Машҳура Шералиева,
Андижон давлат университети тадқиқотчиси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» 2012 йил 24 август
Мутахассислар Чехов ҳикояларига хос бўлган бир хусусият – уларда воқеликка ёндашишда ривоят ва латифага хос тафаккур тарзининг синтезлашувини таъкидлайдилар. Худди шунга ўхшаш ҳол Аҳмад Аъзамнинг 80-йилларда ёзилган “Асқартоғ томонларда” қиссасида ҳам кузатилади. Назаримизда, Аҳмад Аъзамнинг кейинги давр ижодида бу икки ҳодиса синтезлашишдан кўра кўпроқ айрим-айрим асарлар бутунлигида алоҳида ҳолда намоён бўлмоқда. Хусусан, ёзувчининг янги “Ҳали ҳаёт бор…” номли китобига киритилган қисса ва ҳикояларида, асосан, латифага хос тафаккур устувор (Аҳмад Аъзам. Ҳали ҳаёт бор. – Тошкент, ”Ўзбекистон”, 2011).
“Ҳали ҳаёт бор…” қиссаси сюжетига оддийгина воқеа асос қилиб олинган: нашриётда ишлайдиган бир йигитни юқори ташкилотдан ёклаб қолишади… Аслида, бу воқеа, яхлит қараганда, оддийгина бир латифадек, турмушда юз бериб турадиган ва кейинча эслаб кулиб юриладиган ҳолатлардан бири, холос. Лекин ёзувчи нигоҳи шу оддий воқеа замирида санъаткор эътиборига молик, сизу биз учун аҳамиятли моҳиятни илғаб олади. Зеро, оддийгина ЙЎҚЛОВ бутун бир нашриётнинг безовталигига сабаб бўладики, шу аснода одамлар орасидаги ҳар кунлик маромида кетаётган муносабатлар ҳам бир қалқиб, яна жойига тушади.
Қисса “бош қаҳрамон ҳаётидаги муҳим бир босқични атрофлича тасвирлаб берадиган асар” сифатида асосан Аълам билан боғлиқ. Бироқ қисса Аълам ҳақида эканлиги – бу бир иллюзия. Асар худди латифалардаги каби икки “қаватли” – юзадаги алдамчи қатламдан бориб, охир-оқибат ўқувчи онгида ҳангоманинг асосий қаҳрамонлари Абдузафар ака, Турдиали, Умаров ва Сожида бўлиб чиқади. Уларнинг барчаси Аълам билан боғлиқ можаро туфайли қиссага кириб келади-да, ҳар бири алоҳида ҳангоманинг қаҳрамони сифатида қисса бутунлигидан жой олади.
Ёзувчи тасвирланаётган воқеликка Аълам каби ижтимоий-маънавий позициядан қарайди. Бу – муаллиф эстетик позициясининг бир қирраси. Шу билан бирга қисса бутунлигини белгилаётган кулгили-киноявий нуқтаи назар асарда Аълам иштирокини камайтириб, кўпроқ бошқа қаҳрамонларни асар марказига олиб чиқади. Ровий эса кулгили-киноявий позицияни ифодалашдаги фаол субъект сифатида намоён бўлади.
Нашриёт директори Абдузафар акага қўнғироқ қилиб, Камолов Аълам ҳалиям унда ишлаётганми-ёкми эканини сўрашади. Фамилияси ким-нималигини директор эслай олмайдиган Аъламни юқоридан нима сабаб билан сўроқлаб қолишгани маълум бўлгунича ўтган икки-уч соатлик вақт ичида ҳар эҳтимолга қарши чора-тадбирларни кўриб қўйиш “жараён”и бошланиб кетади. Ўша куни уйига кўмир тушириб, ишга кечиккан Аълам келгач маълум бўладики, у ҳеч қанақа хато қилгани ёк, юқоридагилар уни бор-йўғи кичикроқ бир мукофот, совға учун ёклатишибди, холос. Шундан сўнг Аъламга алоқадор “жараён”ни тўхтатиш учун жонбозликни бошлар экан, Турдиали, аслини олганда, тайин бир тамани ўйламайди. Навбати билан бош муҳаррир ўринбосари Умаровга, касаба уюшмаси раиси Сожидага, кадрлар бўлими бошлиғи Сурайёга вазиятни тушунтириб чиқади. У бу ҳаракатларини Аъламга яхшилик қилиш мақсадида бошлаб, охир-оқибат ўзи билиб-билмай Умаровни қарздор қилиб қўйиш билан якунлайди – уни хато қилишдан сақлаб қолади. Ўз навбатида Умаров ҳам Турдиали учун Москвага йўлланмани нақд қилиб қўяди. Умуман олганда, Турдиали ҳамма билан жуда самимий муомалада бўла олади. Ҳозиргина Сожидани кўкка кўтариб, Сурайё сизнинг олдингизда ким, деб турганида қанчалар самимий бўлса, Сурайёга Сожида опасининг гапларини етказаётганида ҳам шу қадар самимий бўла олади. Ёки Аъламга қанчалар дўстона муомалада бўлса, Аълам ва у кабиларга ҳечам дўст эмаслигини Абдузафар акага такрор ва такрор таъкидлаганида ҳам шу қадар самимий эди. Хуллас, Турдиали жуда “самимият” билан, “кўнгилдан чиқариб” иккиюзламачилик қилади, фойдаси бор-ёклигидан қатъий назар, ҳар бир одамни эринмай манипуляция қилиши мумкин. Дарвоқе, ҳозирги мақомида у шундай йўл тутяпти, кейинроқ, масалан, Умаровнинг мақомига кўтарилса, унинг иккиёқлама ўйинлардаги маҳорати янаям ортишини бемалол башорат қилиш мумкин. Турдиали одамлар орасидаги ҳаётни қийинлаштирадиган муносабатларни деярли ҳис қилмайди, уларни гўё ҳаётнинг ажралмас бир қисмидек қабул қилиб яшайверади. Аълам тобора тоқат қилиши қийинлашаётган бўёқ ҳиди ҳам Турдиали учун ўзи яшаётган ҳаётнинг муқаррар бир қисми каби ҳеч бир малол келмайди (“…сизга ўхшаб қийналмайман, яшаб юрибман. Ё дод солганимни кўрдингизми?”). Аввалига ровий томонидан шунчаки йўлига айтиб ўтилгандек кўринган бўёқ ҳиди ҳақидаги гаплар воқеалар давомида бора-бора одамларнинг ишлашига, яшашига ҳалал бераётган шароитнинг, муносабатларнинг моддийлашган бир кўриниши каби таассурот қолдиради.
Ҳовлидаги бўёқ ҳиди кирмаслиги учун ҳар бир тирқишни эринмай беркитиб чиққан Сурайё ким-қанақа одамлар билан, қандай муносабатлар ичида ишлаётган, яшаётганига қарамай, ҳаётга, одамларга муносабатда самимиятни сақлаб қолишга интилади. Ҳатто бўёқ ҳидини деярли сезмасликка ўрганган Турдиали ҳам Сураййёнинг хонасидаги ҳаво қанақадир тозароқ, бўёқ ҳидидан ҳоли эканини сезади. Ғалати парадокс: Турдиали бўёқ ҳидини сезмайди, лекин унинг ёклигини дарров сезади. Назаримизда, бўёқ ҳиди ёклигини меъёрдан ташқари ҳолатдек қабул қилгани сингари, унга ўзининг иккиюзламачилиги ҳам меъёр, Аъламнинг ҳамма нарсага тўғри кўз билан қараши эса меъёрга сиғмайдиган ҳолат бўлиб туюлади.
Аълам айнан Сожиданинг хонасида бўёқнинг тоқат қилиб бўлмайдиган заҳрини ҳис қилади. Айни пайтда Сожиданинг феъл-атворидаги киши тоқат қилолмайдиган майдакашлик, оддий ҳақиқатларни англамаслик кабиларни кузатиб, унга биринчи марта кўриб турган нарсасига қарагандек ҳайрон бўлиб тикилади. Унинг ҳайронлигида гап бор – у кимдир ўрганиб қолган, кимдир табиий деб қараган, яна кимдир индамайгина тоқат қилаётган нарсаларга бошқа кўз билан, бошқа нигоҳ билан қарайди. Аъламдаги ана шу “бошқача” нигоҳ уни ўз ҳаётининг ҳеч бир кераксиз муомала-муносабатлар билан заҳарланишига йўл қўймасликка ундайди.
Аълам бўёқ ҳиди анқиган ҳаводан ўпкаси тешилиб нафас олмаслик учун, эҳтимолки, келажакдаги ҳаётини асабни эговлайдиган, асосий ишидан, ижоддан чалғитадиган, ҳеч зарурати ёк муомала-муносабатларга қурбон қилмаслик учун ишдан бўшаш ҳақида ариза беради. У бу иши билан ҳеч кимга иддао ёки зарда қилаётгани ёк. Ёзувчи буни Аълам ҳаётидаги фожеий ҳолат ёки драматик вазият сифатида талқин қилмайди. Абдузафар ака билан, умуман нашриётдагилар билан Аълам ўртасида жиддийроқ тўқнашув, тортишув ҳам рўй бермайди. Шунинг учун ҳам унинг ишдан бўшашига сабаб тополмай бош қотиришади. Нима бўлганда ҳам, Аълам учун олдинда ҳали ҳаёт бор, у ўзлигига мувофиқ яшаш учун шароит, ижод қилиш учун имкон ахтаради. Нашриёт эса Аълам мисолида янги нафас бўлиши мумкин бўлган одамдан, эҳтимолки, келажагидан – эркинроқ, инсонийроқ, табиийроқ ҳаётидан айрилади. Ишдан кетган Аъламнинг эмас, Аъламсиз қолаётган нашриётнинг ютқизиғи кўпроқдек. Ҳар ҳолда, ёзувчи қисса марказига қўйилган муаммони Аъламнинг драмаси сифатида эмас, нашриётдагилар ҳақидаги латифа сифатида тақдим қилгани асар охирига бориб янада очиқроқ маълум бўлади. Асар Абдузафар аканинг ичида ўзича Аъламга ҳавас қилиш саҳнаси билан якунланиши бежиз эмас: “Маза-я шуларники, хоҳласа ишлайди, хоҳламаса – ёк. Бемалол бўшаб кетаверади. Юқоридан рухсат ҳам сўраб ўтирмайди! Ушлаб турадиган ҳеч нарсаси ёк”. Директорлигини долонда оҳиста хуштак чалиб юриб, ходимларнинг кирган-чиққанини, иш билан қай даражада бандлигини текшириб юришдан иборат деб биладиган, ишлаш (яшаш) нималигини аслида умуман билмайдиган, бошқаларнинг ҳам ишлашига (яшашига) ҳалақит бераётганидан бехабар Абдузафар ака учун Аъламдаги бошқача фикрлашнинг ўзиёқ юмшоқроқ тегадиган, ўзидан мамнунлик уйқусидан уйғотиб юборадиган тарсакидек гап. Унда ғира-шира бўлса-да, ўзидан кўнгли тўлмаслик ҳисси пайдо бўлади. Шу сабаб ҳар доимги ҳамма нарсадан мамнун одамнинг хуштаги бу сафар унинг ўзига шунчаки вишиллаш бўлиб эшитилади…
А.Камюнинг “Вабо” романини таржима қилиш ҳамда “Ўзлик” туркум кўрсатувлари ёзувчи учун қай бир даражада ўтмишни ривоятга хос тафаккур тарзи орқали идрок этиш воситаси бўлди, дейиш мумкин. “Ўзлик” – қатағонга учраган кишиларнинг ўлмаган умиди, синмаган сабри ҳақидаги жиддий суҳбатлардан иборат кўрсатув. “Қатағон йили” ҳикоясида эса, аксинча, ўтмиш давр тузуми латифанамо бир йўсинда тасвирланади. Ҳикоядаги бекатда бўлиб ўтган можаро бир қарашда ўта арзимасдек кўринади. Бироқ тазйиқу босимлар шароитида яшаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари беихтиёр кулги уйғотиш билан бирга, вазиятга қараб қандай роль ўйнашидан қатъий назар, барибир, инсон ҳар қандай шароитда ҳам инсонийлигини у ёки бу шаклда намоён қилишга (мелиса йигит), инсон сифатида, шахс сифатидаги ўз чегараларини ўзича ҳимоя қилишга (ҳикоячи, Саид бово) уриниши ҳақидаги хулосага олиб келади.
Аҳмад Аъзам ўз қаҳрамонларини одатдан ташқари вазиятларда синашни яхши кўради. Бу ҳам қаҳрамонларнинг афандинамо одату тасаввурлари, хатти-ҳаракатларини тасвирлаш учун қулай усул. Бу борада “Соясини ёкотган одам”, “Мастиржамият”, “Нотўғри туш” ва юқорида тилга олинган “Қатағон йили” ҳикоялари алоҳида ўрин тутади.
Ниҳоят, ёзувчи асарларидаги ровий, ҳикоячи-қаҳрамон ҳақида. Одатда маҳоратли ёзувчиларнинг асарларида ҳикоя қилинаётган воқеагина эмас, “ҳикоя қилиш ҳодисаси” (М.М.Бахтин) ҳам аҳамиятга эга бўлади – муҳим эстетик функция бажаради. Аҳмад Аъзам воқеани ҳикоя қилишнинг ҳадисини олган, бу борада ўзига хос услубга эга ёзувчи. Адиб асарларидаги ровий кўпинча сизу бизга ўхшаган оддий одам, барчамиз каби у ҳам инсоний заифликлардан, камчиликлардан ҳоли эмас. У гўё кечагина уйда, кўчада, ишхонада бўлган ҳангомани худди ошнасига айтиб бераётгандек ҳикоя қилади, беихтиёр унинг завқи сизга ҳам юқади. Ёзувчи асарларида латифа, ҳангомадаги каби саҳнавийликнинг, кўриб-кузатиб идрок этишга асосланган тасвир услубининг етакчилиги боис ровий кўпинча томошабин – у қизиқ, кулгили воқеани томоша қилади, у орқали биз ҳам томоша қиламиз. Баъзан ровий ҳикоячи-қаҳрамон сифатида бошқаларга қўшиб ўзиниям томоша қилади, у ҳам ҳангоманинг иштирокчиларидан бири бўлиб қолади. Бироқ айни пайтда ровий ана шу ҳангома замиридаги, бир қарашда ўта жўн, арзимас кўринган ҳодисалар моҳиятидаги жиддий томонларга диққатни тортади. Бир вақтнинг ўзида асардан икки хил таассурот қолади – бир томондан мириқиб куласан-да, иккинчи томондан илгари шунчаки эътибор бермаган нарсаларинг ҳақида жиддий ўйлаб кўриш заруратини ҳис қила бошлайсан киши.
Ўн марта эшитгандан бир бора кўрган афзал, дейишади. Ёзувчи асарлари ҳақидаги гапларни шу ерда тўхтатиб, яхши китобни дидли китобхонларга илинган ҳолда, ундаги латифалар замирида ботин инсон табиати ҳақидаги теран мушоҳадаларни баҳам кўришга чақириб қоламиз.