимизга етиб келгунча қандай омонат қилкўприкларга дуч келганимизни бизни шу йўлдан эсон-омон бошлаб келаётган Инсоннинг ўзи, атрофидагилари ва худо билади. Негаки, бу машаққатларнинг айтилган томонларидан айтилмагани ва айтилмайдиганлари кўп.
Ўн олтинчи феврал, Боткен, Чотқолдаги  воқеаларни ўйлаб, алмойи-алжойи варақани “илм” деб ўйлаётган, кўча-кўйда ё тоғу тошда адашиб қолганларни хаёлингга келтирганда, «наҳотки мутелик кетмаса, наҳотки қул ўз кишанларини соғинишини қўймаса, наҳотки шунча йил гарданидан қамчи еб келган одамнинг кўнгли яна қамчининг заҳрига суст кетаверса», дейсан, «шунча йил, бир ярим аср мустамлакада бўлганимиз, етмиш йилдан ошиқроқ ёруғликдан бебаҳра юрганимиз бизга сабоқ бўлмадимикан, биз, ахир, қачон бағрибутун, оғзибир, битта якдил миллат бўламиз,   шундай юксаклигимизни қачон англаймиз», деб ҳаммага савол бергинг келади.
Етар, ахир, биродарлар, шунча йил бўлиниб ётганимиз етар, энди бир бўлайлик, энди ўзимизга насиб қилган нонимизни тинчгина есак нима қилади, деб хитоб қиласан одам.
Лекин кўнглингнинг тубида нимадир безовталик, анов ўн олтинчи февралда товонингга кирган зирапча, ўзи суғуриб ташланган бўлса-да, санчилган жойи чимиллайверади – оғриқ эмас, оғриқнинг хотираси ухлагани қўймайди, аввал ўз ташвишларингга чўмасан, кейин бундай қарасанг, атрофингда яқинларинг, таниш-билиш, хеш-ақрабо, халқ бор, хаёлинг баландлаб боради, илдамлаб бораётган замонни туясан, бугунги нохушликлар кун келиб тарихнинг қаърига чўкиб кетишини ҳис этасан-да ва… бу учун фақат ўзимни ўйламаслигим керак деган фикрга келиб тақаласан. Фуқаролик шу ердан бошланса керак, Ватанга дахлдорлик шу ердан бошланса керак, масъулиятнинг бошланиши шудир, мен ўйлаяпман, ҳамма мен ўйлагандек ўйлаяпти, дейсан-да, ҳалиги ақли норасоларга ҳам соғлом ўй тилайсан…

Аҳмад АЪЗАМ

“Фидокор” газетаси
2000 йил

Leave a Reply