Skip to main content


“Гапхона” туркумидан

kerosinchiroqБилмайман, бошқаларнинг ҳам болалиги шундай ўтганми, ёкми, ҳар қалай, менинг болалигимда бувим эртак айтмаган, отам панду насиҳат қитоблардан ривоятлар ўқиб бермаган. Ҳамма иш билан банд, ойим тонг саҳардан қора оқшомгача тинмай, яна ярим тунда нимадир тикишми, қавишми билан банд бўлган, эшитганим оғир сўлиш олишлари, сўзсиз ҳасратли хиргойилари. Ўзим ҳам кун бўйи тинмай ишлаб, ўйнаб, кечқурун чойдан кейин таппа ташлаб ухлаб қолардим.

Қизиқ, битта бизникилар эмас, бутун қишлоқ ҳали тонг отмасидан меҳнатга овора, шу меҳнат билан яшар, болалар қандай ўқияпти, баҳолари неччи, ҳеч кимнинг иши ёк, уларнинг қорни тўқми, усти бутми, оғир-оғир йўталиши ёкми — бўлди, ўзи думалаб-сумалаб катта бўлиб кетаверади деб қаралар эди. Ҳамманинг ташвиши ўзи билан, ҳамманинг дарди ўзига етиб ортар эди.

Лекин қизиқ, болалар ўртасида ўқишга эътибор зўр, ҳали ўқишга бормасдан мактабга қизиқар, яхши ўқийдиган ака-укалар, опа-сингилларга чандон ҳавас билан қарар эдик. Бор эди-да муштдайидан тошдайигача яхши ўқийдиган оилалар.

Тонг-саҳардан бошлаб подага мол ҳайдаш, уйдагиларини арқонлаб келиш, ўт ўриш, пичан қилиш, томорқада ер ағдариш, пахта чопиққа чиқиш, оғилларни тозалаб қўйиш, хомток қилиш, ғишт қуйиш, яна ўндан ошиқ боши кети-кўринмайдиган ишлардан бўшамай, дарс қилишга, бадиий аспр ўқишга қандай вақт топардик, одам ҳайрон, лекин қишлоғимиз ўқишда пешқадам, мактабимизни битирганлар университет-институтларга ўз кучи билан гуруҳ-гуруҳ кириб кетар эди…

Шунақа бир ажабтовур муҳитда ўсганман. Тўртинчи синфгача қандай ўқиганим эсимда ёк, баҳо олиш нималигини билмаган ҳам бўлсам керак, лекин тўртинчи синфдан китобга ружу қўйганман. Яхши баҳолар олишим ҳам шу синфдан бошланган. Ишқилиб, кўп китоб ўқишим доимо “аъло”чилар сафида ушлаб турган.

Лекин бунинг ҳам ажабтовур томони бор: китоб танлашимга, ўқишимга, масалан, тил ва адабиёт ўқитувчимизнинг ҳеч бир таъсири бўлмаган. У киши яхши ўқитувчи эди, дарсликда нима ёзилган бўлса, шуни виқор билан айтиб берар, биздан ҳам шуни сўрарди, лекин нима ўқияпмиз, нима ёзяпмиз, мутлақо иши бўлмасди. Мен, масалан, олтинчи-еттинчи синфда ёзган машқларимни туман газетасига юборганман, аммо бу қадар салобатли ўқитувчимга кўрсатишга ҳаддим сиғмаган. Ўзимча аралаш-қуралаш ўқиб, ўзим билмаган ҳолда адабиётга йўл топиб келаверганман. Ҳозир биламан, бу йўлимни ўша керосинчироқнинг хира ёруғида ўқиган китобларим ёриштириб турган. Ўқитувчимиз дарсликда ёзилганларни зўр гапириб бергани учун ўзи адабиётдек туюлар, кийинишию юриш-туришларигача ҳурмат уйғотар эди.

Ўтган асарнинг олтмиш олтинчи йилида мактабни битирган бўлсам, ўзим мактаб кутубхонасида бор бўлган, янги келган китоблардан бошқасини билмас, табиий, адабиёт дарсликларидан олиб ўқитувчимиз айтганидан бошқа шоир-ёзувчилардан бехабар эдим. Мактаб кутубхонамиз каттагина, лекин унга ҳам китоблар расмий рўйхат бўйича келган бўлса керак, масалан, адабиётимизда олтмишинчи йиллар бошидан кечган кўтарилишларни эшитмаган ҳам эдим. Китобларни ўзим танлар, қизиқлигига қараб ўқийверар эдим. Ким билади, балки шу ҳам мустақил фикрлашга ўргатгандир.

Ҳозир ўйласам, бошланғич синфларда жуда меҳрибон бир кампир дарс берган, кейин физика, химия, алгебра (математика) ва албатта, она тили ва адабиёт фанларидан дарс берадиган ўқитувчиларимиз нафақат дарс беришлари, балки юриш-туришлари билан ҳам ўрнак, шундан пешқадамларнинг бу каби фанларга ҳам ҳурматимиз баланд, ўзаро баҳслашиб, басма-басига берилиб ўқир эдик.

Бугун, табиий, болаликдаги меҳнат азоблари унутилган. Болалик кўпроқ яхши жиҳатлари билан хотирада қолган, бизга электр қуввати мактабни битирганимда борган, унгача ҳамманикида керосинчироқ, керосин қишлоқ дўконида доим бор, лампашишалар шодаси билан осилган, шу хотираларнинг янада яхшиси – қиш қечалари сандалга оёқни тиқиб, чироқнинг пилигини бир неча марта кўтариб, китоб устида тонг оттириш эди.

Ҳа, ҳозир ҳам ажабланаман, нимага уйларимизда печ, печка деган нарсалар бўлмаган, ётадиган уйларимиз қаҳратонларда ҳам ташқаридан унча фарқ қилмайдиган музхона, чойнакдаги чой яхлаб қолади; ётишда устки кийимни ечиб, қалин кўрпага қириб кетамиз, бошни ҳам кўрпага ўраймиз, оғизга тўғрилаб туйнуқ қолдирамиз… Бошингиздан ўтган бўлса, ўзингиз ам биласиз – донг қотиб ухлаймиз. Эрталаб дилдираб турамиз, исиб олиш учун ўзимизни дарров ишга урамиз. Табиий, ётадиган уйда китоб ўқиб бўлмайди, совуқ қоқиб ташлайди. Қизиғ-эй, ҳовли тўла ўтин, уч-тўрт тиркама ғўзапоя ғарам қилиб босилган, одамлар печка ўрнатишни билмаганми, ёз бўйи йиғилиб. таги чириб ётадиган ўтинга ҳам қаттиқлик қилганми – бугун ақлга тўғри келмайди. Катталар ҳам, болалар ҳам чиниқиб кетган. Бир шаҳарлик ўқитувчимизнинг болалари замҳарир совуқда қорда ялангоёқ юрарди. Хайриятки, юқори синфларда ўқиётганимда кўмир ёқса ёнбошларидан ҳам қоп-қора қоп-қора тутун чиқиб кетадиган йиғма чўян печка пайдо бўлиб қаҳратонларларда дилдираб ўтирмайдиган бўлдик.Лекин китобга берилиб бошлаган пайтларим ҳали печка деган нарса ёк, ҳаммасига балогардон сандал, унинг чўғи тонггача етмас, елкаларгача музлаб бошлагандан кейин совуқ хобхонага ўзимни уришдан бошқа чора қолмас эди.
Шу оғир, совуққа чидамай китобдан узилиш жуда ўқинч берар эди.
Китоб шунақа қадрли эди.

Умуман, китоб билан ўсган одам кам бўлмайди. Ҳаётимда нимага эришган бўлсам китоб туфайли деб биламан. Ҳозирлари ўша керосинчироқларнинг хира ёғдуси оламни ёритиб келаётгандек туюлади.

Аҳмад АЪЗАМ
2013 й.
www.ahmadazam.uz

 

Leave a Reply