Ёзувчи Аҳмад Аъзам билан суҳбат
“Даракчи” 2004 йил 1 март
Бандаси ортиқ билолмайди
– Мен киноюлдуз ё чемпион спортчи эмасман, уддалаганимдан уддалай олмаганларим кўп, вақтимнинг катта қисмини ижоддан кўра, ижод ҳақида қуруқ гапириш билан ўтказганман, ўзимга ўзим қойил бўлмаганимдан кейин, бошқаларни нимамни айтиб қойил қолдираман? Ўзи, шоирдир, ёзувчидир, унинг ижоди қизиқарли, шахсий ҳаётининг унча қизиғи ёк деб биламан. Мактабда ўқиганимда шоирларнинг ўзини кўришга жуда муштоқ эдим, Самарқандда талабалик йилларим вилоят осмонидаги юлдуз шоирлар билан бир факультетда ўқидим, сал ғурурлироқ демаса, ҳаммамиз қатори талаба эди улар ҳам; китоблари чиққан, шеърларини ўзим ёдлаган катта шоирларни кўриш орзу эди менга. Асқарали Шаропов деган фарғоналик адабиётшунос олим мени Самарқандда ҳам қўриб-қўнжиб юрарди. Тошкентда энди ишлаётган пайтларим, худо раҳмат қилсин шу киши ҳам малака оширишга келди-да, «Сени зўр шоир билан таништириб қўяй», деб бир зиёфатга етаклаб борган… Шу-шу, бир умрлик сабоқ бўлиб, ижодкор зотининг шахсига сиғинмай қўйганман. Ким билади, телевизорда кўриниб тураман, менга ҳам ҳавас билан қарайдиганлар чиқар, шундайларнинг ҳафсаласини пир қилмай дейман. Бандаи ожиз, ҳамма қатори одамман. Лекин жуда кўп одамлардан яхшилик кўрганман. Университетда менга ўша пайтдаги номдор олимларни қўрқмай танқид қилган ёш аспирант Ҳотам Умуров (ҳозир профессор) ҳам раҳбар, ҳам ғамхўр бир дўст бўлган, Тошкентда мени даврнинг энг отоқли олими, шахс сифатида ҳам улуғ инсон Ҳамид Сулаймон домла ишга олиб, йўлга солган, кўп ёшларга сидқидил устозлик қилган Асқад Мухтор билан бирга ишлаганман. Ўзим ҳақимда «Мен…» деб гап бошламоқчи бўлсам, «меним»да шундай ажойиб инсонларнинг катта ўрни борлиги эсимга келади-да, энг аввало улар ҳақида гапириб, қарзимни узишим керак, деб индамай қоламан. Ва албатта, оилам ҳам таянчим: шоира Фароғат Камолова турмуш ўртоғим, ўғлим, қизим, яна бир қизим – келиним бор… Буларнинг ҳаёти қизиқроқ, ўғлим билан келиним Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бирга ўқиган, ўғлим ўқишини Англияда давом эттириб, Саррей деган университетни битирди, қизим Иқтисодиёт университетининг охирги курс талабаси, учаласининг ҳам соҳаси жаҳон иқтисодий алоқалари, учаласи ҳам хорижий тилларни билади, масалан, қизим «Ошин», «Қиш сонатаси» каби телесериалларни таржима қилган, ҳозир инглиз тилидан янги бир сериални ўгиряпти, акаси билан ҳамкорликда. Оиламизда ота ёзувчи, она шоира, етади шу, болаларимиз амалий иш қилсин деб ёзув-чизувга йўлатмаганмиз, лекин бир жиҳати тортиб турар экан.
Бандаси ортиқ билолмайди
– Аҳмад ака, сиз ижодкор инсонсиз. Тангри таоло ижодкор қалбни башорат қилиш қобилияти билан қўшиб яратган. Хўш, айтинг-чи, адабиёт билан яшайдиган кун қачон келади? Одамларни бозордан ўз қалбига қайтарадиган куч борми?
– Менингча, ижодкорнинг башорат қилиш қобилияти кўпроқ ўтган кунларга, мозийга йўналган бўлади. Вақт ўтгани, бўлиб ўтган воқеалар ўтмишга чўккани сайин унинг шуури тиниқлашиб, илгари кўргани нарсаю ҳодисалар замиридан кутилмаган, янги бир жиҳатларини кашф эта боради. Тинмай тозариб борадиган шуур унга бугуну келажакнинг ҳам кўп жиҳатларини ойдинлаштиради. Албатта, ҳамма одам ҳам кўп нарсаларни олдиндан сезгандек, ниманидир олдиндан билаётгандек бўлаверади, лекин қандайдир сезим даражасида, донишманд, увайсий қалбли кишиларда эса бу туйғу, йиллар, кўпинча бутун умр давомида тўпланган билим даражаси, мушоҳада қувватидан туғиладиган, мантиқдан келиб чиқадиган хулосалардан иборат бўлади. Кўнглимиз сезади, худди нимадир бўладигандек, шу, холос. Бандаси бундан ортиғини билолмайди, унинг башорати шу сезимгача. Сезим ҳали башорат эмас. Ҳозир, ҳозирдан кейин ё эртага нима бўлиши ёлғиз Оллоҳга аён… Саволингиздан сал чалғидим, лекин адабиёт билан яшайдиган кун қачон келишини айтиш учун башоратчи бўлиш ҳам шарт эмас. Чунки бундай кун келмайди, яъни ҳеч ким фақат адабиёт билангина эртага ҳам, индин ҳам яшамайди. Албатта, ҳали кўп одамлар ўзини адабиётга бағишлайди, бадиий тафаккурга умрини бахш этади, буюк ёзувчилар етишиб чиқади, уларнинг асарларини минглаб, миллион китобхон ўқийди, шундан тарбият топади. Лекин ҳаёт деганимиз ҳар қандай адабиётдан кенг, устиворроқ, унинг ҳар қандай ижодкор олдига қўядиган талаблари, ундан оладиганлари бор. Алишер Навоийнинг ёзган асарларию у ҳақдаги афсоналар бизгача етиб келган. Ҳа, бобомиз адабиёт билан яшаган, лекин ҳаётининг бир қисмини, холос. Йўқ эса у юзлаб мадрасаю масжид, хонақоҳу работларни қандай қурган, минглаб фақиру мискинларга қандай ош-нон улашган? Ҳар қалай, номига улуғ вазир бўлмагандир, адашмасам, Низомиддин рутбаси унга ҳурмат учунгина берилмаган. Қолаверса, адабиёт ҳам буюк мутасаввуфнинг эътиқодига хизмат қилган. Ўзини фақат адабиётга бағишлаган ижодкорлар ҳақидаги афсоналар улар вафотидан кейин буюклигига қараб яратилган. Шоир боболаримиз, менингча, ижод қилишни адабиёт учун таркидунё этиш деб тушунмаганлар, у пайтлари инсон ўзини бағишлаган бўлса, фақат Яратганга, унинг қатраю зарралари зуҳур бўлган борлиққа бағишлаган. Кейин, бозор деган тушунча кеча ё бугун кириб келгани ёк. Дунё ўзи азалдан бозор, ундан ҳеч бир ақлли-ҳушли одам айро яшамайди. Фақат шўро даврида бир умр сохта фидойиликка, нималиги ва нимагалиги мубҳам якка бир мафкура учун «бўл тайёр – доим тайёр» туришга, бутун бошли халқ бўлиб яна ўзимизни хаёлдаги, ҳаводаги халққа бағишлашга ўрганганимиз боис эркин дунёга чиққанимиздан кейин энди ўзимиз учун ҳам яшашга, саробнинг орқасидан чопавермай, ўзимиз учун ҳам ишлашга, яъни бозор тамойилларига кўникиш ўнғайсизроқ кечди. Мен бу жараёнда адабиётни алоҳида кўрмайман. Бинобарин, фикрлайдиган, ўйлайдиган, таъсирланадиган одам адабиётдан узоқлашмайди. Лекин бошқа бир муаммо бор: бадиий адабиёт гўзаллик, маънавий баркамоллик кўприги бўлиш билан бирга билим, ахборот ҳам ташийди, одамларнинг қизиқишларига ҳам алоқадор, бугунги кунда эса дунёни кенгроқ ўрганишга ташналик китобхонни бошқа манбалар излашга, адабиётдан арзонроқ воситаларга тортиб кетаётир, аммо бу ҳам ўткинчи деб ўйлайман, ҳар қалай, олтин айнимас. Сиз истаётган, одамларни қалбига қайтарадиган куч шу – адабиётнинг ўзидир. Биз ундан бугун узоқлашишимиз, эртага яна унга яқин боришимиз мумкиндир, лекин у ёколмайди.
“Аҳмоқдан ботир чиқмайди”
– Бир қараганда, ҳамма шоир бўлиб кетаётганга ўхшайди. Шеърнинг, шоирнинг кўпайиб бораётгани ниманинг натижаси ва ниманинг аломати, сизнингча?
– Шоирларнинг кўпайиши ёмон ҳодиса эмас. Бизда ҳар бир қишлоқнинг шоири бор, баъзи жойларда бир нечтадан. Жилла қурса, чиройли, қофияли қадаҳ сўзи айтиб тўйларни гуллатиб юради. Шуларнинг ҳам одамларни жонли шеъриятга тортишда ҳиссаси бор. Умуман, ҳар бир катта шоир болалигида ҳаваскор бўлган, катта адабиёт ҳам ҳаваскорликдан бошланади. Ўзи, бундай олганда, нафақат шеър ёзадиган, балки умуман шеърни севиб ўқийдиган одам ҳам ўзича шоир. Негаки, ёзилган шеър ўқилганда шеърхоннинг қалбида қайта воқеъ бўлади, бу қуруқ акс-садо ёки кўзгудагидек қайтариқ манзара эмас, балки шеър таъсирида ўқиган одамнинг шуурида туғиладиган бошқача бир шеърий кайфият. Ўқиган одамнинг шеърни тушуниш, бадиий мушоҳада, таъсирланиш даражасига қараб уйғонадиган бир ҳолат маҳсули ва бу жуда шахсий кечинма, ва албатта, одамнинг ўзигагина қизиқ. Эшитган яхши бир қўшиғимизни хиргойи қилиб юришимизга ўхшайди. Албатта, хиргойини ҳечким саҳнада пеш қилмайди, лекин… негадир хиргойини китоб қиладиганлар доим топилади. Агар шундайларнинг тўпламу тўпламчаларига исроф бўлаётган қоғозни айтмаса, бунинг ҳам зарарли бир жойи ёк. Бари бир, «янтоқдан атир, ахмоқдан ботир чиқмайди». Лекин шунақа қофиябоз хиргойичилар адабиётга ўралашиб юриб-юриб, семиз-семиз китоблар чиқаради-да, охири шоирликка даъво қилиб қолади, ана шуниси ёмон! Ачинарлиси шундаки, адабиётимизни шунақа китоби филнинг гавдасидек, қобилияти ҳам филнинг миясидек «атоқли ҳаваскор»лардан ҳам бенасиб қилмаган! Ана шунақалар адабиётга иснод келтиради. Аммо бундан ҳам фожиа ясамаслик керак, адабиётда ҳамиша соғлом руҳ устивор бўлиб келган, у ўз касалликларини йўл-йўлакай ўзи даволаб кетаверади. Истеъдодсиз одам ёстиқдай шеърий романни чоп эттирсин, уни ҳеч ким ўқимаса – асл шеъриятнинг ўзига сохталикни яқинлаштирмаслиги шу эмасми! Босилган ҳамма китоб адабиёт эмас, фақат ўқиладиганлари тасарруфга киради, тасарруфга кирганларигина адабиёт бўлади. Қолганлари ҳар қандай бўлмасин, парча лойдек – лойлигида адабиётнинг адл танасига ёпишиб туради, қуригандан кейин палахса-палахса кўчиб тушиб кетади.
Бизда “сариқ матбуот” борми?
– Хусусий газеталарнинг сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг қай бирини ўқишга одамнинг ақли шошиб қолади. Бу ҳолга муносабатингиз қандай?
– Бунақа газеталарнинг фақат мулк шакли хусусий, ўзи эса тамомила газетхоннинг қизиқишлариники. Тўғри, мулк сифатида илгаригидек давлатга ё бир партияга тегишли эмас (шўро замонида эса иккаласининг ҳам фарқи ёк эди), балки харажатини кўтарган одамларники, лекин нималарни кимнинг талабига қараб босиши жиҳатидан у кўпроқ газетхонники. Чунки хусусий газета ўзини ўзи боқиши ва фойда келтириши учун газетхоннинг кўнглига қараши, нима қилиб бўлса ҳам унга ёқиши, бошқалари билан ўқувчи учун курашда ўз ўрнини топиши керак. Шу маънода у катта кўчаники ҳам. Бизда тез-тез «сариқ матбуот» деган ибора ишлатилади, бу унча тўғри эмас. «Кўча матбуоти» деб атаганимиз тўғрироқ. Биринчидан, «сариқ матбуот» ибораси бизда кўзланган маънони бермайди, иккинчидан бизда энди шаклланаётган хусусий нашрлар, ғарбнинг «сариқ матбуот»идан жилла қурса одоби билан фарқ қилади. Ҳозир айримлари бир оз қуюшқондан чиқаётган бўлса-да, сабр қилинг, жойига тушиб кетади. Фоҳишанинг саргузаштлари ҳам, хиёнат тафсилотлари ҳам, учар ликопчалару жину ажиналар ҳақидаги олди-қочди гаплар ҳам тезда бадга уради. Ҳар қалай, шу нарсаларнинг харидорида андиша, ўй-фикр, орият бор, бутун бир халқ саёзликка берилиб кетмайди-ку. Бачканаликни бозор ҳам кўтармайди бари бир. Ҳа, ҳозир чиқяпти, баъзилари куракда турмайди, баъзилари бошда тутуриқсиз эди, ҳозир йўлини ҳам, ўқувчисини ҳам топиб оляпти. Уларнинг қай бирини ўқиш масаласига келсак, бу ёғига ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Мен, масалан, ўқимайман, ўқисам ҳам ҳозир кўпайиб бораётган бу нашрларнинг ўзи нима экан, деб қизиққанимдан. Кейин, ҳозир шунақа газеталар ўртасида ҳам табақаланиш бошланяпти, бир қисми кўчага танда қуриб олаётган бўлса, бошқалари бу даражадан юқорироққа кўтариляпти.
– ОАВнинг ҳамма тури хусусийлашиб кетади, деган гап эҳтимол сизни ҳам ўйлантираётгандир?
ОАВнинг хусусийлашиб кетишида мен хавотир кўрмайман, аксинча, бу – сўз эркинлигига қараб юриш, матбуотнинг хусусийлашуви – демократиянинг муҳим шартларидан биттаси. Тўғри, халқимизда «аравасига тушсанг, қўшиғини ҳам айтасан» деган гап бор, лекин матбуот масаласида қўшиқ арава эгасиники эмас, унга чиққанларники. Яъни, қайси қўшиқнинг қандай айтилиши матбуот мулки эгасига эмас, муштарийларнинг билим-савияси, қизиқиш-манфаатлари даражасига боғлиқ. Демократик мамлакатларда ҳозир жуда кўп ОАВ хусусий, бутун бошли матбаа концернлари давлатга қарашли эмас, лекин бирон-бир матбуот органи эгасининг райига қараб қонундан оғишмайди, мамлакат манфаатларига қарши иш қилмайди, ҳаммасининг фаолияти ўз мамлакати конституцияси доирасида. Биздаги матбуотнинг хусусийлашуви жараёни ҳозир ҳаваскорлик даражасида, хусусий газеталаримиз ўқувчининг қизиқишларини пайпаслаб кўряпти, баъзан кўзини юмган ҳолда, чунки энди шаклланяпти. Агар шу ҳолатида тураверса, ўйланишга сабаб келиб чиқади, лекин ҳозирги атак-чечак давридаги пасту баландликлари табиий, соғлом бозор рақобати ҳали ҳаммасини йўлга солади.
Адабий танқид… ҳайрат домида
– Адабиётшунос сифатида ўткир мақолаларингизни кўп ўқиганмиз. Лекин бугунги кунда айнан танқидчилик сусайиб кетди. Аслида адабиётнинг, сўзнинг қудратини адабий танқидчилик кўрсатиб бермайдими?
– Танқид адабий жараён – тирик адабиёт билан тирик, ҳар қалай, у – иккиламчи ҳодиса, бадиий борлиқнинг кўзгудаги акси. Жонли бадиий тафаккур маҳсулининг мушоҳадага айланиши ва мушоҳаданинг фаол бўлиши учун унга доим янги, теран асарлар туртки бўлиб туриши керак. Йўқ эса, танқид бор нарсаларни қайд этишдан нари ўтмайди, бир жойда депсиниб қолаверади… Биласизми, ўзбек адабий танқидчилиги ҳақида гапириш жуда оғриқли, оғир. Бир оғиз гап билан муносабат билдириш инсофдан эмас. Шўро даврида ҳам танглайимизни кўтарган, юракларимизга билвосита исён чўғини ташлаган буюк адибларимиз ўтганлар. Қодирийдан Чўлпонгача, Ойбекдан Абдулла Қаҳҳоргача, Fафур Fуломдан Асқад Мухторгача, ҳаммасини яхши биласиз. Мен тенгилар ёшлигида Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировнинг, ундан кейинги авлод Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Учқун Назаров асарларини қандай берилиб ўқиган! Ўтган даврлар адабий жараёни манзаралари Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддиновдек устоз танқидчиларимиз асарларида ўз аксини топган. Лекин буюк адибларимизнинг ичга ютилган ҳайқириқлари армон бўлиб ўзлари билан кетган, борлари ҳозир хотираларида айтяптилар. Фақат айтилмаган фикрлар оқибати ўлароқ адабий танқид қанча ёкотганини ҳозир ҳеч ким билолмайди… Мустақиллик чеклаш, бўғовларнинг ҳаммасини ёк қилди, ижодкорнинг фикрини эркин кенгликларликка олиб чиқди ва… бепоён кенглик билан ақлни тонг қолдирди. Адабий танқид – адабиётнинг ақли ҳозирча ана шу ҳайрат домида, уни ўзига келтириш учун бугуннинг бақувват асарлари керак.
– Ижодкор инсоннинг кўнглини муҳаббат туйғусисиз тасаввур қилиш қийин. Унга шахсий муносабатингизни билдириб ўтсангиз.
– Мен ҳам нафақат кўнглимни, балки умуман ҳаётимни шусиз тасаввур қилолмайман. Шахсий муносабатим ҳам шу.
ТВга қайтган одамлар
– Телевидениеда жўшқин жараён ижод вақтингизга ёки бўлмаса ижодий фаолиятингиз тележараёнларга халал берган пайтлари бўлиб турадими ва қандай йўл тутасиз?
– Ҳаммаси тележараённинг ичида. Менга кечқурун соат ўн-ўн бирлардан кейин ёзиш эмас, балки ёзиш ҳақида орзу қилиш имконияти қолган, холос. Кейин… телевидениедаги ишнинг ўзига хос оҳанрабоси бор, эрталаб кирган бўйи кетгингиз келмайди, ярим кечасигача ўралашиб юраверасиз. Менинг-ку, кун бўйи қиладиган аниқ ишларим бор, эфир ташвишлари баъзан ярим кечагача қўйиб юбормайди, лекин бизда ишлаётганларнинг ҳаммаси шундай. Баъзи кишилар бор, уч-тўрт марта бўшаб, яна соғиниб қайтиб келган. Сиз айтган тележараённинг сеҳру жодуси рашкчироқ шекилли, бошқа ижодий фаолиятга кун бермайди, лекин ижоднинг ўрнини босадиган кўп имконият ҳам беради. Матбуотда ўн йил қатнашиб ҳеч ким танимаслиги мумкин сизни, лекин телевидениеда бир кунда машҳур бўлишингиз мумкин. Арзирли чиқиш қилсангиз албатта. Ва яна сизнинг бир чиқишингиз экранда ўзлари кўринмайдиган ўнлаб одамларнинг меҳнатига боғлиқ эканини унутмасангиз. Шундай одамлар билан бирга ишлаш ҳар қандай ижоду шуҳратнинг ўрни босиб кетади.
– Ҳаётдаги шиорингиз?
Шуни сира ўйлаб кўрмаган эканман. Саволингиздан кейин ҳайрон туриб қолдим – ростдан ҳам одамнинг шиори бўлиши керакмикан? Кўнгилда Оллоҳнинг зикри бўлса, адашишдан Ўзи асраса, шу кифоя эмасми?
Сериаллар ва миллион-миллион долларлик реклама
– Сиз раҳбарлик қилиб келаётган телеканал орқали намойиш этилган кўпгина телесериал томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Режага киритилган янги телесериаллар ҳақида ҳам фикр билдира оласизми ва сериалларга муносабатингиз қандай?
– Телесериалларнинг ҳаммаси ҳам ўзбек томошабини истаган даражада эмас. Ҳозир телевидениемиз экранларидаги сериаллар қанчалари ичидан сайлаб-саралаб олиб, яна тозалаб эфирга узатганларимиз. Томошабинларимиз шуларнинг миллий урф-одат, тарбия анъаналаримизга зид жойларига эътироз билдириб турадилар. Японларнинг «Ошин», корейсларнинг «Қиш сонатаси» сериаллари бундан мустасно. Буларни томошабинлар ҳақиқатан ҳам илиқ кутиб олди. «Ўзбекистон» телеканали режасида «Ёз ифори» деган яна корейс телесериали бор, буни ҳамкоримиз «Самсунг» фирмаси тақдим этган, сериалнинг корейсча нусхалари, инглиз тилидаги матни келган, кўриб олдик, «Қиш сонатаси»дан кам эмас. Ҳозир таржима қилиняпти. Менингча, шу телесериаллар бизнинг телесериал деган нарсага муносабатимизни яхши томонга ўзгартирди. Лекин бундан асарлар кам. Жуда кўп сериаллар бир-бирига ўхшайди: бир мамлакатнинг ҳамма йигити битта қизга ошиқ, ҳамма қизлар эса шу қизнинг хушторига шайдо, бошқалар эса шуларнинг ё ташвиши ё ғийбати билан овора, хуллас, ишқ можароси. Юзаки, саёз саргузаштлар, гаплар ҳам, воқеалар ҳам такрорланаверади, битта гапни ўнтаси қайта-қайта чайнайди. Лекин сериалларнинг сирти шундай: ўртача томошабиннинг эрмакка чақадиган пистаси, уй бекалари, ишдан ҳориб келган одамларни ҳаёт ташвишларидан чалғитадиган овунчоғи, ичи эса томошабинни ойлар, йиллар давомида ҳар куни маълум бир соатда экран олдида тутиб туришга қурилган алоҳида бир санъат бизнеси. Сериаллар келиб чиққан ватанида миллион-миллион долларлик реклама келтиради, телерадиокомпаниялар шу маблағ ҳисобига нафақат яшайди, балки хаёлга сиғмайдиган даромад топади. Бизда миллий телесериалнинг «Кўнгил кўчалари», «Чархпалак» сингари илк намуналари яратилди, лекин ҳали томошабинларимиз кутган даражада кўп қисмли телеасарлар яратиш масаласи эртанги кунларга қолиб турибди.
“Яна ҳайиқадиганим – нодонликдан”
– Нималардан руҳланасиз, ҳайратга тушасиз ёки ҳайиқасиз?
– Китоб ўқиб руҳланаман. На телеэкрандаги бадиий фильм, на концерт дастури ва на тўй давраси, ҳеч бири мени яхши китобчалик руҳлантирмайди… Қизиқувчан одам кўп нарсадан ҳайратланади, мен ҳам шундай, қайси бирини айтишга ҳайронман. Ҳайиқишга келсак, албатта, энг аввало имонсизликдан ҳайиқаман, худодан қўрқаман, яна кўп ҳайиқадиганим нодонликдан. Ўқиган, ўрганган, билимли одамларнинг нодонлигидан. Бир бўлмағур ғоя, бир бемаъни фикр иллати, сароб бир тушунча ортида бир киши ё бирнечта бўлиб эмас, тўдалашиб, оқиб эргашадиган гуруҳларнинг жамоа нодонлигидан жуда ҳайиқаман.
Муҳаббат маъбудаси бўлган аёлларга яқинлашиб келаётган байрамларида нима совға қилишни маъқул кўрасиз?
– Муҳаббат маъбудалари… ўн саккиз ёшда пайтларимизда шундай эди. Улар осмондан ерга тушиб, жойини топиб, уй бекаси, она, биз тенгилари ҳозир неваралик бўлиб, болаларининг уйини қўриб ўтирибди. Гулгун очилиб юрган пайтлари ширин хотиранинг рўёби бўлиб қиз неварасининг бўй-бастида акс этади. Хуллас, биз билган муҳаббат маъбудалари аллақачонлар ўз оиласининг маъбудасига айланиб кетган… Совға масаласи сал муаммо. Ўзбекчилик, яна маҳаллада турамиз, гулдаста кўтариб юриш сал эриш кўринади, лекин бари бир, байрам кунлари уйимиз гулсиз бўлмайди. Менинг айниқса байрам кунлари ишим тиғиз, шунинг учун совғани икковимиз номимиздан ўғлимга олдиртираман. Ҳар қалай у ёш, келинга, синглисига, аясига нима нарса олишни яхши билади. Умуман, ота томонидан оиласидагиларга энг яхши совға унинг фақат байрам кунлари эмас, ҳамиша уйидан кулиб чиқиб, кулиб кириб юришида деб биламан. Аёл зоти учун бундан қувончли ҳадя ёк.
Муштарийларга тилакларингиз бўлса, марҳамат!
– Инсон жуда кўп нарсани орзу қилади. Лекин ҳамма орзуларининг тагида «уйимда, болаларим билан ўзим топган бир бурда нонимни тинчгина есам», деган оддийгина бахт орзуси ётади. Ана шу тинчзамоннинг оддий бахти қолган ҳамма бахтларнинг онаси бўлади, ҳамма бахтни шу катта қилади. Муштарийларга шу тинчлик бахтини ва масъулиятини доим англаб яшашни тилаган бўлардим.
“Даракчи” 2004 йил 1 март»