Қисса
Хў-ўш, энди сизга бир ҳангомани айтиб берсам, бўлмаган гап дейсиз, тўғри ўйлайсиз, шу гапни бошқа бировдан эшитганимда ўзим ҳам ишонмас эдим, одамларни гўл дейди шекилли бу одам ё ўзини гўлликка соляптими деб, энсам қотарди балки, лекин сизни алдамай деб кўрганимга мункир келсам, бу ҳам тўғри бўлмас. Кейин, гап ишонишда эмас, ҳамма ишонган гап тўғри чиққанида, ўзингизга маълум, бунақа юрмаган, олам гулистонда яшаётган бўлур эдик. Қуруқ ишонч алданишдан бошқа нима беради? Лекин у ҳам бир сўрғич, алданишга ўргатиб қўяди, алданмасангиз, қатордан тушириб юборишгандек бўлаверасиз. Гапим тегиб кетмасин, биламан, ўзингиз ҳам ториққансиз бунақа гаплардан, билган одам ториқади, албатта. Ана, шунинг учун хитланавермай, бўлар экан-да шунақа, ажаб-ей, қани, эшитайликчи, шунча эшитганимизнинг бири-да, деб кўнгилга кенглик беринг, бу бир гурунг, диққатингизни ёзади, камина ҳам оғзига келганини қўйиб юборавермас, айтадиган гапимни орқа-олдимга қараб, сизнинг нима дейишингизга тўғрилаб гапираман. Балки тагидан бошқа гаплар чиқиб қолар.
Албатта, ишониш қийин воқеа ўтирикка тортади, лекин ундан-бундан гурунг қуриб ўтирганда йўғидан кўра шунинг ҳам бори яхши, деб қўяди гапкашлар; мен ҳам яна бир марта хў-ўш деб бошласам, шу гап бўлди, айтмасам тинчимни тополмайман. Хулласи, ўз уйимда, ўнг қўлимда бурда нон, қон босимим ўйнаб турса ҳам, нафс ўлсин, – балодур, ёнғон ўтга солодур, – парра қази, чап қўлим билан катта қирмизи луғатни варақлаб ўтириб (шу жойини унутманг), мисолга олинган “Мард бўлсанг, Эскижувада ҳангра” деган гапга тўхтаб, жуда топиб айтилган экан, ҳозир ҳеч ким ишлатмайди, ҳанграшга бўлакча маъно юкласа бўлади, ўзимга ҳам бир хил оғзи бузуқ одамлар худди ҳанграб юрадигандек туюлади, буни ўхшатиб бирон жойда қўлларман деб, энди тагига чизмоқчи эдим, уйимга кириб келса! Ким ё нималиги калламга бирдан кирмабди – эшак! Ҳа, эшакнинг ғирт ўзи! Кўзим билан кўриб, ўзим ишонмадим! Капалагим учиб кетай деганда тутиб қолдим. Мен шаҳарда, нафақага чиқиб, энди бутун эрмаги қоғоз қоралаш билан китоб мутолааси бўлган одам, бу эса ҳу чанг боcган қишлоқда қолиб кетган бир эшак. Тўрт оёқлаб келиб турибди, паққос! Ўзингиз тасаввур қилинг, паркетда эскироқ бўлса-да қиммат гилам, диван, юмшоқкурси, яна деразаларда буюртма тикилган шокила пардалар (шуни ёмон кўраман), оёқни ечиб кирадиган жойга туёғини босиб кириб келса!
Эсанкирадим, тағин қўлимда қалам денг. Сал ўзимни йиғиб, бу нима густоҳлик, эллик йил бурун босилган эски луғатдан шўп чиқиб келиб, хаёлимни бузса, деб ичимда ёзғирдим. Бошқа ҳайвонлар ҳам бор-ку бу китобда, аммо биронтаси бу ёққа чиқиб келмайди, а, бу нимадан қуруқ қолган! Ўзи шу бўлмайдиган нарсани кўрсам, эл бўляпти-ку деб унга ишониб турса ҳам чеккам тиришади, лекин ишонганларнинг юзи, кўпчилик нима деса – шу, бўри емасин деб, инқ этмай тишланиб туравераман. Ҳа энди, бунақа гапларни эшак мисолида айтиш ноқулай-у, лекин минг ҳай демай, бу бекорга келмаган, узунқулоқ калла билан шунча йўлдан шаҳарда уйимга йўл топиб топибдими, бирон каромати бор, на илож, билмаганимда маъқули шу, бирон йўли кўринар деб, ўзимни вазминликка солдим.
У аввалига бир нималарга чоғланиб, тумшуғини чўзди, лекин шу аснода уйимга аланглаб, бу ерда тўғри келмаслигига ақли етди чоғи, калласини пастга ташлаб, қулоқларини саланглатди. Қаранг-ей, одам бор жойга боряпман, у ёқ-бу ёғимни тўғрилаб олай деб, қора тупроққами, кулгами хўп ағнаган, тозалангани шудир-да бу турқи бетароватнинг; шундан оқ толдан чопиб, хом тери тортиб ясалган эгари ёнбошга оғиб қолган. Эсингиздами, қоши ёк ҳисоби паст, эгар деб ҳам бўлмайди, тагига тиқса, ёш боланинг қўли ҳам кириши маҳол? Бешинчи синфдалигимизда наврўзтепалик Саидвали носкадисини шунга тиқиб юрар экан, билмаганмиз. Исмоил – зеҳни ўткир, қараб юриб, топди, топганига Носир муаллимимиздан суюнчи олди. Носир муаллим Саидвалининг эшагидаги эгарнинг қоши тагига икки бармоғининг учини тиқиб, носкадини чиқарди-да, кўрганлар, яъни бизни, иргансин деб, афтини атай мужмайтириб, ерга урди, синфимизнинг эшиги олди кириб-чиқиб босаверганимиздан ёмғир ҳам юқмайдиган заранг-тош бўлиб кетган эди, носкади майдаланиб, урилган жойи кўкариб қолди. Носини тергилаб олмасин тағин дедими, устидан шалпиллатиб тупурди ҳам. Исмоил муаллимга пишанг бўлиб, у ҳам бориб ўша ерни тепкилади. Чинни кўзачадек гул солинган ҳақиқий эски кадича, нарироққа тушган бўлагини олиб қарасак, нақшлари, нос иси келиб турса ҳам, қизғиш гулли хитойи пиёла синиғига ўхшар эди, томоша қилиб ачиндик, ачиндик жуда, учиб кетган яна уч-тўртта бўлакни бир-бирига улаб кўрдик, бўлмади. Носкадига ҳам шунақа чиройли безак берадими, а, деб хунобимиз ошди. Бунақа кадичани ҳеч ким экмай қўйган, ошкадига ўхшаб ўсади, палаги сўрига чиқиб тугади деб эшитамиз, холос, кўрмаганмиз; Саидвалининг бувисига ҳам момоэнасидан мерос ўтган бўлиб, у ўғирлаб тутиб юрган экан, куйганидан ириллаб йиғлади. Қизиғ-ей, шунақа ғалати йиғларди, ўзини кўрмай йиғисини эшитган одам сесканиб тушарди.
Носир муаллим Саидвалини олдиндан уришиб келади, яна уришди, так-так бошига чертди, черткиси қўрғошин қўламидек оғир, нақ товонгача ўйиб тушарди, бор гап, бу ҳам кор қилмагандан кейин уришга ўтди, ёмон урар эди лекин, инсофи ёк, қўли билан йўлга соларди-да. Саидвали бечоранинг нима жони бор, қўл тегмасидан думалайди, чаққон ўрмалаб партанинг тагига кириб кетади, кўзи қуруқ, одамнинг юрагини эзиб виғиллайди, лекин қаттиқ ўрганган экан, шунча калтак билан ташламади, иғ-виғ, ўнинчини битиргунимизча ўлмай, – одамнинг жони-ей! – кейин ҳам яшаб кетаверди! Ҳа, биз тайин ўлади дер эдик-да, нон тегмаган ориқ, ориқ ҳам эмас, тирриқ, пўсти бориб устухонига ёпишган, кўҳна касалнинг ёпиғидан хабари бор-ов деган гумонимиз ҳам аниқ; у пайтлари биз томонда бунақа касалнинг уруғи кўп, ёпиғи билдирмайди, калта йўталтириб юраверади, очиғи эса кўпга қўймайди: бинойидек юрган одам кун сайин ранги қочиб, бети сўррайиб, гавдаси букилиб, кетиб бораверади. Шунга касал бўлмаганлар ҳам ваҳимакасал. Саидвали ўзи шу аҳволда. яна нос отади. Наҳс босгурнинг, чакмазаги ҳам бор деймиз, ҳар танаффусда бадрафга қатнайди; оғзини артиб чиқишидан туфлаб келаётганини кўрамиз, аммо қайдан олиб чекади – бошимиз гаранг; муаллимлар ахтарди, биз қараб ўтирмадик, қизиқиш-да, нажосат жойда ғойибдан тушадими ё ўртани тўсган тахта девордаги пойлайдиган тешигимиздан қизлар берадими, бу ҳам бор гап, энди айтса бўлар, ишқилиб, оғзида носи бўлган, аммо носкади ёк, на жилдида, на липпасида; пачоқ қалпоғини ечиб, астарининг пилтасигача ситиб қараганмиз, сўраганда миқ этмайди, фақат бети жийрилади, қирриқнинг бопладимми деб тиржайгани шу. Исмоил бу ерда бошқа бир гап бор деб, пайига тушган-да, аммо-лекин бунинг шумлиги ундан ҳам ўтиб тушарди, бўлмаса, ҳаммамиз Саидвалининг эшакка меҳр қўйишига ҳайрон, эс жойидами, калла кетмаганми деб. Ҳар танаффусда бадрафга киришдан олдин бориб айилини қайта тортади, силаб-сийпайди. “Ҳа, жўра, мактаб бўлсин, кетами-из”, деб қўяди; – жўра-я! – бизда ўзи биров эшакни ҳайвон ўрнида кўрмайди, қишда молдан ортган нўшхуртни ҳам бермай, кетига тепиб ҳайдайди далага, пичан тортилганда бу ҳам умтилсам дейди-да; жўра эмиш, ўргилдим! – а, жўранг бўлса, минма устига, отникидек гилам жабдуқ ёп-да, олдига тушиб жиловидан етакла! Носкади эгарнинг қошида бўлиши ҳеч бировимизнинг калламизга келмабди. Эшакка нимани уқтирса бу деб қараб турамиз, у эса бизга чаппа ўгирилиб шиппа каплайверар экан. Яна айтма деб эркалатгандек, тиззаси билан эшакнинг биқинига туртиб қўяди. Юрибмиз ўттизимиз, нашаванднинг ўзи тупиркилос, нос баттар қилади, бечоранинг ризқи қийилган, э-э, ишқилиб, қаторимизда юргани яхши эди-да, деб ичимиз ачиб. Носкадини топиб ёкотсак, насибаси узилмас эди деб жуда ишонамиз. Қайда, носкашлигини қўймади, жон ҳам савил экан, Азроилдан бир отим отиб, кейин тупуриб олай, кейин ихтиёр ўзингда, деб сўраганми, шу узмай шу-шу-шилаган кўйи ҳаммамизни аҳмоқ қилиб, айтдим-ку, мактабни битирди, трактор ҳайдади, бола-чақалик бўлди, мен ҳаётда улоқиб кетдим, у қишлоғидан чиқмади, қайтиб кўришмадик.
Яшаётгандир ҳали ҳам носини отиб деб юрардим, яқинда синфдошларим қидириб келиб қолди, шунда сўрасам, Вафоқул: “Э-э, сен эшитмагансан, ҳай, кўкариб чиққанига ҳам… Исмоил, уч йил бўлдими, ё тўрт?”, деди. Олтмишдан ошибмиз, ҳали ҳам сенлайди, яқинлигимизни билдириб турармиш. Ҳа, майли, яқинлик шу сенлашсиз бўлмаса, сенлашақолайлик. Ишқилиб, кўкариб чиқди деса, ўйимга носнинг кўки келиб: “Шу носдан кетдими?” деб сўрабман.. “Энди, нос чеккан ўлаверса, одам қоладими! Икки минг саккизда қаттиқ қор ёғди-ку, заҳар совуқ, Мўлтипдан келаётиб йўлда йиқилиб қолган. Ўпка кетган ўшанда. Кўпга ҳам бормади кейин”, деди Исмоил унча хушламай. “Нимага йиқилади? Ўша нимжонлиги эдими?”, деб яна соддалик қилибман. Шунақа шошиб ўйлашим бор. Исмоил билан Вафоқул илжайиб қўйди, одам ўлган бўлса, булар нимага кулади деб ғашланиб индамадим. “Нимжон-а! Қовжироқ бўлсаям пишиқ одам эди. Э-э, тупроқ еткизмасин, кўзга қараб ичиш керак эди-да”, деди Вафоқул. “Нимага ичади?” деб сўрадим;, бошига бир ғам тушган экан-да, деб ўйлабман. “Оббо, – деди Вафоқул, – нимага ичади – ичади-да. Қишлоқдан тоза чиқиб кетибсан-ку”.
Қишлоқдан чиқиб кетганимни ўзим ҳам биламан, қирқ йил бўляпти, лекин у ёқдан чиқмаган одам ичиб ўлаверадими? Буларнинг гапини эшитсанг, ҳазилга думалаганга ўхшайди. Яна нима эмиш: рози-ризолик тилашганда бош учимга шампан шишасини носга тўлдириб қўйиш эсларингдан чиқмасин, диққатим ошганларида чекиб ётаман, деб тайинлаган. Астағфируллоҳ, Вафоқулнинг гапига ўзимнинг ҳам ичимдан иҳи-иҳи деган товуш келиб, лабим бурилиб кетди. “Қўйинглар-ей, яхши эмас”, деди Рашид ҳам илжайиб. “Ана, бадрафга кириб ўтирмайди, пойлайдиган одам ёк, – деб Вафоқулнинг яна тили қичиди. – Носир муаллимнинг шунча ургани бекор кетди”. “Ҳай, ҳай”, – деди Рашид чимирилиб. Исмоил эса беозор ғашланиб: “Қизиқ-да, биров уни ўлсин дептими? Ўзига ўзи қилган. Кўзингга қараб ичмайдими!”, – деди ўзига ўзи гапиргандек. “Ҳа-эй, бошқа гапга ўтайлик,” – деди Рашид. “Одам иккита оёғининг устида ўзини эплаб юриши керак”, – деди Исмоил. “Нос, кўп ичган одамнинг оёғидан ёмон олиб қўяди-да”, – деди Вафоқул, муроса билан.
Исмоил яна гапирмоқчи эди, Рашид, айтмаса ҳам билади шекилли, қўймади, “Худди ичимизда эшитиб ўтиргандай, одамга жуда ноқулай-е”, -деб Саидвали тўғрисидаги ҳангомани ҳам кесди.
Менга ҳам шундай туюлди, Саидвали жийирчиқли юзини тириштириб, қўлини мисоли эшик қисиб, ғирмайиб қараётгандек кўриниб кетди. Унинг устидан худди у ўлмагандек кулдик, мен ҳам синфдош жўраларимга қўшилдим, кулдиму хотирамнинг тубидаги қишлоққа чўкиб кетавердим. Жўраларимнинг гапларида менга зимдан таъна бор эди.
Уйга келган шалпангқулоққа қайтадиган бўлсам, бу ҳам Саидвали мактабга миниб қатнагани билан бир тус, умуман бу ҳайвон зотини кўп ҳам фарқламайсиз-ку-я, лекин мазкур, уйимга кириб келгани қандайдир жуда умумий бир эшак, ҳаммасига шундан нусха олса бўлар эди.
Яна тозаланиб олай деб, эшикка ишқаланиб, чорчўпни совунлаб қиртишламаса кетмайдиган кир қилди, бўлмаса, кўча тўла дарахт, қатор симёғоч, ишқаланишга бошқа жой қуриб кетмаган, бир хил ғўдайиб турадиганлар бор, шунақа бетаъсирки, симёғочдан ҳам беш баттар, ўшаларга ишқаланса бўларди! Вўҳ, зўр гап чиқдими! Лекин, эй, намунча эшакни гапираман деб, одамга ўтиб кетяпман?
Майли, бу ҳам луғатдан. Э хуллас, уйимда бунга нима бор деб бўғилганимдан еб турган луқмам ҳам томоғимда қолди, ўтмади – ўлдимми энди, эшакка қараб қази чайна-аб ўтирсам. От бўлса ҳам бошқа гап эди. От – вафодор дўст, минган одамнинг кўрки, гўшти ҳалол. Бу бир ювиқсиз…
Шу гапларни ўйлагуним ҳамоно у қулоғини саланглатганча салом бериб юборса! Во ажаб, эшакдан салом-а, деб ажабланишга улгурмай, алик олиб қўйибман. Ибратини кўриб хомсирадим-да, ҳозиргина айтдим-ку, айтмасам ҳам кўрасиз, бор шундайлар: одам, лекин саломингизга аликни тилаб оласиз, ўла қолса ўзи олдин мулозамат кўрсатмайди, мисол учун, дейлик, қўшнингиз, сиздан беш-олти ёш кичик, тутган мартабаси ҳам сизникича баланд эмас, катта кетиб кўнглини оғритмагансиз, гапингиз доим яхши, аммо уни, албатта, сизни эмас, муомаладан уриб кетган; ҳу нарида йўнғичқани кўрган тулпор ё емга тўйган ҳўкиз, тўрсайибўтиб кетаверади, ишқириб ҳам қўяди. Бурнидаги жунигача тикрайган! Худойим фаросат улашганда қисган, лекин, мана, бизни ўзи яратиб қўйибди деб, шунга маст, ким қилиб яратгани билан иши ёк. Э маҳлуқ, худойим сендан бошқаларни ҳам яратган! Ё тавба, ҳайвондан одамгарчилик кутмайсиз, тўғри, лекин, ахир, одам мол эмас-ку, инсонда инсонлик фарқи бўлиши кера-ак, дейсиз. Ҳа, майли, ғийбат яхши эмас, тилнинг узунини уларга ҳам берган; пешана-да – қайси гуноҳингизга, дарвозаси дарвозангизга тўғри, қарамай десангиз ҳам, ҳар куни ўзи кўзингизга қадалади, кўнглингизга эрталабдан хуфтон солади. Чидайсиз-да, чидайсиз, ҳаёт бу. Ўшаларга: ҳе эш-шак, деворгим келади-ю, аммо манави қобилнинг илтифотини кўриб, бунга тенглаштирса, обрўси кўтарилиб кетадими дейман-да уларнинг. Яна ўша ёққа ўтиб кетяпман, узр. Ичидагини енгиши қийин-да одамнинг. Мен ҳам бир банда, ахир. Лекин бир хиллар минбарга чиқиб олиб ҳанграйди-да, ахир.
Аммо, бунинг ҳам ўзини ҳар қанча тарбияли тутгани билан айтилмаган жойга кириб келгани, анча нарсани эсимга солиб, кўнглимни сал илитган бўлса-да, очиғи, чеккамни тириштирди. Ҳу бурунлари, яъни эшак минган пайтларим бошқа гап эди, энди эса шаҳар тўла машина, уйда ҳам бор, ўзим ҳайдайман, хулласи, эшаклик иш ёк, яқин ўртада унга ҳожатим тушмаган, тушмайди ҳам, қишлоқда ҳозир ҳатто ўқитувчилар ҳам мингани ор қилади, мен зиёлиникида нима ёкотган экан бу, деб диққатимни оширди. Ахир, тўғри-да, минганим қачонлар эди, ҳу болалик чоғларим мол боққанда, ўтга чиққанда, сомон ташиганда. Эсингизда-я, муштдай бошимиз билан ўт ичида димиқиб ўрганимиз икки боғни, – ҳа-а, кучан-а-кучан, туршак полвон, бўш келма, кўта-ар! – яна бир силтов билан эгардан ошириб, тепасига бо бир боғни босиб, орқасига қўниб ҳам олардик; шуни эплаганимизга ўзимиз шишинган, кўрган катталар, ҳў, баракалла, пишиқлигини, деб қарайди, бўйча бир қаричлигидан бош кўринмайди, жониворнинг калласи ҳам ўт ичида, мисоли кўм-кўк ғарамнинг ўзи, тагидаги тўртта типир-типир оёғи билан, лам-лум, ла-ла-лум, уйга қараб йўл тортади. Ғарамнинг ичидан ашуласи чиқаётган ўзингиз.
Болалик – эшак минган ашула, уловдаги ҳофиз.
Баҳорикорда ашулахонликка мажол ёк, кифтини офтоб куйдираётган қирлар ҳансирайди, қизиган тандир мисоли оқариб, ҳовур билан ютаман дейди, ҳа, қулоғингизга шунақа бир оч ҳансираш келиб туради, кун тиғида жингиртоб ўт-ўлан читир-читир ёниб бергудек, юрак куяди, ичишга олиб чиққан сув ҳам шишада бижғиб, такиллаб қуриган тилнинг устида юмалоқ думалайди, босмайди сувсимни, комбайн тўкиб кетган майда сомон ўроққа илинмайди, қўлда тўдалаш азоб, тер қуйилиб, кўз ачишганидан кўрганингиз атроф сариқ оқова чайқалади, яйдоқ жазирама, устида живир-живир саратон рўёлари, сал олисда Ғубдин тоғи ҳам кўк буруқсайди; бўйингдан икки баробар катта-катта қанорни миқтилаб тепиб жойлаб, маташтириб эшакка ортиб, – айни ҳа-ҳийлаб ердан узган пайти бу хонасаллот (аламдан сўкинардик) юриб кетмаса – устига яна бир қанорни кўндаланг ётқизиб олгунча, эҳ-ҳе, бу азобларга чиллакчўп оёқлари дир-дир қалтираса ҳам фақат болагина дош беради. Ҳатто сўфитўрғай ҳам кўрган кўзига ишонмай учишни эсдан чиқариб қочмай тураверади. Ҳай полвон, ҳай эти устихонига ёпишган алпомиш! Эҳтиёт бўл, зўр келмасин – эрталаб гирдолига тўйгансан! Туриш бериш керак, туриш.
Эшак бояқиш, биқинига тепса ҳам, бўйнига халачўп михини тиқса ҳам, туриб беради, дод демай кўтариб кетаверади, чидамдан берган! Бир товуш чиқарай десанг, чарчаганидан нафас юракка тушиб кетган, қўшиқ ҳам ўша ичкари ёқда нуқул инқиллайди, холос. Фақат их-их, кейин пастгина ялинган товушда: ҳа, жонивор, ҳа жонивор… Бир кетини кўтариб ташласа-ку, шунча ғайрат бир пул, лекин унда боланинг меҳнати увол кетишини шу ҳам билади.
Ана шуларни эслаганда хаёл қочади-да, хаёл, қаеқларгадир кетиб, аччиғи йиллар пўртанасида такка чўкиб, ширини қалқиб юзалаб, ирмоқ-ирмоқ ёдимга оқиб киради. Меҳнатнинг тагидан ўрмалаб, ҳеч бир машаққатга бўйин бермай, ёруққа умтилаверган болалик… Унинг юкини елкаламаган қишлоқ боласи ёк. Кўп ўриб қўйиб, боғлар катта бўлиб кетиб, ортишга куч етмаган пайтлари ҳаммасини ташлаб, ерга ўтириб олиб бақириб сўкинганларимиз эсингиздами! Иҳ-иҳ деб йиғлаб юборай дейсиз, ҳеч ким кўрмаётган бўлса ҳам кўзингизга ёш келмайди. Олдимда икки боғ ўт, куч етмаганидан ич қалтирайди, чора ёк, сира ёк, бутун дунё чорасиз. Бу дунё кўзимда алам бўлиб кўкаради. Ҳе, деб сўкиниб яна ўрнимдан тураман, чоғланиб бориб, кичкина гавдамдаги бор кучни қўлим билан белимга бериб, икки боғ туташ ипга тармашаман… Қувват деб атайин чақиргандек додлайман. Худойим ўзимда ёк олғовни қайдандир олиб беради ҳам шу пайти.! Эшак бир гандираклайди, лекин жойида туради, юриб кетмайди, бола жонимга раҳми келади…
Э-э, бу хотираларнинг ширини тагида аччиғи яширин, аччиғидан ширини чиқиб келаверади. Олдин айтган бўлсам ҳам, айтгим келаверади, шунақа қизиқ гаплар сизда ҳам бўлган, ҳу ўша, салқинини жазира сўриб олган каллак тут соясига бошимизни тиқиб, ким қайси қизни олишига келишолмай, жиқ-жиқ талашган, тайини ҳам, охири ҳам ёк валдир-важир дамларимиз. Менга қара, ўша қизга гапириб кўрганмисан ўзи, деб сўрайдиган одам ёк, чолвор кетга зўрға илинади, бурунни билакка артиб, ёк нарсага, нималигини ҳам билмай, талпиниб юрганларимиз, ҳай, мишиқи қурмагурлар! Ўша қиз ҳам ҳали ўсма қўйишни билмайди, латта жилд тутади, довот ушлаб юрганидан қўли кўм-кўк, ёзғични тишлаш одати бор, шундан тили ҳам кўк. Билган саволига ўзи ҳам чўзилиб баланд кўтаради кўкарган қўлини.
Одам шунақа униб бўй етса керак-да. Қўлини баланд кўтариб. Мен жавоб бераман, деб.
Энди буларнинг ҳаммаси кўкракда, товуши ичида қўшиқ бўлиб қолган. Қишлоғимизнинг кўкликлари ичра кўмилиб, беун гиря қилиб ўтирган ҳам ўша ўзим, гирямнинг ранги ҳам кўк.
Олис ортга қарайман: малла сочим офтобда унниқиб, қизғиш тус олган; Булунғурнинг зилол чашмалар билан пахта оқоваси аралаш бўз суви, Қипчоқариқнинг бўтанасида чўмилиб, жазиллама билқ-билқ тупроққа кўмилиб ётавергандан, бет шўралаб, суяклар куйка тери тортилган тараша, мактабимиз чорбоғидан ўғирлаган аччиқ олмадан тиш қамашиб, мужмайиб юрганларим… Ўзимизникида шовулдек солиб, ер билан битта оғриб ётганини кўз олдимга келтирсам, оғзим сув очиб кетади, эшак олмани деб Носир муаллимдан калтак емасак, очдан ўлармидик? Вафоқул икковимиз тепада, шохда, Носир муаллим пастда, пусиб келиб олган, қўли орқасида, нияти бетида, садо бермай олайиб туради, тушириб олгандан кейин чап қўли билан қулоқни бураб, ўнг қўлининг ўртанча бармоғининг букиги билан бошга тукиллатиб урганда бола одамнинг тишигача қоқилиб кетади. Раҳми ёк, меҳрсиз, одам эмас, зўр дарс беради лекин деб, тиришиб ўқир эдик – қўлидан қўрқардик.
Саидвали ҳадисини олган, Носир муаллим ҳали урмасидан, кўзининг пахтасини чиқариши билан партанинг тагига кириб кетади, чиқ-э бу ёққа, деб яхши гапириб тортса ҳам, тиралиб, чиқмай ғужанак бўлиб олиб биғиллайверади, қўнғироқ чалинганда калласини чиқариб бизга бир иршаяди-да, эшагининг олдига ҳайдайди. Носир муаллимнинг, айтдим-ку, қўли, Саидвалининг жони қаттиқ эди. Ҳа-я, дарвоқе, Саидвалининг хати ниҳояти чиройли эди-ей; ўзи чапақай, бизга келганда ҳам пешанасини тириштириб, оғзини очиб ҳарф уриштириб ўқий олмаса ҳам ёзганини томошага қўйгули эди. Бунақа чип-чиройли ҳуснихат унга чикора, тушунмайди одам.
У бизга бешинчи синфдан қўшилган, Ғаффор, Бегимқул, Султон билан Наврўзтепадаги бошланғич мактабдан бирга келган, тўрт чақиримдан қатнайдилар, улар пиёда, Саидвали эшакда. У пайтлари велосипед жуда кам болада, бори ҳам миниб келса, дарсда ўтирган пайти Ғазиранинг болалари уриб кетиши бор. Эрталаб қизиғи ёк, чунки катталарига ҳимояланиб келишади, лекин қайтишларида бизга кун туғади, катталарининг дарси кечроқ тугайди, ў-ў, тўпир-тўпир кесакпаррон! – буларини қақшатамиз, лекин булар ҳам кўп ўтмай уюшиб олади – Саидвалининг эшаги атрофига – Ғаффор Саидвалига мингашган, Бегимқул билан Султон эшакни паналаган, ҳали урмасимиздан тўртовлашиб чинқириб, ҳай-ҳайлашиб бизнинг уй олдидан сурон солиб сурадилар, кесак отишга юрак бетламай қолади. Синфда уришмаймиз-у, лекин дарсдан кейин кўчада ғаниммиз, қизиқ, бола эканмиз-да, болаликнинг кесаклари ҳам юмшоқ бўлганми, бунақа отишмаларда оналаримиз, ҳай яш–шамагур, кўзини чиқариб қўясан, бошинг ёрилади, деб жаврашларига қарамай, бирортамизга зарар етмаган, аммо-лекин тош отмасдик, фақат кесак, болача душманлигимиз ичида ғирромлик ёк эди.
Ўзи шу, тупроқнинг ичида пишиб, кесагига тўқишиб ўсганмиз. Ғазирамиз она ариқ Булунғурни бағирлаб шимиб, кўкка бурканиб олган бўлса-да, сувсиз қоқ ерда тиришиб-тирмашиб ўсиб чиқаётган қайрағочга ўхшатаман болалигимизни. Бўлмаса, нораста бўйимиз билан колхознинг катта клубининг, ёнидаги иморатларини ҳам қўшиб, ғиштини қуйиб қўямизми! Нима ҳам жонимиз бор эди! Қаранг-эй, ҳар куни минг, минг икки юз-уч юзгача ғишт ташлаймиз. Ҳалиги, эсингиздами, ўн тўрту йигирма саккиз, тўртталик қолип, шуни қоринга тираб, оёқ қалт-қалт чалкашиб, юкнинг залворидан товон ерга гурсиллаб урилиб, зир чопишимиз! Отам ярим кечалари: “Сан бола очингдан ўляпсанми, а? Яна кел-чи, уриб оёғингни синдираман!”, деб олдиларига солиб кетадилар, кечасилик салқинда, ой ёруғида иш яхши кетишини тушунмайдилар-да, лекин қатордан қолар эканманми, саҳар қоронғисида шамғалат уриб, ярим йўлгача уйқум очилмай, лой чиқаргани югураман. Аввал хандакни икки ағдариб пишитаман, кейин тепага қулочлаб отаман, тўдаланган уюмни сувлаб, кетмоннинг орқаси билан силлиқлайман, – офтоб ялтиллайди лойнинг устида, – сўғин тушдан кейингисига ер ағдариб. сувга босдириб қўяман. Орада бир нафас ростлаб, чойланиб оламан-да, шу билан ке-етди! Кафтингизнинг қирраси билан лой кесиб, ҳовучлаб қолипга урасиз, ҳмлаб кўтарасиз, бориб тап ағдарасиз, қайтасиз, тағин қумлайсиз, қўл пичоқ бўлиб лойни тилимлайверади, лой камаяй демайди, қолип қоринга тиралган, яланг товон тош қоттган, чоп-чоп қатновнинг адоғи ёк; чанқов тинкани қуритган, баримизда биттадан тунука чойдиш, жўмрагидан қулт-қулт тортамиз, ичганимиз ўша заҳоти тирқираб чиқади, олдинда кўкрак, орқада куракнинг ўртасидан милт-милт юмалайди, оқиб чотимизга киради; пешанабоғни сиққанда ерга шириллаб тушади. Саҳар чиқарган лойни тушгача, тушда чиқарганни қора шомгача қуйиб қўйиш керак. Ўтириб тикилсангиз, иш сира тугамайдиган кўринади. Қипчоқариқнинг пастида қатор-қатор лойхандак, белидан юқори яланғоч, қора-қура Вафоқул, Абдуҳамид, Карим, Бердибой, Нусрат… Оқ-сариқларимиз ҳам кўмирхонада туғилгандек туси ўзгариб кетган… Ҳозир ҳаммаси бормикан деб ўйлайман, уйга келган синфдошларим мендан қари кўринади, бошқалари ҳам бобой бўлиб қолгандир тоза.
Ҳаммаси кеча ўтгандек. Ўзимизга катталик қиладитган кетмон, ҳар ағдарганда бир тирсак чуқурлайдиган ҳандак, охири лой чиқаришга бўй етмай қолади, янгисини очамиз. Бўшаганини Қипчоқариқнинг бўтанасига тўлдирамиз, пишиниб олишга бўлаверади. Ким кўп қуярига ўзишма, бир кунлигини қаторма-қатор жуфтлаб санаймиз; Каримники бир марта бир минг олти юзу саксонта чиққан, етолмаганларнинг аламини кўрсангиз! Ўзига қараб, шу қуйдими-ей, деб ишонмайди одам. Абдуалим ҳамсоям, мендан ёшга кичик, бўйи ҳали ўсмаяпти, ҳар куни келиб, ўксиниб ўтиради, йиғламсираб илжаяди, тирсагини букиб: “Бу йил кучим кўпаяди. Мана шу, ёнингдан лойхона қилиб, икки мингталик жой текислайман. Қара қўлимга, туртиб чиққанини, кучим қотяпти!”, деб чиранади, бир яхшилик кўрсатиб, қаторимизда юриш учун: “Шийпоннинг олдидан қовун олиб келайми?” деб хушомад қилади. Лекин қовун ўғирлашнинг ҳадисини олган: эгат ичидан битта ё иккита қовунни изма-из секин думалатиб келаверади, қўли орқасида, пастга эгилмайди, қараган одам уни ғўзанинг ичида эриниб ўйнаб юрибди дейди. Танлашни жуда биларди, ё бўлмаса, шундан шунгача думалаб келган қовун ичи эзилиб пишарди, ишқилиб, сувсираб турган лойкашлар, сапчасини ҳам еб тўймас эдик.
Колхоз, ҳамиятини қаранг, уч-тўрт кунда бир қум олиб келишга машина ҳам беради, кечаси, аммо-лекин яйраймиз. Кун бўйи офтобда куйиб, тош қотган баданларимизни Қорасув силайди, сийпайди, юмшатади; ой кеча, ойдин кеча, ғира-шира тол кўлкасидан пари қизлар пойлаб, бизни танлаётгандек сирли ҳаяжонда, шивирлашиб, шапир-шупур чўмиламиз.
Катталар қора сув бу, сизот, ичманглар, чўмилманглар – хомлатади, деб мудом тайинлайди, лекин қаёқда!
Унинг қумлари тоза, суви кўзёшдек тиниқ, тагидаги майда шағалию оқимга бошини тутган тошбош чавоқчаларигача кўриниб туради. Кўкраги кўм-кўк чипор қушча чий-чий қилиб сувга калла ташлайди-да, тумшуғида балиқчани билтанглатиб чиқади.
Саратонда Булунғур лойланади, Қорасувнинг тиниғини деб қоқ тушда уч-тўрт чақиримга иссиқда пишиб борамиз. Ияклар тикиллаб, кўкариблар кетгунча чўмиламиз, эрталабда еган бурда нонимиз сирилиб, ичимиз шилиниб тушади, қайтишимиз Ғаровтепада сут пўнкити бор, унда биринза деган нарса қилинади, билмаймиз, қаёққа жўнатилади, шаҳардаги ўрислар есами, биздаги дўконга чиқмайди, катталар шунча қурут туриб шуни ейсанларми, ичларингни шўрлатиб юборади, деб ижирғанади, биз эса эшикка тиқилишиб, бўйинни чўзиб кутамиз, оқлиги билинмай кетган камзул кийган арманими, эроними амаки, бироз мустар қилгач, катта пичоқда кирсовундек бўлаклаб, қўлимизга битта-битта тутқазади. Ана, бу шўр балони қоринга уриб олиб, кейин кела-келгунча учраган ўқариқми, сув қўйилган эгатгами кўкракни бериб, тўғри оғиз босамиз. Дориланган пахтанинг ичидан чиқса ҳам, етти юмалаганми – ҳалол, кейин, майкани оғзимизга тутиб, сиздириб ичамиз, тутилган жойига лой ўтиради. Эҳ-ҳе, ичимизга нималар ўтиб кетганини ҳосилотлар билмаса, бизга нима, чанқаганда пахтанинг дориси ҳам бир нордон там қўшади, лекин тўхтаб-тўхтаб, нафас ростлаб симирамиз, тўйиб ичишга нимадир қўймайди. Ер ҳам у пайтлари тозароқ эдими, балхи тутларнинг тўкилганини тупроғини пуфлаб еяверардик, қўшилиб чумчуқнинг тезаги ўтиб кетса, ичоғриққа даво; оёқни шиша кесса, арава изи ийлаган
тоза тупроқ босамиз, бир пасда тузалиб кетади. Қўлимизнинг қотиб ўлган қадоғини ҳам тирноқлаб кўчириб, ўрнига тупроқ қўямиз, ачигани қолади.
Қайтишда яна терлаб пишамиз, шунча йўлга бориб чўмилганимиз бир пул, энди Булунғурга калла ташламай уйга бормаймиз. Ёзимиз иш, ишдан қочиб, тупроққа ботишу сувга шўнғиш билан ўтади.
Айтганча, колхоз ғиштнинг мингига саккиз сўмдан пул ваъда қилиб, қуйганимиздан кейин эса бў-ў деб, биз болаларга ҳеч зарили ёк буғдойига чаққан, эшакда тўрвалаб ташиганмиз; қўлимиз пул кўрса, велосипед оламиз, кўчадан қизларни ҳаваслантириб учириб ўтамиз деган орзулар ўша қазганимиз лойҳандақларда уялаганича қолган. Ҳозир ўғлимни ўзимнинг ўрнимга қўйиб кўрсам, им-м деб тишимни тишимга босаман, унинг қилмаган, энди сира қилмайдиган меҳнатидан эзиламан. Йўқ, болаларим, невараларим учун ҳам бўтаналарни ўзим ичдим, ҳаётининг иморатига қанча ғишт лозим бўлса, олдиндан ўзим қуйиб қўйдим. Қилган меҳнатларим етти авлодимга етгули. Шунақа гаплар билан ҳам ўзимга таскин бераман-да.
Эй-й, кун тагида кун кўрмаган болалиг-эй!
Ҳа-я, битирганимизда мактаб ҳам шундай қўйиб юбормаган, қизларга нима юклагани эсда ёк, балки девор оқлатган, пол ювдиргандир, балки ғўза чопиқ, ишқилиб, ҳафта-ўн кун ишлатган, аниқ айтолмайман, лекин ўғил болалардан ўн мингтадан ғиштни санаб олиб, аттестатини кейин берган. Биз ҳам бу пайтга келиб пирча бўлиб қолганмиз, имтиҳонлардан қутулган, баҳолар олинган, қуриган ғиштни учтадан саккиз қават, устига битта қўйиб йигирма бештадан ёндама қилиб теришда ичини бўш қолдириб, саноқда алдаганмиз. Муаллимларимиз буни билмаган ё, кўриниб турганини ҳам ишлатадиган жойнинг ўзи ёклиги учунми, билмаганликка олган.
Шу тинмаслик шашти билан университетга ҳам кириб кетдим: мол ҳайдаш, ўт ўриш, пахта чопиқ, ер ағдариш, сомон ташиш, ариқ тозалаш, ғишт қуйишлар энди ёк, теримдан бу ёқда ҳам қутулиб кетмадиг-у, лекин ётиб ўқисанг, ўқиганларингни уқсанг бўлди экан – шаҳар сеники. Булунғурнинг тубидан сакраб бошимни чиқаргандек бўлдим, мисоли, ҳаво етмай бўғилиб ётганда туйқусдан ҳи-и деб ютоқиб нафас олдим, кўкрагимга эркинлик келди. Бу ерда уйлар қалашиб ётса ҳам бир кенглик, дарслардан бўлак пайтлари ўзингга ўзинг хон, ўзинг бек, кинотеатрлар ярим оқшомгача очиқ, эрталаб юмшоқ бўлканонга қалин сутшинни сурамиз – нонушта, тушликда йигирма икки тийинга ярим коса лағмон деган нарса, йигирма тўрт тийинга картошка қайлали котлет, кечқурунга яна бўлканон билан килка-консерва тайёр. Шу килка ҳам қанча талабанинг жонига ора кирган! Яшаш зах ижараю чўнтак мудом касаллиги қишлоқ боласига чўт эмас, мадраса тупроғини ялаш – кўрмаган мартабамиз. Лекин бу тарихларга ҳали анча бор. Уларгача кечган болалик хотирам арқоқларида чувалашиб ётибди…
Кичик гуноҳидан бир уялган одам кейин катта гуноҳлардан тийилиб қолар экан. Шу десангиз, бир куни бодринг ўғирловдим. Ҳа, ўғирликка кирганман. Бодринг айни етилган пайт, гуркин палагининг ҳиди димоққа гупиллаб урилади, жуда чанқаган эдим, Булунғур ёқадаги чашма бир чақирим, боришга сабрим ёк, офтоб тиккада, чидамадим, кириб олдим. Ўралмаган, ҳатто увати ҳам ёк томорқа, бодринглари билакдек, кўклари палак тагида сув олиб ётибди, сен же-мен же, пишганлари офтобда сарғайиб товланади. Биз томонларда томорқа деб фақат ҳовлидаги экин-тикинни эмас, одамларнинг далада пахтадан ортган бўлтак-сўлтакларни ер қилиб олгани ҳам айтилади, бу тирикчилигини ҳеч ким иҳоталамайди, агар ҳам ҳу ҳалиги Валентин Тюпконинг чигитни квадрат уялаб экишидан қолган дона-дона думалоқли сими билан атрофлаб қўймаса; ҳужжат-пужжат керак эмас, йиллар бадалида, пахтанинг қарталари қайта тузилиб, бу ер ҳам кириб кетмаса, бир кишига умрлик тегиш, мерос бўлиб оиласига ўтаверади ҳам. Нарзулла бобоникининг ҳам чайла оти бор-у, ёмғир ювган, томи ёк тўрт катак – одам белича пахсадан бошқа вақоси ёк, Қипчоқариқ увати билан ўртада шапалоқ ер, мол ҳам бемалол босиб кетаверади…
Хулласи шуки, бурганнинг панасида кўринмаяпман деб ўмарганимни еб ўтирсам, уч-тўрт кунда бир ҳам кўриниш бермайдиган Нарзулла бобо устимга келиб қолса! Ўтирган жойимда тахта қотдим. Нарзулла бобо бермаган саломимга: “Ва-алайкум! Бай-бай, ёнишини! Эшонбово, Қипчоқариқдан ичиб қўйманг тағин, пахтадан ҳамма заҳар шунга тушади, – деб яктагидан бир этак бодринг тўкди олдимга, – Манг, кўкракнинг куйганини жуда олади-да”. Тишлаганим қўлимда, оғзимдаги томоғимдан ўтмайди, қўлга бундай лаққа тушганимга анграйиб, бетилу безабон ўтиравердим. Бобо яна мени отамнинг ҳурматига сизлайди денг! Шунча бодрингни атай бердими ё билмайми, лекин ёмон уялтирди. Шу-шу, юзим шувит, қовунлари палагида тўрлаб, тарвузлари тирсиллаб ётади, ёнидаги йўлдан ўтиб мен қарамайман! “Ҳў, эшонбобо, хўжабилмас ширасига чидамай ёрилиб кетибди-да, келинг, увол бўлмасин, битта коса қилиб берай”, деб ўзи чақириб турса ҳам у-бу деб ғулдираб қочаман.
Буни нимага айтяпман, шундан иккими-учми кун кейин, Қипчоқариқ уватига молларимни арқонлаб, ўт ўриб юрганимда зарурат қистаб қолиб, чўнқайиб ўтирган жойимда бутимнинг тагидан қора илон ўтиб қолса! Эй-вой, даҳшат! Кўрганда юрагим ёрилмас, лекин сесканишим бор эди, лекин бу, – секин гапирасизми, палакат! – нақ кетимнинг тагидан, бошини сал кўтарса тегади, кўзи шунақа совуқ, тағин тў-ўғри, одамнинг ичигача музлатиб тикилади! Эсим чиқиб кетди, ўтим ёрилди, капалагим анақа бўлди деганлари ҳеч гап эмас!
Билмадим, худонинг бу бола ҳам яшасин деб раҳми келдими, тош қотиб тўғри қилибман, падарлаънати, хас-хашакни бир маромда шиғиллатиб, тикилган кўзини узмай, симоб оқиб ўтаверди-ўтаверди! Ёмон узун туюлди лекин! Орқа жойим тош осилиб кўрингандир, ўғил боланинг уяти ёк еримни рақиб билмагандир, ҳар қалай, тегинмади, лекин ўтиб, бурган ичида кўринмай кетгандан кейин ҳам нафасим чиқмай, аллазамон бежон қотиб қолдим. Чаққанда ўлдирмаса ҳам, қўрққанимдан ўзим нақд ўлиб берардим лекин. Шу қотиб ўтиришимда ўлганим шудир, деб ҳам ўйладим бир, эй, ниҳоятда хунук совуқ, тирик жонивор ҳам шунақа зимистон бўладими! Тилини чиқаргани мусулмон дейишади, ўша вақти тилига қарабманми, имонини худо кўтарсин, шу билан кўп йиллар, ҳатто қишларда ҳам тушларимга макон қуриб олди. Тушга киргани бойлик эмиш, лекин турқи ўчсин, у ёғингиз ҳам, бу ёғингиз ҳам узун-узун чирмашиб чалкашган илон, шунақа кўрардим-да тушимда, бир қўрқиб уйғонинг, бойлик керакми, жонингизми, ўшанда биласиз. Ҳа-а, уйқу бузилиб, эрталабгача хавотирда чиқинг, кейин бировга осон тутасиз!
Дала-дашт майли, лекин бу газанда қишлоқнинг ичида ҳам сероб, дарахтларнинг устида чумчуқларни қий-чув тўзитиб, одамнинг юрагига ғулғула солади, уйларнинг шифтида юради, эгасига тегмайди, ун сепса ёколади, лекин хаёлдан кетмайди, ўзини устингизга ташлаб юбораётгандек бўлаверади. Ҳалиги, яланғоч бутимнинг шундоқ тагидан ўтгунгача пайтлари кўрсам, юрагим озгина шувиллаб қўярди, холос, энди эса яланг катта кўчада ҳам аланглаб юраман, тупроққа тушган изи тирикдек иланг-биланг йилтиллаб, оёқдан узиб оладигандек бўлаверади. Кечалари сим-сиёҳда унсиз шувиллаб даф қилаётгандек, ухласам секин кўрпамнинг тагидан кириб келаётгандек; айниқса гунгурт бадрафда кўринмай қўрқитади. Бир куни Қипчоқариқнинг пастида ҳам олдимдан чиқиб қолиб, ўтакамни ёрди. Ўқилон эди. Одамга отилса, кўкрагини тешиб ўтиб кетади деган маҳовапти бор. Ўзи-ку ипдек бир нарса, безарар, чақса ҳам кераг-у, лекин одамдан қочади, учраса, кўзингизга бир нарса лип илингандек туюлади, ичингизда бир хавфсираш туради, уч одимча нарида ўт қимирлаб қолади, вассалом, тизимча ўзини ўша ёққа отган бўлади. Бу анча каттаси, яъни узуни экан, устига келиб қолганимга шошдими, қўрққаниданми, ишқилиб, белигача баланд кўтарилиб, тўғри тикилганича қотган. Кўзим тушгани ҳамоно ҳолати жон ирғиб юборганимни билмайман, шунақа пайтлари ваҳима ҳам куч берар эканми, физкультурадан “уч” оладиган ҳолимда, шу отилишда йўлни уч-тўрт қулоч энлаган кўлмакнинг у ёғига тушибман, кейин шунчага сакраганимни кўриб, кўзимга ишонмадим. Қипчоқариқ шу ерда икки одам бўйи тикдан ўтади, пасти олмачорбоғ, ўртада тупроқ йўл, чорбоғдан сув тошиб, йўлни босибди, уват тагида холос бир одам ўтарли қуруқ ер, қачондир кўрган киномнинг қўшиғини э-э, най-най-най, нанай-най-най, деб айтиб, дингиллаб келаётган эдим, сакраб кўлмакнинг бу ёғига тушиб ҳам най-найим тўхтамабди, худди калтак еб ангиллаётган кучукдек, анча вақтгача най-най-й, деб қўяман денг.
Ҳа, айтмоқчи эдимки, ҳалиги қора илон Нарзулла бобонинг чайласиники бўлган, Қипчоқариққа сувлагани тушаётиб, орқамдан келиб, бу бола энди бошқа гуноҳ қилмасин деган нимадир ҳикматини билдиришга атайлаб бутимнинг тагидан йўл солган, бўлмаса, ер кенг, ўтишига жой бемалол эди.
Яна… болалигимда бу жуда кўп эди, ўнгимда ҳам, тушимда ҳам, лекин биронтаси тегмаган, тушларимда қўрқитгани билан ҳам чақмаган – бу ҳам бир нарсани билдирар, ахир. Буни ҳам донишманд дейишади шекилли. Лекин бизда эмас, ўқиганман.
Ўзи кичкиналигимдан ўқишга ружу қўйиб, ҳамма нарсанинг тагидан бир ақл чиқариб олиш кўйига тушган эдим. Китоб қишлоғим тепасидаги бир туйнук, шу туйнукдан ташқарига ўрмалаб чиқиб, бўлакча дунёларга кетиб қолар, ўша ёқларда қидириб, газанда ваҳмию кўнгилга юк бўладиган бошқа гапларни тамом унутар эдим. Одам бўлишга англаб-англамай йўл излабми, шу меҳнатлар ичида мактабни, хусусан унинг кутубхонасини бошни саждага тўғрилайдиган меҳробга айлантириб олган эдим. У пайтлари, албатта, Аллоҳни ўйласак ҳам узоқдан, кўнгил мусулмонлиги – ўқиш, китобга ружу, эҳтимолки кутубхонамиздан тарқалган, ҳаммага чапа-раста юқмаган бўлса-да, менга ўхшаганларни оғритган бир ют каби эди. “Беш”га ўқиш ҳам катта бир мартаба, одамлик келажагимиз нақ синфхонамиз деразаларидан мўралаб имлаб турарди. Э, бу қизларни гапирманг, уйида қиладиган иши ёкми, китобга ёпишган! Шулар топиб, ўқиганини бир-бирига чуғурлаб, мияни қоқиб қўлга берганидан, ўша яхши китобларни қўлга олишга орланар эди одам. Лекин қизлар кўкрагига босиб юрмагани ҳам бисёр, кутубхонада улар кирмаган бошқа кўп дунёларни кезишим мумкин эди. Кутубхоначимиз сенга катталик қилади демайди, тахта жавондан қўлим билан кўрсатганимни беради. Муқоваси қалин, семизларини танлайман. Нималарни ўқимаганман! Қанақадир Васёк Трубачев, Ашот, уларнинг дўстларига қўшилиб юриб тонг оттирар эдим. Кимдир, тоққа қочган Алитет, нимага қочган – эсимда ёк, лекин катта, қалин китобни намойишга кўтариб, ўша кўп ўқийдиган қизларни ҳам ҳайиқтириб юрганим ҳалигача эсимда. Балиқ, тюлен овлаб кун кўрадиган қанақадир бир шимол халқими, овчи қабиласими, шуларда отаси қариб, ишга ярамай қолса, уни ўз ўғли елкасига миндириб, қор босган тоғдаги бир овлоққа элтиб ташлар, бобой бечора ўша музлоқда ёлғиз қолиб, тағин ўғлини шу қилгани учун алқаб, қисматига рози, ўлиб кетаверар экан! Энди бу қуруқ нонхўр, яшаб нима қилади деб ташлаб келган-да ўғил басамон!
Ана! Оқшом яримда тепамга келиб: “Бўлди қил-э, валад… Кўр бўлгунча ўқийсанми!” деб меҳр аралаш сўкиб, керосинчироқни пуфлаб ўчириб кетадиган отам, менинг қоронғида қор босган тундра ўрмонидан бешафқат тоққа қараб йўл босиб, отам қариса ҳеч қачон унақа овлоққа, ҳатто яқинимиздаги Ғубдинга ҳам ташлаб келмасликка онт ичиб, ичган онтимдан ўзимнинг кўзим ёшланиб бораётганимни билмайдилар-да!
Шундай лекин: қўлимдаги китобнинг ичидан, ўшанақаси шаҳарми, тўқайми, биёбонгами, кўрпачага бағримни берганим кўйи ўтиб кетган бўлар эдим.
Э-э, айтмабман-а, энди келди эсимга: ғишт қўйганда бўшаган хандақларни сувга тўлдириб қўйиб, ҳар куни пишинавергандан, қизиб кетганда ташлаб олаверар эдик; лой қуйқаси терига ўтириб, сингиб, калтакесакнинг пўстидек қуриштиради, кейин шу жойлар тирс-тирс ёрилади, товон ҳам бўлакланиб, тагидан қизил гўшти чиқиб қолади, ёриқларга қора сақич чайнаб ёпиштирамиз, сон нозик, бутнинг пастидан тиззагача ачиб тураверади, унинг тарамлари давосига вазелин, бўлмаса яна шу аравайўлнинг тупроғи. Саҳар турганда уйқуда битган тиришлар азот одимлагани қўймайди, кўзга ёш келиб, эснаб-эснаб керишиб, зўр билан бутни кериб юрамиз, биламиз, тиришлар йиртилиб қонайди, ачишади, лекин ёзилади, бу ёғига чидаймиз. Фақат шабада салқини тиришлардан кириб баданни дилдиратади, ҳу бориб, яланғочланиб, қўлда кетмон билан ҳандаққа тушгандан кейин, қон юришиб, лойнинг совуғи йўл бўйи ачишиб оғриган оёққа малҳам бўлиб ёпишади, хаёлда фақат чиқариб отаётган лойим қанча ғиштга етса деган ўй-у, ичингизда тошаётган бир ғайрат қолади, холос.
Қизиғ-эй, э-э, шуни ҳам ўйлаб ўтирамизми, болаларни соламиз, қуйиб ташлайди, шаталоқ отиб юрибди-ку бари, деган-да бир ақлли марди калон; катталарнинг тушуниши шу. Шаталоқ отамиз! Отам ҳам кечалари сўкиб, олдиларига солиб келсалар ҳам йўлига, бари бир, шунча бола нима бўлса, бу ҳам шу-да деб қараганлар.
Майли, сардафтарнинг бу ёғини кавлайвермай, ўлмаган қул кўраверган экан-да-ей. У пайтлари қулликни қайдан биламиз, қуллик, шунчаки, унинг ҳам бир завқлари бўлган.
Ғишт қуйган пайтимда ўқишга илож ёк эди, чарчайман, ухлаб ҳам олиш керак, жазирама кунлари ҳам каллага китоб кирмайди, Булунғур билан Қорасув ўзига тортаверади. Лекин бошқа пайтлари, айниқса қоронғи қишларда китобга мук тушаман. Далага мол ҳайдашда қулайини қилиб, эшакнинг устида ҳам ўқиб кетавераман. Албатта, бунда кўзи тушган катталарнинг: “Э, бу боланинг китобга ёпишганини!” деб қўйишларидан шишмаланиш ҳам бор-у, лекин муллалигим, ҳаққаст рост, Саидвалининг носкашлигидан ўтиб тушар эди. Мол темир қозиқни жингирлатиб ипини ўзи судрайди, эшак уларга эргашма, эшакнинг юришига мос чайқалиб-чайқалиб, китобдан кўз узмай кетаверасиз – кўчма эгар қироатхона. Ҳу далага етгандан кейин молларни арқонлаб бир сояни олсангиз, сиздан бемалол одам ёк.
Бир куни тут тагида устимдан соя кетиб, офтоб бошимга тиккадан уриб куйдириб юборгунча ўқиб ётаверибман, сакраб турсам, моллар ёк! Темир қозиғини, теша олиб юраман, қаттиқ ерга қоққан эдим, молнинг ўзи тортганга суғурилмайди. Қандай кетади! Ўғри кундузи доримайди, унинг иши кечасилик, шунда ҳам онда-сонда битталаб олади. Беш мол ақллашиб гапни бир жойга қўйиб ёколгани ақлимга сиғмайди.
Эсим чиқиб, излашга тушдим. Булунғур бўйларидаги ёввойи жийдаларнинг орасидан, пахтапоя, шолипоялардан ахтардим, олмачорбоққа кирдим, Валибобогача қараб келдим, – ёк, ерга кирганми, осмонга чиққанми – ёк-да. Маза қочди, саросимада, бу ҳам ёколиб қолмасин деб, эшакни миниб, уйга чопдим, ойимга индамай, бир омонат илинжда оғилхона-айвонларни, уйнинг орқасидаги ертокни қарадим, худди шуларнинг орасида бемалол кавш қайтариб ётадигандек, ёк! Ана шу вақти отам келиб қолдилар! Ҳар жума Самарқандга намозга борадилар. Энди нима дейман деб, дамим ичимга тушиб кетди. Менга совға – қизил локланган бошмоқ олиб келибдилар, ҳали қўлимга келмасидан билдим – қизларники, яна оёғимга катта; ярқиллаган экан-да, чарми пишиқ эмиш-ей, – бир алам қилди, бир алам! – мана бўлмасам деб молларни ёкотганимни айтиб юбордим. “Оқшоми билан ўқиб чиқиб, кейин далада уйқуни урасан. Ўзинг ёколиб қолмабсан ҳам яхши”, дедилар отам унча уришмай. “Йўқ, қараб ўтирган эдим сояда, бирдан ёколиб қопти”, дедим. Отам тўқиётганимни билиб ўсиқ қошлари тагидан бир қараб қўйдилар, мен бошмоқни яна артиб силаган бўлиб: “Жуда зўр экан-у, шу сал катталиги….”, деб нигоҳларини юмшатдим. “Ҳай, Эшим касофат оралагандир-да, қаёққа ҳам кетади”, дедилар. Бошмоқни мақтаганимга соқолларини тутамлаб: “Ҳм, кўни тоза, шундай ярашиғли нарса бекорга турмаган-ов, деди-им, заифона экан-да”, деб хижолат бўлган бўлдилар.
Бошмоқни хушомадга яна бир кийиб кўрсатдим. Қуриб кеткур, қизларники бўлмаса ҳам майли эди. Менга тўғри келмаса, опамлар пахтага судраб юрар эмиш, а, ўзим-чи? Саҳарлаб далага чопсам, молларини боқсам, ўтларини ўрсам, пичанларини қилсам, сомонгача ташисам. тағин менга келган тўплини опамлар пахтага судрармиш. Мен-чи, ҳалокунинг итиманми! Эшакнинг меҳнати ҳалолу… Хай, обориб, кийдириб кўриб олсалар, нима қиларди! Баҳонада Самарқандни кўриб келардим. Шу-у, бобойлар битта ишга яна биттасини қўшиб битиришни билмайди, аммо-лекин, катталарнинг гапини бўлма, ювилмаган қошиқдай суқилма орага, биладиган бўлиб қолдингми, дим ўтир, пешанангни тириштирма, – доим жеркиш, ўзларининг билганлари эса бу, жаҳлинг чиқмайдими! Индамай ўтирсанг – анқайма, гапирсанг – тилингни тий. Уйқуни ургансан эмиш!
Куясан-да! Сенга деб келган нарса кўзингни ўйнатиб шундай қўлингда турса-да, сенга тўғри келмаса, ахир, бунга чидаб бўладими! Эй, оёғимда учининг йиртиғидан бошмалдоғим чиқиб турадиган эски кеда, қоқилганда қонайвериб, бошмалдоқ ҳам шум-зада бўлиб олган, кийиб, ҳали юрмасимдан безиллашга бошлайди .
Ҳай, майли, энди минг куй, бефойда, шундан шунга обориб қайтариб бермайдилар-ку, бари бир. Ойим бошмоқни учига пахта тикиб кийдириб, бир юриб кўр қани, деганларига юриб ҳам кўрдим, одамнинг бели майишиб, қуймичи ўйнаб кетар экан. Пошнанинг ярмидан арралаб ташласа… э-э, бўлмайди, бузилади, кейин, бари бир, қип-қизил-да, кулгига қоламан.
Бошмоқни қўлимга оламан, қўяман, айлантириб кўраман, баттар хунобим ошади. Отам эса шунча диққатлигимга бепарво, ёнбошлаб, чойларини бемалол ичдилар-у, ўзим борай-чи, деб эшакни миниб далага кетдилар. Шуни ҳам ўғлимга деб олдиларми-я, деб бор заҳарчамни ойимга сочиб, орқаларидан ўзим ҳам жўнадим. Борсам, отам олманинг тагида чўзилган, томорқамизга сув очилган, молларнинг бешови ҳам Қипчоқариқнинг устида, думини елпиб ўтлаяпти, ипи Эшим калдан омон экан.
Бизда ўқалоқ, бир жойларда сўна, бўка дейишади, ана шу касофат келиб қолса, ўзини кўрмайсиз, эшитмайсиз ҳам, тинчгина ўтлаб турган мол бечора бирдан шайтонлайди, шундай шайтонлаб кетадики! Кўзлари олайиб, бўкириб юборади, сакраб ўзини тўғри келган томонга отади, кўрган одамни ҳам ногаҳон ваҳм босади. Меники шу ўқалоқдан қочиб, ипи пишиқ жун, узилмаган, қозиқ-позиғи билан Қипчоқариқнинг ичига, қамишнинг бўлиғига уриб кетиб, соя-салқинда, бўйнигача сув, ариқ лабидаги ўтга чўзилиб, ҳузурини топиб турган экан. Бу ёқда эса юрагим ёрилган, шунча молни ёкотдим, қандай кунга қолдим энди, деб.
Лекин молларнинг шунча вақт беэга қолганини Эшим кал қандай билмай, ипини қандай олмаган, бу ҳам жумбоқ, ундан сирли бир хатар келади одамнинг кўнглига; калга инсоф текканидан ҳам хавотир туради.
Эй-й, бунинг учун унинг таърифини келтириш керак, айтмаса хотира ҳам кемтик бўлиб қолади. Гап шундаки – Эшим кал шунчаки, соддаси кўприк тагида туриб эшак ҳуркитадиган жўн бир каллардан эмас, алоҳида, деви борми, жиними, ишқилиб, бўлакча бир кал. Алоҳидалиги – қўли эгрилиги, кулишни ҳам, ачинишни ҳам билмайсиз – ип ўғирлайди, бошқа нарса билан иши ёк, айнан арқонлаб қўйилган молнинг ипини қўймайди; деви ё жини борлиги – молингизга қараб ўтирганингизда ангда қолдиради, олганини кўрмайсиз. Гапирай десангиз, қўлидан ушлаб олмагансиз. Шунга дуо кетган дейман, бўлмаса қараб туриб билмайсизми. Ўғрилиги ҳаммага маълум, ҳамма билишини ўзи ҳам билади, лекин касмини қўймайди, худди ҳамма билан бас бойлашгандек, Ўзида бор-йўғи битта ориқ танача, у ҳам подасида, кал вақти-вақти билан подачимиз ҳам, бунча кўп ип нима зарил, инсон зоти тушунмайди. Лекин йиғаверади, йиққани чириб кетгунча чиқмайди, агар ипингиз эсингизда турган бўлса, йиллар ўтиб, кал ғўзапоя ташиётганда, тоғдек қилиб елкалар эди лекин, калта-култа уламаларидан танийсиз-да, қўл силтайсиз, бер деб тортиб олганингиз билан энди ҳеч нарсага ярамайди. Қизиғи шундаки, ипни кал олганини аниқ билган одамар куйиниб ҳам ўтирмайди, худди ўғрилик ҳам оши ҳалолга устамадек. Ип майли-ку-я, лекин бўшоқ юрган мол бировнинг томорқасига кириб кетади, қоракўрпа еб дамлайди ё ёколиб қолади. Кейин Қирон жарчи бозорда чақиради: “Ҳў-ў, эшитмадим деманглар! Ҳў-ў, ола наввос ёколган экан, ҳў-ў, шу наввос фалончиники экан!… Наввосни топганга шу палончи суюнчига ўн сўм тиккан экан. Ҳў-ў, шуни топган обкеб берса, суюнчини олаверсин экан, Ҳў-ў, ола наввос…”
Шунинг давомига Қирон жарчи: “Ҳў-ў, ола новвоснинг ипини ўзларинг билган Эшим кал олган экан”, деб юборса-ку, олам гулистон. Лекин Қирон жарчи отини тутмайди, Эшим эгрилигини қўймайди. Ҳамсоя бўлсак-да, эшонбобоникини ҳам олади-ей, нокас! Ўзим боқиб юриб, кўролмай қоламан, лекин ҳамсоямиз-ку, бориб сўрайман, сиз кўрмадингизми деб, тўғри тармашишга ҳайиқаман, бир нарсалар деб ғудинглайди, билганимни билди дейман, чунки бетимга қарамайди. Офтобда куйиб, қорайиб, қўллари ишнинг зўридан акашакдек қийшайиб, кўкиш томирлари бўртиб кетган, елкаси сал чўкик бўлса ҳам, жуда бақувват шайтон, одам билан уришганини эшитмаган-у, аммо, бари бир, нимасидандир сесканаман. Тинчгина ер сузиб юради, минг сўранг, ипни сен олдингми деб, оғзингиз оғригани қолади. Олдими, тамом – унга ўтган. Баъзан аҳмоқ бўлганим ўтиб кетиб, отамга айтсам: “Сен ётиб китоб ўқисанг, мен бориб молингнинг ипидан ушлаб турай-да, а? Қарамасанг – олади-да”, деб менга гапирадилар, ўзига индамайдилар. Баъзан-баъзан ипи олинган молни излаш чўзилиб, ниҳоят топилиб, кўнгил жойига тушган пайтлари: “Худой урган туяни вайсилқора не қилсин”, дейдилар, менга қўявер дегандек.
Энди Ғазирамизннинг ўзига келсак, ўрта жойда эскидан бозори бўлгани боис бутун чор-атрофига пешгир, қизил калтак деган замонлариёқ мактаб очиб, кў-ўп ўқимишли одамлар етиштирган, доценту профессорлари Самарқанду Тошкентларда дарс бериб, уларга эргашган мактаб болалари ҳам олийга гуруҳ-гуруҳ кириб, талабалари шанба-бозор кунлари автобусларни қаппайтириб шаҳарга бориб қайтадиган ҳийла дами баланд қишлоқ. Эшим кални гапириш ҳам сал майдагаплик, чунки у ҳам шу Ғазиранинг катта бағрига ҳамма сиғиб, ҳар кимнинг ўз тегиши белгили экани, минг ёққа чопмасин, пешанага ёзилганидан ортиғини ололмаслигига бир мисол, холос. Бегона эмас, ўзимизнинг синашта хоназот калимиз, подани фақат оши ҳалолга боқади, ипини олса ҳам молнинг ўзига тегинмайди. Пахта сиёсати қаттиқ замонда унинг зараридан фойдаси кўпроқ, ипини олдирмайман деб кўз-қулоқ турсангиз, бўшоқ мол пахтага тушиб сўйилиб кетмайди, эгасини жавобгарликка торттирмайди. Калнинг бу томони ҳам бор.
Шу одам тинмайди, онаси ким бўлган бўлса ҳам, буни лекин қора меҳнатга туққан. Қишлоқда нима оғир иш бўлса, шу балогардон, кўкламда ариқ қазиган ҳам, кундаков ҳам, ёзда томҳашарга лой қорган ҳам, саратонда пахсачиларга лойкаш ҳам шу, тўй-маъракаларнинг самовари шу текин хизматкорсиз қайнамайди, айниқса эрта баҳор, ер текислаш пайти шудгорнинг устидан мола тортилади-ку, икки қатор темир тирма уланиб тракторга кўндаланг тиркалган оғир тўсин-болор, шунинг устида ҳам кал, мола ўнқир-чўнқирда ўйноқлаб кетганда тагига тушиб қолган одам тирик чиқмайди, унга эса жин ҳам урмайди, мола билан баравар кўтарилиб тушади, лекин сирачлаб қўйилгандек, қўниб ўтираверади. Э-э хуллас, меҳнатнинг оғири-енгили демайди, инқ этмай қилаверади. Жони қаттиқ. Чидам, бардош деган нарсалар тош-метин келбатига қўшилиб, қотиб кетган. Ҳа, бир шатрама хотини бор, Бобили, асли оти Асолатми, Асилами, ҳамманинг эсидан чиқиб кетган, шунинг бақиришлари билан ҳам иши ёк. Бобили еру кўкни тупроққа қориб қарғанади, эр ер юткур ноннни нимкосага бўктириб ураверади, қулоғи ёк. Ҳа, тил ҳам ёк, ё хотинидан, ё турмушидан нолиганини биров эшитмаган.
Бизда ўзи, тўғри, ҳасратини юзага камдан-кам одам юзага чиқаради, дардини тўккани кимга ҳам зарил, барчаники ўзига етиб ортса, ўзганикига тоб-тоқат борми. Минг гапир, кўрган кунинг ўнгланмайди. Бу пахтасида кимнинг бири икки бўлибди, раис-паис, ферма мудирларини айтмаса, лекин тумонат шунинг ичида, барака топса-топмаса, саҳардан қаро шомгача бориб келаверади; эркагу аёл бари туртинган, барининг қулоғи бутун қишлоққа тортанак тортилган радиотармоқда, кўчадаги карнай, уйларнинг леворига осилган қутичалар ким нима иш қилганини шанғиллаб туради, айтилганни қилмаганларни раисбобонинг ўзи чапароста сўкади, жаддига пичан ё сомондан маҳрум қилганини жориялайди. Ҳали даладан ўт олмайсан, молингни чиқармайсан, деб қолмаса! Ана энди жонингизни Жабборга бермай кўринг! Рўзғорга тиргак фақат мол-ку, пахтадан ҳемири келмасин, майли, аммо молгинанинг тагидан шамол ўтиб турсин-да, бўлмаса, бола-чақани қандай боқиб оламиз! Эй, бу дунёсида нимага югуриб юрибмиз ўзи!
Лекин шу чоп-чопда болаларнинг ўзи эсдан чиқиб қолгандек. Бизда ҳам тиним ёк, ишга тармашганмиз, ўйинни қочиб қиламиз. Ўйинчоқ отига ҳам ёк, топганимиз култивациянинг чингалаги, велосипед ғилдирагининг спица деган нарсаси олиб ташланган айланаси, чўп билан ҳай сурамиз-да. Уруш-уруш, яшинмачоқ, зув-зув, ким кўпга шўнғиш, ҳаммомпиш – пушка ясаб, ўртасидаги тешигидан рақиб кўзига тупроқ пуфлаб қочириш, чиллак, қулоқчўзма, эшак кўпкари, қизлар молларнинг жунидан юлиб, копток юмалоқлаб олади, бештошдан тортишади. Ҳа, мактабда осилса ғийқиллайдиган турник ҳам бор, Вафоқул айланаман деб, қоқ ерга боши билан тушиб, бир тутам сочидан айрилган. Ерда худди ланканинг пўстагидек ётган сочи. Айтмоқчи, ланка ҳам яхши кўрадиган эрмагимиз эди, ҳай, дабба бўлиб қоласан деб койишса ҳам, бу тепкини қўймас эдик.
Катталарнинг биз билан иши: егани нони борми, устида бутроқми, э-э, кимнинг боласи тўкинчиликда ўсяпти, икки оёқда тик юрибди-ку, ўлмаса, бир кунини кўриб кетар, тупиркилосдан художоннинг ўзи асрасин! Биз ҳам шу: биров боласини болам-бўтамлаганини кўрмаганимдан кейин суйкалиб- суйкумланишни билмаймиз. Сўкиш эшитмасак бўлди-да, лекин бу ҳам пасту баландига қараб, баъзан эркалтиш: “Бу онангди… нинг боласини қара, бир ўзи қилибди-я шунча ишни!…” Бундан ортиқ бўладими, талтаясиз-да. Қаранг, қилган меҳнатингиз назарга тушган. Ким кимни сўкканини қўяверинг.
Отамнинг намоздан кейин атай дўконга кириб, атоқлаб менга бошмоқ олганлари ҳам, майли, кейин ойимдан билдим, нархи туширилган моллар дўкони экан, – кўп чибжинглайверма, сув текинга олган отанг, – лекин жуда катта эътибор эди. Ота – бизлар учун, эҳ-ҳе, бир улуғ зот, худо хаёлнинг бир чеккасидаги қутлуғ бир, нима десам, жаҳоний ваҳм бўлса, ота шунга яқин бузруквор сиймо. Болалигимда отамнинг юзларига тик қарамаганман, тикилиб ёдда сақлаб қололмаганимга ҳануз надомат қиламан. Лекин пинҳоний ихтилоф, ичимда қолиб кетадиган исёнларим бўлиб турар, у киши ғингшишларимни “Э, бунинг гапини қара”, деб ўтказиб юборар эдилар. Баъзан отам шунча фарзандларининг ичида менинг ҳам борлигимни пайқамасалар ҳам керак, деб мунғайиб қолардим. Бўлмаса, ўғил болага қиз боланикини, яна оёғига катта бошмоқ ҳам кўтариб келадиларми? Шунақа. Гапимни ҳам чақага олмайдилар. Бир қора қўчқорим бор эди, қўзичоқлигидан ўзим қараганман, итимдек орқамдан эргашиб юрарди, додимга қулоқ солмай, бўлак семирмайди деб, сотиб юбордилар-да, уч-тўрт ҳафта ўтиб, бошқа қўчқор олиб бердилар. Бозордаёқ, савдолашаётганларида айтдим, “Ота, шуни олмайлик, шохлағич экан, одамни майиб қилади”, деб. “Жим-е, муштдай боланинг гап билишини!”, деб уришиб бердилар. Оқ қўчқор хипча, калласини баланд кўтариб турадиган, ўзича кибрли бир олифта, одамни сузиш пайини кўзлар эди, мен ҳам қўйга қараб, пишиб кетмаганманми, калласини сал қийшайтириши билан ё эшакка миниб оламан, ё орага мол солиб чап бераман. Отамга неча марта айтдим, қани эшитсалар! Бир куни кечқурун мен тўйга кетиб, ем бераётсалар, ойимни сузибди, хайрият, қўйхона четанининг бу ёғига йиқилиб, янаги шохлашидан омон қолибдилар. Шуни отамга айтиб, “Молга қараш ўғлинг туриб сенга қолдими?”, деб бекорга койиш эшитдилар. Кейин қўчқорвой мана бўлмасам деб, оппоқ соқоллари кўкракларига тушганига ҳурмат кўрсатмай, ўзларига калла қўйибди. Бир сузиб, тисланиб яна хезланиб келаётганда бошига бир мушт туширган эканлар, ва-алаб ёнбошга қулабди. Отам ҳам кексаликларига қарамай жуда бақувват эдилар-да. “Э касофат-эй, одамга ўхшаб сузилиб қарайди-я!”, дейдилар яна. А, шунча вақт мен нима деб зорландим? Фақат ўзларини шохласа ҳисобми? “Қаранг, шохининг қирраси оқариб кетган, кўп шохлашганидан”, деб худонинг зорини қилганман, шуни кейин айтиб юрибдилар, бу бола ҳам анча балони билади, бир кўргандан айтган эди-я, шохи ейилган, деб.
Отам ўзи унча-мунча гапга қулоқ соладиган эмас эдилар, шу феъллари ўтганми, баъзида мен ҳам ўзимникини жуфт деб туриб оламан. Алданишларим ҳам отамерос лекин. Уйимизнинг орқа-олди ваиш, ерток, узумга чумчуқ билан майна кун бермас, тоғораю симга осилган тунука қутиларни тақиллатиб, ҳай-гала-галаю билан иш битмас эди. Отамга кимдир биров қўйнинг бир қулочча ингичка ичагини пуфлаб, ваиш устига ташласа, чумчуқ илон деб ўйлаб қочади, қайтиб йўламайди деб йўл ўргатибди. Бир куни қўй сўйганларидан кейин, ойимнинг ҳай-ҳайлари, менинг қайтарганларимга қарамай, эринмаган одам, шу ишни қилдилар, бир довот сиёҳимни исроф қилиб бўядилар ҳам, кейин ваишга ташлаган эдилар, ҳовлимизни шундай чумчуқ босди, шундай қий-чув босди, қиёмат қўпди чирқиллаб ўзиям. ”Э падарлаънати, ёмон бўлар экан-ку бу”, деб ичакни олиб ташлаганларидан кейин ҳам қани чуввос тинса! Шуни қилишларидан олдин: “Ота, қўйинг шу ишни. Майли, қараб туринг, ўзим пуфлаб, бўяб берай”, деб ялиндим, ойим ҳам гапирдилар, ярашмаган ишни қўйинг, деб, ёк, чумчуқ балосини ўз қўллари билан ёкотгилари келиб қолдими, қўймадилар. Хўп томоша бўлди лекин, ойим кулиб уйга қочиб кирдилар, мен лабимни йиғиштириб ололмайман, бошимни буриб, чеккага тиржаяман.
Тез-тез қулоғим оғрир эди, бунақа нарсаларга отамнинг унча ишлари ёк эди-ю, лекин бир куни меҳрибонликлари тутиб, азза-базза Разиздан дори олиб келдилар-да, ўз қўллари билан қўядиган бўлдилар. Қарасам, томизғининг ранги сариқ, “Ота, бу бошқанинг дориси, қулоқники оқ бўлади”, деб оёқ тирадим. “Қани, баҳона топиб, томиздирмасанг-да, а!”, деб, қочмоқчи жойимда ушлаб, тиззаларига қисиб, қулоғимга мажбурлаб қуйдилар. Миямга шунақа оғриқ кирдики, додлаб ерга ётиб қолдим. Мени шайтонлик қиляпти деб ўйлаб, қараб турдилар-да, кейин нимагадир Муқаддасни ушлаб, “Кел, қизим, эшитишинг тозаланади”, деб унинг соғ қулоғига томиздилар. Синглим бечорага мендан баттар бўлди, ҳовлини зир югуриб айланиб чинқириб, ушлатмади ҳам. Шунда кейин қўя қолсалар нима қилар эди, ёк, “Э буларнинг айёрлигини, дори томиздирмаса-да а”, деб тик турган кўйи, бошларини ёнбош эгиб, ўз қулоқларига қўйсалар! Ана, томошани кўрсангиз! У ёқда Муқаддас йиғлаган, бу ёқда отам, туриб олганлар, бошларини энди бу ёнбошга эгиб, “Ҳа валади зино, ҳа падарлаънати! Бу Жўра чачана қулоққа деб кўзникини берган! Ўйим юборди-ку! Кўр бўлгин, қулоқни кўздан фарқламасанг!”, деб ўҳ-ўҳ қиладилар. Мен йиғлашни ҳам кулишни ҳам билмай, фақат иҳ-иҳилайман, гапим тўғри чиққанига ичимда хурсандчилик қамалиб қолган.
Биров уни ўқи, буни ўқима деб йўл кўрсатмаган, қўлимга тушганини ўқиб ташлайвераман; гапим ўтмай, аламим келган пайтлари отамни шу китоблардаги қаттиққўл, золим оталарга ҳмм солиштираман, ўхшамайдилар, китоблардаги чоллар ёппасига бенамоз, отам эса кунни ҳар саҳар “Оллоҳу акбар” деб азондан бошлар, азон айтганда ўзлари ҳам жуда баландлаб кетар эдилар. Мени қаттиқ ушлаганлари рост, аммо мактабни тугатиб, Самарқандга ўқишга бораман десам, “Болам, домуллоларга қилиб берадиган ўн минглик дастурхон ёк менда, майли, кўнглинг ўзингдан қолсин”, деб ўзлари учирма қилганлар.Университетни тамомлаётганимда Тошкентдан иш топганимда ҳам: “Э-э, болам, мен тирик эканман, Московга бориб ўқимайсанми”, деганлар. Шу-шу, уйга фақат меҳмон бўлиб бориб, у-бу ишларга қарашганим билан хизматларини қилолмаганимни ўйласам, армон бўғзимга келади. Дарвоқе, бу ҳам қисмат экан, қайтар дунё, болаларимни мен ҳам ўқитдим, улар ҳам дунёнинг турли бурчакларида юришибди, ёнимда ўтиринглар, менга қаранглар, деб айтиш… айтса бўлади-ю, лекин ўзингни ўйлаб, болаларнинг оёқ-қўлини боғлаб қўйиш инсофга ҳам, ҳаётга ҳам тўғри келмас экан.
Э-э, мана, чоллар ўтиб кетди, тўп-тўп кетиб юбордилар. Ихчам саллаларда, у ҳам борида, бўлмаса бошларига қийиқча ўралган, эгарда сал қийшиқ ўтирардилар, эгар ботармиди ё бу ҳам бобойча заккиликми, қўлда халачўп, нўхтанинг ипи эшакнинг бўйнига ташланган, йўрғанинг маромида гангир-гунгир ҳангомалашиб келаётганлари узоқдан кўриниши билан, тўй эгалари ёшроқларни “Ҳай, Қўнғиротдан тўртта эшак келяпти. Ҳай, учта эшак келяпти, Исталиндан, қаранглар. Орқадан яна бешта эшак!”, деб шошилтиради. Эшак бойу камбағалга тенг улов, ишлаганда олдин “Виллис” мошин ё “Урал” мотоцикл минганлар ҳам пенсияга чиқиши билан эшакка ўтиб олар, бу ҳам бир мартаба, энди амалнинг сиёсати ёк, эл қаторига тушиб, гап-гаштак еб, худойи, тўй, маъракаларда қидириб юришнинг гашти ҳар қандай мансабдан яхши, бир ёққа борсанг, ёшлар югуриб пешвоз чиқиб, эшагингдан тушириб, ичкарига манзират қилиб турса, бунга нима етсин! Эй, кунлар, йиллар ғириллаб ўтиб кетаверар экан, чолликка даъвогар ўзимиз энди, аммо, албатта, эшак минмаймиз, тўп-тўп юрмаймиз, бизда у завқлар ёк, у чоллар болалигимизни олиб, бизни хотирага чўктириб кетган. Ўзимиз ҳам улардан бошқача чолмиз.
Ҳамма кунлар хотираси хира эмас, бир хиллари ҳали-ҳануз кўз олдимда гул-гул очилиб турибди. Раҳбарнинг бир ўзи ўтга келган кунни унутолмайман. Ҳа, акаси ёк, укаси ҳали кичкина ё онаси нуқул қиз туққан ўғилойларгача ўтга чиқиб турарди; уларга ўришамиз, ўтини эшагига ортиб берамиз, ўзимизча кўнглини олган бўламиз, атрофида айланишгандан юракчалар ҳовлиққан, ботинолмай четда қолганларга бодиланиб қараймиз.
Офтоб залдоричорбоғнинг устига оғиб, дами қайтиб бошлаган, мен ҳам бир ўзим, молга қараб юрган эдим. Раҳбар менга бир қараб қўйди-да, ўт қамиш аралаш бўлиқ ўсган сувсиз ариқ ичига кирди. Мен ҳам иярдим унга. Атрофдан пана, осмон баланд, олдимизга келмаса биров кўрмайди, чумчуқ чирқиллайди, олашақшақ ҳай, аққа қара, баққа қара, деб шағиллайди, яна даланинг бебош қушлари чуғури. Раҳбарга қарашишдан бошқа нарсани ўйлаганим ёк, ҳаққаст рост, лекин у эгилиб, ўтни тутамлаганда, бориб орқасидан шаппа қучоқлаганимни билмай қолдим, қўлимга бир нарса илиниб, каптардек питирлаб берса! Оғзимга қатиқлаб ювилган тутам сочи ҳам кириб кетибди. Юрагим қинидан чиқиб, ўзимни уватга отдим. Ўроғи билан солиб қолмаса деган ҳадик ҳам бор лекин. Аъзои баданим ёниб, бошим ғувуллаб кетди, тилим тутилган. Унинг бўй тортиб, етишганини кўриб юрган бўлсам ҳам, ўша жойлари бундай дуркун бўлгани кўйлагининг тагида унча билинмас экан, кейин ўзи нималигини ҳам билмайман, қўлим текканида юрагим чиқиб кетди.
Раҳбар эса бир қизарган бўлди-да, эгилиб яна ўришга тутинди. Ширт-ширт ўроқ тортиб, шу эгилган кўйича менга ғалати қараб қўяди, “Ҳий-й, уят-а, уят! Шундай хулқи аъло ўқувчи-я”, дейди-да, яна ўраверади. Бир кўнглим – уватга қочиб чиққанимга афсус, яна бир кўнглим хоинликдан ўртанади – ўл-э, бузуқ-бевафо! – оламан деганим бошқа эди-ку, – энди буни қучоқлаб қўйганимга юзим, ҳатто ич-ичимгача шувит. Лекин ушлаб олганимнинг питир-питири! Худди жони бордек, хурсанд селкиллаётгандек, каптардан бошқа нимага ўхшатишни билмайман, қарашга ҳадикланаман, умримда биринчи бор ушлаганман-да ўшанда.
Раҳбар тўғрисида ивир-шивирлар қулоғимга чалинган, ёпишганим ҳам шунгадир, менга тўғри келмайди деб биламан, лекин энди нари кетолмай, аросатда туриб қолдим. Кўнглим аралаш-қуралаш жунбиш, яна унинг майда қизил гулли кўк кўйлаги ичида боя ушлаб олганимнинг тинмай бориб-келаётганига қараб, нимадир сезгиларим билан аччиғи чиқмаганини англайман. Аммо кеч, қўш каптар ҳуркиб нари учган, ўша ёқдан силкиниб, э-э, юраксиз, ҳали кичкина экансан-ку, деб кулаётган эди. Раҳбарнинг ўзи ҳам бир синф пастда-ю, лекин ҳозир бирдан катта қиз бўлиб, бояги қилиғимга худди укасига қучоқлатгандек, бемалол қўйиб берган экан. Кўп китоб ўқимаганимда бунақа аҳволга тушмас эдимми балки.
Ёнбошлаб балқиган офтобда ўроқ тиғининг ялт-юлт чақнаши, ўзимдан, истагу ҳаяжонларимдан ҳам зўрроқ бир кучнинг Раҳбарга тортиб кетгани, икки қўлимдан урилган бир қучоқ осмоний ваҳима – эслаганда ҳозир ҳам ўша ёшга қайтгим келиб қолади.
Ғазиранинг кўкмаклари хаёлимда тўлқинланади. Кундузнинг кечки ғуборидан далалар устига оқиш чойшаб ёйилган, қорни дўмпайган жониворлар пишиллаб тў-ўғри уйга йўл тортади, темир қозиқлари жингирлайди. Шу вақтлари қишлоқнинг подаси ҳам қайтаётган бўлиб, сигир мў-ўраши, қўй ба-арашига Маъқул янганинг арияси ҳам кўшилади: “Ҳа-ай! Ҳа-ай-й!”. Шошмай туринг, бу бошлама, унга “Ҳай, жонинг чиққур Тиркаш!” деган чорлов уланади-да, тўғри авжига ўтади: “Ҳай, ўликкинангга куяй, Тирка-аш! Молни қайтармай нима … еб юрибсан? Қўлимга тушгин, гўштингни ейман лекин!”. Нақарот ҳам унча бой эмас, фақат унга “гина-гина”лар аралашиб, баттар баландлайди: “Ҳа, ўликкинагинагинангга куяй, сағана қолгурга ким қарайди? Бўйинг сартахтада чириси-ин! Ҳа, оғзингга…” Шу ерини айтсак бўлмас, лекин Маъқул хола тортинмайди, ўғлининг оғзига нима қилишини куйга солиб, бутун қишлоққа ёяди. Ўйлайсизки, боласини шунчалар ёмон кўради, унга ўлим тилайди, қўлига тушса, гўштини бурдалайди. Йўқ, бу ҳатто қарғиш ҳам эмас, кун бўйи рўзғорига уннаб, иши ҳамишагидек унмаган, юрагига норозилик ботиб сиқилган аёлнинг дардига оҳанг бериб, нафас ростлаб олиши, холос. Тиркаш молни қайтариб боради ҳам, уйга бемалол киради, онаси бор-йўғи: “Ҳа, кўзгинанг ситилиб оқсин! Бола эмас, бошимга бало бўлдинг-ку”, деб яна қарғишлайди-да, челагини кўтариб, сигир соққани шошади,
Куни бўйи офтобнинг қиздириши, одамларнинг ғала-ғовури аралаш дим ҳаводан толиқиб эгилган шохларга болаларнинг қийқириқлари, молларнинг мўъраши осилиб қолади, кун кечкириб, салқин оралагандан кейин дарахтлар ҳам шабада билан шу паст шовқинларни секин бир-бирига улашади. Ғазирамиз сердарахт, олма, залдори, гилос, шафтоли, олхўри, олмуруд, жийда, ёнғоқ, ҳовлиларда унда-бунда ишком, хулласи, тупроқда унадиган неки мева оғочи бўлса, баридан бор; ҳовлилар, шийпонлар кўкка ўранган, йўллар қуюқ соя… Энг арзандаси тут, одамларнинг томорқаси ё ҳовлисининг ўртасида, пахтанинг ичида ҳам унга имтиёз, тўғри келаётган йўл ҳам айланиб ўтади, чунки давлатнинг рўйхатида.
Атроф-жавониб кўкалам: пахта билан беда, маккайи билан полиз экини, қаерга сув етса, ўт гуркирайди: бўйимодарон, саломалайкум, семизўт, печак, ғумай пахтани босади, так-так, шўра, ялпиз, буни пидана деймиз, аччиқ итқовун, нордон итузумни татиб кўриб, туфлаб ташлаймиз; сувсизда ўсадиган янтоқ, қушқўнмас, бурган, какра, эшакмия, уни янгилигида мол емайди, лекин ўт боғлашга яхши, қишга эшакка ўрамиз, фақат ўроқ янги чархланган бўлиши керак; ипак қуртининг пилла ўрашига баҳорикордан читир, мингбош юлиб тушамиз, яна шу ердаги буғдойпояларни кампирчопондан тозалаймиз: офтоб тагида шамол тўнини тўлқин-тўлқин товлантирган қирларга қараган одамнинг юраги ҳаприқиб, ашула айтгиси келади, шунақа чиройли…
Бир эшак ўтни тушириб, саранжомлаб, молларнинг емини ҳам бериб, кейин қўл ювиб, худди катта одамдек томоқ қириб, дастурхон четидаги ўз жойингизга бориб ўтириш… Ош сизга маҳтал, сузилмай туради, қуроқ кўрпачага йиғиниб чўкасиз, катта лаган ўртага қўйилади, ана шунда отангиз: “Қани, бисмилло, дастурхонга қаранглар”, дейдилар-да, сизни алоҳида: “Ий-э, олишда мазанг ёк-ку”, деб ундайдилар. Енг шимариб, гўштдан кўпроқ олиш пайида бўласиз… Оқшомлари супада ётганда осмон тўла юлдуз яқин тушиб, ҳар донаси биллур чақнайди, ҳисобини оламан дегунча кўзингиз кетиб қолади. Саҳарги уйқу эса шиннидек елим-ширин, тўймайсиз, бошингизни ёстиқдан зўр билан узиб, ўтириб ҳам мулгийсиз. Шу мулгиган кўйи эгнингизга бир нима илиб, кўзингизни йириб-артиб, молларни далага ҳайдайсиз. Тонг салқини жунжиктиради, тиришиб эснайсиз, лекин далаларнинг бағридан насим-шабадалар кун чиройини уфуриб олиб келиб юзингизга сепади, тамом уйғониб керишасиз…
Қани эди у кунлар бир марта қайтса! Осмон кўк, ер кўк, кўм-кўк бел бўйи шу ҳилқат ичида қизнинг жияксиз калта лозимию ўсма туташтирган қошлари тагидан чарақлаган кўзларигача ҳамон ўнгимда. Унинг фақат юзи қизарди, менинг ҳам оловим чиқиб кетди, нимага унинг истагига пешвоз бормадим? Кичкина эдим, кичкиналик қилдим, болаликнинг ўзи йўл бермади.
Ўйламанг, биринчи муҳаббатим бу эмас, бу – ўйғонишимнинг илк расмларидан бири эди, холос. Лекин аниқ чизилиб қолган, ранглари ҳануз живир-живир қилади. Унга фақат қиз миниб келган эшак тушмаган. Албатта, шундоқ дамларга эшакни аралаштириб эслагим ёк, лекин, бор эди-да, илож қанча. Раҳбар ҳам ўтни бошига қўйиб ўзи ташимайди-ку. Лекин қанақалиги ёдимдан тамом ўчган. Бўзми, кулрангми ё оқдир, билмадим, ишқилиб, юк тортганда куч берсин деб бир-да-яримининг бурни тилинганини айтмаса, ҳаммаси текис жайдари эшак, бу келгани ҳам ўшаларнинг бири, туки ортиқ эмас. Нимага бир қулоғи шалпайган, ўзи шундайми, биров ё ўзим ёмон урганманми, халачўп бўйнига ўтмагандан кейин қулоғига солганмиз-да, ўроқнинг орқаси билан, бошқа илож ёк, айб ўзида, айтганга юрмаган, у пайтлари тушунмасди, энди эси кирган катта одам деб келиб, арз қилмоқчими, яна ҳам бир гап айтиш қийин. Лекин болаликка кириб қолиб, бир вақтлар қилган аччиқларимни бугун юзимга солса, ғалатию.
Лекин эшак ҳу бошда ўқиганим мақолни пеш қилди.
– Нимага бориб Эскижўвада ҳанграшим керак? – деди дабдурустдан. – У ер эшак саройи эмас, бозоржой. Кейин, мен, ахир, ўзимникиларни кўрганда, шунда ҳам думоғим чоғ бўлса, мана, юрибмиз қаторда, деб бу дунёдаа борлигимни билдираман.Гурунгимиз шунақа, ҳангомамиз шу. Одамлар эшитсин деб эмас. Ҳа, кейин, бунинг нимаси номардлик? Эшакнинг ҳам марди ё номарди бўладими?
Э-э, гап бу ёқда экан-да. Лекин тўғри айтяпти, мард бўлиб ҳам қаёққа боради, ўзи бир эшак бўлса. Ҳа, албатта, Эскижува эскидан бозоржой, хўп, шовқини бор, олди-сотдининг ғала-ғовури, лекин энди эшак ҳанграмайди, бир-да-ярим лўлиники кўриниб туради, лекин у ҳам аравасини жим тортади. Бу гап юк уловда ташилган, эшак кўп ким-қайси замонларда айтилган, кейин, тўқимтабиат одамларга, анавинақалар бор-ку, кучи япалоққа етиб, кучсизларга кўрсатиб ҳанграйдиган, бор шунақа одамлар, ўшаларга. Эшакнинг ўзига тегиб кетишини ҳеч ким ўйламаган.
Шуни тушунтирмоқчи эдим, эшак айтишқоқлик қилди:
– Тўғри келган жойда ҳанграб, номард бўлиб юрган эканман-да? Бўйнингга ўзинг бехабар айбни қўйишса, жуда адолатсизлик.
– Мард бўлсанг, кучингни кўрсат кўпчиликнинг ичида, дейиляпти. Менингча, бунинг ёмон маъноси ёк, – дедим жўяли қилиб.
Эй, жуда ғалати-ей, эшак билан гап талашиб ўтирсам. Одамнинг гапини эшакка уқтириш ҳазил эмас экан.
– Хўп, унда бу гап-чи? – деб яна оёғига тиралди қашшанг. – “Эшак бахши бўлмас, ёмон яхши бўлмас”, дейишади. Яна мени ёмонга чиқаришяпти. Ахир, ўзимизга бахшиман, одамларга эмас. Авжини баралла оламан, куй пардаларим тоза, хонишларим қадимий, ўзгалардан кўчириш ёк. Ҳали бирон эшак айб тақамаган, ҳаммасига маъқулдирки, жўр бўлишади. Мана, ўзингиз баҳолаб кўринг, мусиқани тушунсангиз керак?
– Йўқ, ёк, раҳмат, – дейман шоша-пиша. – Қулоғимни от босган, мусиқанинг кўчасидан ўтмайман.
Ўзи болалигимдан ҳанграшини ёмон кўраман, миниб турганимда ҳанграб қолса, уялиб, нўхтасидан тортиб, калласига солар эдим, Энди маҳаллага варанглаши етмай турувди. Ҳа, бунга биров ўргатгани аниқ, эшак калласидан чиқаётган гапларни қаранг. Кейин, мен ҳам билмаяпман, эшакнинг яхши ё ёмони қанақа бўлишини. Бир хиллари бор, тепонғич, бир хиллари тишланғич, хўп, бунақасини ёмон дейлик, лекин яхшиси қанақа? Ё бу гап билгани учун яхшилари қаторига ўтадими? Лекин тайёрланиб келган, хийла билгич, гапига гап топиш қийин.
– Ўзи сенсиз ҳам бемаза қўшиқ урчиган. Илтимос, карнайингни тортма, – деб муросага чақирдим. – Қўшнилар жа ошносини топибди деб ўйламасин. Хумори тутаётган бўлса, ана, шаҳардан чиқиб, бир овлоқ далани топ-да, авжингни баралла олавер.
– Э-э, – деди эшак қулоғини саланглатиб. – Ҳозир даланинг овлоғи қоптими, янтоқ босган чўлгача эгали. Ҳанграшга ҳам пул сўрайди.
Оббо, бунинг фермер билан иши борми! У ҳам ерни эшак ҳангратаман деб олмаган-ку. Далами, чўлми, ўзиники бўлгандан кейин, нима қилса, ихтиёри-да, харажатини чиқариши керак-ку. Яна шунча оғиз солганни тўйдирсин, бир хиллари чидамай, бир бош-бир қулоғини олиб қочиб ҳам кетяпти, эшак кўзига кўринадими шундай паллада! Кўряпсизми, кимдир бузғунчи йўлдан урган буни, бор, ерда ҳайвонлик ҳуқуқингни талаб қил, ким қаерда ҳанграшига эркинлик бор, деб тезлаган. Эшакка савод ўргатса, ўзини ўқитишини ўйламаган нодон! Аммо-лекин мен нима қилиб бераман бунга, фермер ё адвокат бўлмасам? Болалигимдан келибди деб, нима деса қулоғимга қуйиб олмайман-ку.
Ўзимга келсам, айтдим-ку, ўткизган жойлари бордир, ҳаммаси эсимда йўғ-у, лекин урган пайтларим бўлмаган деб айтолмайман, ахир, эшакни урмаса эшак бўлмайди-да. Эшак – калтак билан эшак. Э-э, шошманг, ҳозир Раҳбарни эсладим-ку, шу билан бир қизиқ иш бўлган, лекин бунинг эшакка алоқаси ёк, агар ҳам туғдиришга борган қайнонаси Чўлқиндига, туман марказидаги туғруқхонага эшакда қатнаганини айтмаса, ажойиб воқеалиги учун сизга илиняпман.
…Шу десангиз, бир куни шу Раҳбар ўлиб қолади. Ҳа энди, эридан отасига, яъни эрининг қайнотасига ўлди деб телеграмма келгандан кейин шумхабар қорахат-да. Ёмон бўлган! Ёшгина нарса тап этиб ўлиб қолаверса, яқинларига осон тутасизми! Канал суви тортганми, у ёқда жуда катталари бўлар экан, ё нотоза ҳаводан касалланган, ё бирон палакат нарса чаққан, ё, – кўзга яқин эди, ҳар хил одам кўп, – кўз текканми, кўзикканми, учинганми, хулласи, бу ёқдагилар минг кулфат хаёлда, лекин ҳар хил хаёл келинчакнинг ўлигини тирилтириб, ҳаётга қайтариб қўймайди, албатта, бечора ўлдими – кетди. Яна одамлари ҳар жойдан борган, тайинли қўйиндиси ёк одамёввойи чўлларда! Ҳа-я, айтмабман, Раҳбар мактабни битириб, ҳамширалик курсида ўқиб юрганида шу нарироғимиздаги митанлик йигит билан гапи бор экан, курсни битирар-битирмас тўйлари ўтиб, кейин иккаласи йўлланма билан чўл ўзлаштиришга, ишга дейишади-ю, лекин асли пул ишлашга Мирзачўлга кетган. У ёқда жойлашиб, энди томир қўяман деб турганида, йил ё ўтади, ё ёк, – эҳ, бу мусибат ҳеч кимнинг бошига тушмасин, – ўлгани тўғрисида шу тилғиром ошиғич келиб турибди-да. Шунча талотум билан яна ўликни вақтида жойига бериш ҳам керак. Яхшики булар серуруғ, хешу қариндош дарров гангиган отанинг қаватига кириб, ёлғизлангани қўймаган. Хабари етиб келган кечқурун-оқ неччи хабарчи, чоп-чоп, югур-югур, у холасига одам юбор, касал ётган бу катта аммасига билдирма, ит эгасини танимаган шу вақти ияк қоқиб бермасин тағин, амаки-тоғаларни йиғ, куёв томондан йиғ, гўрков ҳам жой кавлаб турадиган, э-э, хуллас, маййитни ортиб келгани бир гурзавой мошинни ҳам ёллаб, совхознинг шалоқ автобусига ияртириб, кечалаб йўл босиб, тим-тирс саҳарда Мирзачўлнинг Бачқирми, Қачқирми деган қаеригадир етиб, Раҳбарнинг девори ёк, лекин ҳайҳотдай дарвоза қўнқайган ҳовлижойининг бу чеккасига тушар-тушмас: “Вой, болам! Сан ўлгунча ман ўлмайманми!”деб гиряи қазони бошлаб юборишади-ку! Жим-жит ётган ўша Бачқир ё Қачқир уйқудан сапчиб, арининг уясидек тўзғимайдими! Кайфи учиб уйғонган куёвполвон ҳам иштончанг ҳай-ҳайлаб чиқади. Э ҳазилми, ухлаб ётсангиз-да, эшигингизда дабдурустдан дод солиб қолишса. Эсдан оғаёзган, лекин чўл кўрган бамаъни йигит-да, элас-эласда қараб, ким қайтганини тусмол қилолмаса ҳам, бир-да-ярим ана-мана ўлади деганлар ҳам шу ерда, эса, хай, айтимларга қараганда аёл киши, мен билмаган бирон қарри-қурри момой холамиз омонатини топширибди-да, деб фаҳмлаб, “Вой энам! Волидаю меҳрибоним энам”, деб йиғичиларга қўшилади. Ўзингиз биласиз, аёл ўлдими, кампирми, ёшми, йиғи-ёкловда бизни ташлаб қайларга кетган соябоним онам, меҳрибоним онам, бўлади. Кўнгил яқинлар қучоқлашиб, елка қоқиб, дод-вой бошқаттан авжга миниб, яна пасайиб, расми йиғига бир тўйиб олгандан кейин секин разм солсалар, куёвнинг “во энам”и сал бошқача, арз-доди хотинидан кўра бундан ўн етти йил олдин қайтиш бўлган бувисига, унча куймаяпти, кекиртакка зўр бериш ҳам йўлига, сал шайтонлиги бор, тағин қарасалар иштон ҳам қасамга келган, юпқалашиб, қараган одам кўзини олиб қочади. “Ҳай, полвон, бақиришдан бошқа каллакерак ишлар бор, маййитга одам кетдими?” – “Ким, ким кетади? Маййитларинг нима? Сизлар йиғлаб келганга хўп деб қўшилиб турибман. Орага гап суққани қўймаяпсизлар.” – “Ий-э, ғирт маст-у, у ёқда хотин у аҳволда, буёқда бу бўкиб ичса, нокас!” – “Э бўкибмас-е, икки пиёлага ҳам бўкадими? У ҳам қачо-он – олдидан келганимда олти ярим-еттилар эди.” – “Ўликнинг олдидан келиб, паминка қилдинг ҳамми? Э-э, ўзинг ўлиб кетган экансан, бети ёк эш-шак!” – “Бет борми мунда? Бир пиёлани кўрса бўлди экан-ку! Шўрлик бу овлоқларга шу аҳмоқни деб эргашиб келиб, нобуд кетса, бу кетяланг….” Ана, шу ерда кўёвнинг ўзини оқлаши оловга баттар мой қуйди. Тўғрисини айтиб қўя қолмайдими, чўл йигитинг икки пиёлагинада тўхташига ишонадими шу куйиб турганлар. Ёлғоннинг аламидан куёвтўрани тепкилаб ташлашларига сал қолади, яхши ҳам, Раҳбарнинг бу ёқдан борган Восит оғаси, корафтароқ одам, “Ҳай, чувир-чувир қилманглар. Кўп гап – эшакка юк. Кўрмаяпсизларми, бунинг мияси кетган. Мия бўлса, кетига бир нарса ёпарди. Нима деяётганини ўзи билмаяпти. Энди бу ёғини кўрайлик. Ўликка ҳам одам кетмаган чоғи, муштипарни, ёриб-нетиб қўймасларидан еткизиб келишни ўйлайлик. Қайтиш йўл ҳам бор ҳали”, деб жўяли гап қилади. Ана, ўзи ухлаб ётганида бирон момой эмас, хотини ўлиб қолгани энди калласига кирган куёвтўра: “Вой, мени ташлаб қайларга кетдинг, Раҳбаржон!”, деб ҳақиқатан ҳам росмана вовайло кўтармайдими!. Азадорлар бошқаттан таъсирланиб, чуввос баттар авжга минади. Раҳбар ҳам тириклигида кўп келинчакнинг бири бўлиб юрган бўлса, энди ҳамду саноси осмонга баландлагандан кейин, бирдан қадри ортиб, бундай жуфтидан айрилганига чидамай куёвтўра гуппа ташлаб юборади.. Балки ўзидан кетганга солгандир ўзини, тағин мени жавобгар деб судга судра-судра қилишмасин деб. Лекин асли осон тутасизми, йигит одам жондан суйганми, суймаганми, рўзғорга зарил келинчагидан жудо бўлиб, қўлида чақалоғи билан чўлда қолса! Жанозага тўпланганларнинг битта ўликни иккита қилган бўлмасак тағин деб ҳурраси учади. Ҳамма ҳам ақлини еб қўймаган, дарров бетига сув-пув сепиб, инқиллашини эшитгандан кейин, Восит тоға яна мудаббир, ким ўликка боради, ким дарвоза олдида товуш бериб туради, ким томоғи қуриганларга чой етказади, ким қорашўрва осади, хуллас, калапатра босилиб, маросим расамади йўлга қўйилиб, йиғи маромга солинган шу вақти Чўлқиндидан куёвнинг энаси, яъни Раҳбарнинг қайнонаси эшагини халалаб келиб қолмайдими! Қараса, ҳовли тўла йиғин, йиғичилар, келинга аза очилган, ўғли эса ўртада Алпомишнинг лошидай чўзилиб ётибди. Ана, энди энаники тутмайдими: “Илоё, айтганнинг оғзидан чиқиб ёқасига ёпишсин! Ўзим ҳозир атала ичириб келяпман-ку. Сен, ер юткур, нимага кетингни корсон қилиб ётиб олдинг, хотинни мен туғдирдимми?”, деб ҳовлисупургини ўқталади, ўғил ўша кўп даккига қолган кетини кўтариб қочиб, ўзини уйга уради; шим-пим кийиб олмаса қўймайди булар.
Ана, бу ёғи кўзёшу томоша! Яъни Раҳбарнинг маййитини олиб келиб, уйини кўрсатамиз-да, кейин юртга олиб кетамиз деб келганлар аҳмоқ бўлганига хуноб, бир хиллари кулгидан туйилиб, елкасидан неча мушт еган, тўрт-беш хотин хурсандликка ўпкаси тўлиб, бошқаттан ҳувиллаган.
Э-э, хуллас, “нима бўлди-нима қўйди”лардан билишса, Раҳбарни ўлдига чиқарган куёвнинг ўзи, аниқ ўзи эмас-у, “ўзбекский передавай” қилдирган телеграммаси. Раҳбарой юкли экан, ой-куни тўлиб, вақти-соатида туғруқхонага етиб, яна шу вақти-соатида туғиб ҳам берибди. Осонгина! Қўчқордек ўғил. Беш килоларга борар экан. Куёв ўзига сиғмай почтахонага чопган, қайнотамнинг бўйнига суюнчини нақд қилиб қўяй деб. Почтачи қизга: “Давай, ёз: “Рабар ул тувди Учта сўз”, деб буюради. Бўлим почтасида ўтирган бу қиз ўзбекча гапиришни билса ҳам, ўрисчага ўқиган экан, “Как будет по-русски?” деб сўраб олади. “Қанақа поруский? Ўзбекский передавай. Закон имею права. Учта сўзга, ма-е, уч сўм. Издача не нада. Сенга падарка”, деб мардлик ҳам қилиб юборади отача. Ўзбек тили ҳақида янги гаплар чиққан вақт, почтачи қиз тумандаги дугонасига уланади: “Зинуля, принимай: “Ра-бар ултувди”. Зина ўзбекчани янтоққа судраб у-бу гапни англар экан, “Кто, руководитель?”, деб аниқ қайси раҳбарнинг ўлганини билиб олмоқчи ҳам бўлади.. “Что ты мелеш? Это по-узбекски, имя. Жена, наверно. “Ра-бар ул тувди”. Так и передай”, деб изоҳлайди почтачи қиз. “Ладно, Рабар ултувди, так, улувди, мне какая разница”, деб Зинахон эшитганини сал чала қилиб Сирдарёдаги Галяхонга узатади, Галяхон Самарқанддаги Машахонга… шу билан, Раҳбарнинг ўғил туққани ҳақидаги хабар ҳукуматнинг расмий баобрў қоғозида “Рабар улди” деб етиб келган экан-да-ей!
Зўр-а? Бунақасини тўқиб бўлмайди, ҳаётнинг ўзи тўқиб қўйган! Яна кўпини айтиб берсам бўлади, масалан, Маматов Шермат деган физкультура муаллимимиз қаҳратонда Булунғурнинг музини ёриб чўмилар эди, бир куни, дарахтларни булдуриқ босган саҳарда Самида хола сувга борса, бир яланғоч қизил ҳўкиз, ҳўкизнинг кийингани бўлмайди-ку-я, ишқилиб, дев бир нарса чеккадаги музни қарс-қурс синдириб сувга шўнғиб, яна қайтиб чиқибди, пишқирибди, тағин кампирга кўзи тушиб э-э деб уялар эмиш шу қизил ҳўкиз, кампир ҳам эси тескари, қолишини ҳам, қочишини билмай тураверган; эҳ-ҳе, кейин қишлоқда туппа-тузук одамларнинг боласи, Самарқандда тўрт йил ўқиб келган, бу ёқда қиз унаштириб қўйилган йигит ёмон бир тузалмас қичимага чалинган, соғ одам шу қорасовуқда сувга тушадими, деб роса гап бўлган. Ҳатто бир-иккита одам, хайр, ўзи тайёр яланғоч экан, кампир одам – сизга уяти ёк, а яхшилаб қараб, яшириб юрган қўтирларини кўриб олмабсиз-да, бизлар ҳам билардик, деб Самида холадан койинган ҳам. Кейин келин бўлмиш томон одам қўйиб, кишибилмас пойлатганми ё ўзи тушунтирганми, ишқилиб, сувайиқнинг тўйи ўтди лекин. Тағин, биздан бир синф юқорида ўқийдиган Холбекнинг онаси битта буғалтир билан қочиб кетган; яхши кўриб қолиш дегани шунақа савил нарса экан, олтита болани онасиз етим қўйиб, ҳа-а, кўнглини худо олсин, бешарм, уяти ёк, буғалтирнинг ҳам хотинида учта бола қолган, буғалтир Учқулочдан, бизлар унча танимаймиз, молбозорда даллол ҳам экан, бирон яхши кўрадиган жойи қолмаган шекилли, Холбекнинг онаси икки йилдан кейин қайтиб келиб, яна рўзғорини қилиб кетаверди; шунча болани бошқага ишониб бўладими, ахир, кейин қайси хотин қарашга рози бўлади, отанинг ҳам бошқа иложи ёк, кўнган. Бунақа яхши кўришни тушунмаганимиздан, гап очилса, танимасак ҳам учовини бўралаб сўкар эдик. Айниқса Холбекнинг отаси латта экан, ўрнида бўлсак, “Қочиб кетиб, энди нимага келасан? Йўқол, сендақа хотиним ёк!” деб ҳайдаб юборар эдик-да, ахир.
Шунақа гаплар кўп бўлган.
Бизларнинг унча овлоқ эмас-у, ҳар ҳолда шаҳардан олисроқ Ғазирамизда қошига қалин ўсма қўядиган тожик, эрини қаттиқ ушлаган эрони янгалар, икки уй қирим, уч-тўрт уй уфа-татарлар яшарди; яна қачон қаерлардан келиб қолган Иванбово деган ўрис ҳам, учта чўчқаси, иккита хоттни билан турарди, биттаси – теракдек дароз Валапа, яъни Валя опа, атрофдаги бор хотинни шу туғдирган, менинг ҳам киндигимни кесган, у вақтлари туғруқ учун алоҳида улов ёк, йўлмошинда шаҳарга олиб боришга тўғри келган, Валапа эса доимтайёр момодоя, тўлғоқ тутганнинг уйига ўзи бориб, баранчугини туғдирган, киндигини кесган. “Бахтимизга шу Иван билан Ваалапа ҳам келиб қолган экан”, дейдилар онам. Валапа киндигини кесган боланинг саноғи ёк; иккинчисининг отини билмаймиз, Ненамиди, Варамиди, чўчқаларини қайтаришга чиқиб қолганида кўрамиз, мудом уйида, Валапа юриб, рўзғорни бу қилса керак. Иванбобога ўрис бўлгани учун иккита хотин олиш мумкин бўлганми, ё балки бирови хотини, бирови ўзининг ё хотинининг синглиси ё опасидир, лекин бизлар иккови ҳам Иванбовога теккан, деб ўйлар эдик. Чўчқа дегани биздаги ҳеч бир ҳайвонга ўхшамайдиган, ҳам қизиқ, ҳам бир қўрқинчли, ола-була тўнғиз экан. Булунғурнинг бўйига тушиб қолса, ичига кирмай, ариқ лабини кавлаб хур-хурлаб юрса ҳам ҳайда-ҳайда бўлиб, бир хил одамлар ирганиб, уч-тўрт кунлаб Булунғурдан ичгуликка сув олмас эди. Чўчқани талатамиз деб зўр-зўр итларни олиб борамиз, олкишлаймиз, Вафоқулнинг чўпон кучуги бор эди, шу ҳам вовуллаб боради-да, таққа тўхтаб, жойида ириллаб тураверади, чўчқа эса ий-е, менда қанақа иши бор экан деб, кичкина кўзларини ажаблантириб ҳайрон тикилиб қарайди. Бир узоқ қариндошимиз колхоз раиси эди, Иванбовога ҳамсоя, битта ўғли Сардорни нимагадир катта қилишга шуларга берган, ҳалиги думалоқ кампири қараган; Сардор гапига “ну” деб қўшиб гапирар, жуда тоза юрар, бизга ўхшаб эшак минмас; илгари суннат тўйлар ўғил бола тўрт-бешга чиққанда, ишқилиб, мактаб ёшигача қилиниб, катта ўтар, менинг тўйимга отам от сўйдирган, ана шу Сардор от гўшти емайман, менга тўғри келмайди, деб туриб олиб, “Во-о, ўрис бўлиб кетибди! Чўчқа ейди!” деб роса ҳасадимизни келтирган. Ўшанда ҳам ўрисларнинг бизга ўхшамаган бўлакча бир халқ эканини билиб, от гўштини нимага емай, чўчқаникини ейишини тушунмас эдик. Ҳаром бўлса ҳам, бир тишлам еб кўрсакмикан, деб юрар ҳам эдик ўзимиз.
Яна бир Жамила деган қизни саккизинчи синфдан ўз фарзандига раҳмсиз ноинсоф отаси Галатепа деган жойга ёмон бир одамга эрга бериб юборган, шундай ёш нарсани олгандан кейин яхши одам эмас, ёмон бўлади-да, лекин, билмадим, ўн йиллардан кейин шекилли, шу Жамилани учратдим, тўрт болали биппа-бинойи хотин бўлиб юрган экан, укаси Ўрин биз билан ўқиган, уйланганда тўйига борган эдим, шунда кўрдим, лекин ўзгариб кетганимга мени танимади, мактабда гавдам кичкина эди-да. Шуларнинг синфидан Гагарин деган Мамарасул Булунғур бандидан сув олиб, секин тепага ўрлайдиган Ровдон ариққа трактор билан ағнаб тушган, нақ йигирма қулоч баланддан! Мактабимизнинг битта “полуторка” билан темиртиш ғилдирак “Универсал” трактори бўлар, гурзавойнинг фақат кабинасида рули билан тахтаси чала кузови қолган, лекин “Универсал”ни чуқиласа, “завадит” бўлар эди. Мамарасул шуни “завадит” қилиб ҳайдаб, Ровдоннинг устидаги йўлда рулни буришга кучи етмай, “Универсал–пуниверсал”и билан қулаб тушган, худо асрайман деса, ҳеч гап эмас экан, бало ҳам урмаган. Шу билан, Гагарин осмонга, Мамарасул пастга учгани билан бунинг ҳам оти Гагарин бўлиб кетган.
Булунғуримиз бурунлари ўзи ҳам онда-сонда одам чақириб турган, лекин биз томонларга ҳам электр келгандан кейин йилига бир-иккитани тортиб кетадиган бўлиб қолди: кимдир ток билан балиқ овлашни кўриб келган, уни бошқалар ҳам ўрганган, шу билан балиққа қирон келган, ширмой бечоралар оппоқ қорни билан чаппа оқиб қолаверар экан, шуни оламан деб бу ёқда ўзи сувга сим тиққани эсида ёклар… “Чиқаси келса, эгаси бошчи” дегани шудир-да. Ҳа, айтганча, Хурсан пес деган одам бўлар эди, ёши ўттиздан ошган, ҳеч ким қиз бермагани учун бехотин, ўзи пес-мес эмас, бу ҳам трактори билан ёниб кетган, шундан қўллари, бетларида катта-катта оқ-қора куйиклари бор, тўғри оти Хурсанд, бўжамалигидан одам ирганиб, отини ҳам тўлиқ айтгиси келмас эди. Бу кераги ёк гап нимага эсимда турибди, ҳайронман. Шунга ҳеч ким қизини бермайди деб ачинганимдан бўлса керак. Қизиқ нарсалардан, Васка деган тўриқ от бор эди, Қирим деган жойдан келган эгаси Ридван ака бир нима деб, бизлар дуо ўқийди деб ўйлардик, кейин ҳуштак чалса, орқа оёғида тик туриб, ўйнаб берарди. Ридван акадан қўрқардик, бирон ёмонлик қилганини эшитмаганмиз-у, лекин гапига ишонмаган одамни тухум туғдириб, ёмон уятга қўяр эди. “Ҳа, шунақами? Ий-э, туғиб қўйдингиз-ку”, деб қўли билан одамнинг кетидан товуқ тухмини олиб берарди-да. Тухумни сиз туғмайсиз-ку, лекин у унинг қўлида қаердан пайдо бўлди, билмай қоласиз. Баслашиб, Валибободаги чинорга ўзини оёқ-қўли, ҳамма жойидан арқон билан қаттиқ чандиб боғлатиб, кейин ҳеч ким қарашмаса ҳам бўшалиб олган, биз кўрмаганмиз, кўрганлардан эшитганмиз, шундан ўзини кўрганда, бу ёққа кел деб чақириб, тухум туғдириб қўйишидан ҳадиксираб, яқинига йўламас эдик. Жинлардан ошноси борлиги ҳам балки ростдир, чунки Қамбаротада анча йилдан бери қуриб ётган қайрағочни қадамжоники эканидан қўрқмай, эссто деган тракторда торттириб келиб, қишга ўтин қилса ҳам ҳеч нарса урмаган, учинмаган. Яна бир Алим оға деган, Қиримдан Ридван ака билан бирга келганми, ёкми, ишқилиб, битта халқдан, ёши катта киши, мойга ботиб трактор тузатарди, лекин кўчага чиққанда тоза кийинарди, хотини бир мулойим кампир, доим келиб ойим билан гурунглашиб ўтирар, ўзларининг боласи ёклигиданми, менга ширин гапириб, тинмай дуо қилар, эру хотин иккаласи трактор гаражининг бир четидаги ғарибгина уйда туришар, кампир: “О-о, бир чойнак тиллам бор эди, аскарлар машинани тўғрилаб, чиқ, деса, ҳали қайтиб келамиз-ку деб, уйнинг ўртасига кўмибман, қолиб кетди шу билан”, деб оғир сўлиш олар эди, у пайтлари тилла нима, нархи қанчалигини билмасам ҳам, бир ҳовучгинасини ололмабди-да, деб жуда ачинардим. Яна бир татар абзий бўларди, уйи шундоқ Булунғурнинг лабида, балиқ ушлашнинг пири деб биламиз, қармоқ солаётганда илгакдаги чувалчангга: “Менинг қўлим эмас, абзийнинг қўли!” деб туфлардик, у пайтлари балиқ кўп эдими, таассубимиз кор қиларди лекин. Химия муаллимимиз Миниханов ҳам татар, уфа-татар, оти қизиқ – Фан; хотини Пилура – Флюра опа кутубхоначимиз, кичкиналардан китобни қабул қилиб олаётганда, албатта “Яхши! Қаний, кейин нима бўлди, айтавер-чи”, деб ўқиганимизни эринмай сўраб олар, ундан мақтов эшитиш учун зеҳн қўйиб ўқир эдик. Уйлари оқланган, атрофи тахта панжара, иккита қизи ҳам оҳорли кийинган, кейин жуда яхши ўқир, катталарининг тили татарчага кетса-да, болалари анча тоза гапирар, бизни нималаридир ўзига тортиб, яна нималаридир итариб турар эди.
Кейин-эй, одам бир ёқда сал туриб келса, дарров ўзгариб, тили ҳам бузилиб қолар экан. Ғуломнинг Искандар деган акаси Тошкентга ўқишга бориб, йиқилиб, бу йили кираман деб ўша ёқда қолганида, олтими, еттими ойдан кейин отаси бориб олдига солиб келди; кетганида тили ғирт ўзимизникидек эди, лекин келганидан кейин тишининг орасидан чирт тупуриб, “бўтта-шўтта” деб гапирадиган бўлиб қолди. “Ўтдагилар шунақа гапиради, “беда-шеда” дейишларинг нотўғри, сила мақвоссила ўзи”, дер эди, тавба. Ўқишга киргани бошқа кетмади, лекин тилини ҳам тузатмади. Искандарларнинг қайсиси деб сўралса, “Ҳа, ўзимизнинг Искандар бўтта-да”, деб аниқлик киритилар эди. Гужо-гужо тожик янгалар “и-и” деб чўзса, тошкентликлар “бўтта-шўтта” деб гапиришини ўшанда билганмиз.
Эй, жуда қизиқ, дўнгдан, оти эсимдан чиқди, бир йигит армиядан ўзи билан битта қиз олиб келган, Ғазиранинг бозорига олиб тушиб, етаклашиб юрган, икковининг ҳам кўзида қора кўзойнак, икковининг ҳам оғзида писта, юрайми, юрмайми деб бир-бир қадам босиб ўзларини роса бозорга солган, гур эргашиб томоша қилганмиз. Ҳа, дўнгдан деганим, қишлоғимиз иккига бўлинарди, Булунғурнинг у томони баланд ерлар дўнг, бу томони пастлик, Паст, дўнг, одамлар ҳам қаерда туришига қараб дўнглик, пастлик дейилар эди. Аммо ҳам, шу қиз роса томоша бўлган: сочи сариқ, йиғиштириқсиз, яъни елкасига ёйилиб тушган, кўзида қора кўзойнак, кўйлаги калта, лозими ёк оёқлари очиқ, осмондан бир сариқ нарса ёниб тушгандек роса гап қўзғалган. Кейинги бозор келмади, ундан кейингиларига ҳам – кетиб қолибди. Текин томошадан айрилганимизга кўп афсус қилдик.
Эшонхонов деган кекса муаллим бор эди, акамларни ҳам, опамларни ҳам ўқитган, пенсияга чиқиб кетиб, бизларга кирмаган. Ленин ордени олган дейишарди, Кўп кўрамиз албатта, костюм-шим, галстукда қиррали юрарди, шу кишининг қизи дўхтирликдек зўр ўқишга кирган, лекин ўзи билан бирга ўқиган хоразмлик йигит билан топишиб, отасини жуда носоққа қўйган. Қочишга қочиб кетмаган-ку-я, лекин совчилари уч-тўрт марта қайтарилган, охири зўр тўй ҳам бўлди, биз ҳам тўйиб ўйнаганмиз, Замира опани “Волга” мошинда келин қилиб олиб кетишган. Иккови ҳам Самарқандда ишга қолган экан, эру хотин ой ўтмай келиб турарди, Ғазирамизнинг яккаю ёлғиз бекатида кўрамиз, Замира опа оқдан келган кўҳлик келин, куёв баланд бўйли, жингалаксоч йигит, нимага қизи Эшонхоновдай одамнинг обрўсини тўкиб қўйди, деган висир-висир чиққан, бизга қоронғи. Кейин Туробнинг матпак – математика факультетидаги опаси ҳам ўзи билан ўқиган уртутликка, Салиманинг биёпак – биология факультетидаги опаси сурхондарёликка тегди, Жамолнинг акаси техникумдан нуроталик қиз олиб келди, булар Эшонхонов домланинг қизидек катта гап бўлмаса-да, ишқилиб, нимасидир хавотирли, нимасидир аламангиз бўлиб, қишлоғимиз ришталари кенг дунёга боғланиб бораётгани кўнглимизга нотинчлик солар, ўзимизни ҳам ўша ёқларга тортқилар эди.
Билмайман, нимага бундай, китобнинг таъсирими, ўйлар гирдобига тушиб қолганимданми, одамларнинг ичида ёлғизланиб юрар эдим. Ҳеч ким мени четга сурмаган, куткиламаган, иш қилдирган бўлишса, қайси бола ишламаган, бу ҳам бир ўйин, фақат жонга тегиб қолади, ўйин тегмайди, бари бир, иккаласининг ҳам охири бирдек чарчоқ ё гап эшитиш. Лекин олдиндан шу кичкина бошимга ҳамма ундай, мен бундай, деб кўп ўй сураман. Мактабни бошлаб ҳам қамоққа тушдим. Ҳа, эркин юрган бола, қўрага қамов бўлдим-қолдим. Ўйларим билан. У вақтлари ўқишнинг биринчи куни янги кийимларда, гулдаста кўтариб боришлар ёк. Хайр, қўлни кирсовунда қиртишлаб, бетни ишқалаб ювиб, боридан тозароғини кийдириб, қайта-қайта: “Дарров тупроққа булаб, мўлтонининг жандаси қили-иб келмагин, ўлдираман лекин!”, деган минг зарда қулоққа қуйилгандир, чунки янгисини олиш учун Самарқандга бориш керак, оберган билан ҳам, эс-ҳуши ўйинда бола, эрталаб кийдириб юборган янгини тушга қолмай эскиртириб қайтамиз. Гулдастага келсак… ўриб молга берса бўладиган гуллардан хурсандчилик кунларида ипга боғлаб гулдаста тузиб, бировга сийлов тутишни, ҳу вақтлар ўтиб, китоблардан ўқиб билганмиз. У китобларда доим байрам, ҳамманинг думоғи чоғ, гаплари ҳам қарсиллган, сира бизникига ўхшамайди. Ўша куни энди бир нималардан айрилганимиздан хавотирланиб, бўйнимизни қисиб мактаб олдидаги майдонга тўда бўлдик, уришиш-силташ билан бир амаллаб қинғир-қийшиқ сафландик. Бу ёғи қанақа бўлса деб анқайиб турганимизда қўлимизга бир хил яп-янги китоб-дафтар ушлатиб қўйишди, кейин шуларни бизларга яхши ўқисин, адаб-тарбияли ўқувчи бўлсин, деб текинга берганлари учун чап-чап қарсак урдиришди, қўлтиғимга қисганим эсимда ёк, қарсак чаламан десам, бари ерга сочилиб тушди. Бирам сазойи бўлдим лекин! Ҳаммасидан ҳам ҳали ёшинг етмайди, эргашма менга, десам ҳам кейинимдан қолмай келиб, энди чеккада, тол тагида ичи куйиб ўтирган Абдуалимнинг кўзи ўйнаб тиржайгани ўтиб тушди. Китоб-дафтарларни ердан қоқиб-пуфлаб олдим-у, лекин энди, бари бир, бошқаларники ярақлаган янги, меники эса эскириб, тутишга ярамайдиган нотоза туюлиб, мактаби ҳам кўзимга ёмон кўриниб кетди. Тағин денг, эртаси, ўқиш бошланган куни, Хатира муаллимнинг қўлини қонатдим. Муаллим ҳар партага иккитадан ўтирғизиб, “Қўлларингни партанинг устига қўйиб, дамгина қулоқ бериб ўтиринглар”, деб тайинлаган эди, бунақа қимирламай ўтиришни билмайман, бирпасда диққатим ошди, питир-питир қилдим, партанинг қопқоғи ғалати, ошиқ-мошиқли, букланар экан, очиб-ёпиб ўйнашга тушдим, муаллима жаҳл билан келиб қарс ёпаман деган эди, жимжилоғи қопқоқ тагига кириб қолиб, қийилиб кетди! Қўли оппоқ экан, қизил қони тирқираб чиқди. Роса қўрқдим, Хатира опа вуй-вуйлаб қўлига рўмолча босди, қони рўмолчадан ҳам сизиб чиқди; менга ҳеч нарса демади, лекин энди бўлди, тамом, мактабдан ҳайдаламан, деб ўйладим, ўзим ҳам шуни хоҳлаб қолдим. Э-э, мактабини ҳам, дедим! Молларимни боқиб юрганим минг марта авло-ку. уни қилма, буни қўй, ёк, ўз эркимча юраман! Бу ерда далага чиқишга ҳам қўл кўтариб, нимагалигини уялмай айтиш керак!
Ана шунақа, Ғазиранинг ўртасида мактаб партасида михланиб, шу Ғазирани соғинишга ўтдим. Қипчоқариқ бўйларига чиқаман, залдоричорбоғдан данак териб, тош билан чақаман, олманинг кечки навларига маза кириб қолган, тишлаб кўриб, энг ширинини ейман, ҳуштак чаламан, хиргойи қиламан, умбалоқ ошаман, эрким ўзимда! Охири Булунғурга тушиб, қулоч отиб сузаман, ариқнинг устига эгилган толдан калла ташлайман, совқотганимдан кейин тупроққа кўмилиб исинаман – ўтирган жойимга йиғиниб ғужанак бўлиб оламан; мени дарс тинглаяпти деб, эркин ҳасратга берилганимни ҳеч ким билмайди.
Лекин ёлғизликдан қўрқаман ҳам. Мактабга борганимдан олдинмиди ё биринчи синфдан кейинмиди, ҳар қалай, ора узоқ эмас, пишиқчилик эди-да, бизда шу мавсумда – августнинг охири, сентябрнинг бошларида тўйга рухсат бор; уйи бозоржойга яқин Ҳотамбово неварасини кесдириб, кечқурун базм берди, биз бир чеккада ош еб олгандан кейин яшинмачоқ ўйнадик, мен сариқмой, чакки сотиладиган каппон тагига кириб, қапишиб бекиндим, ҳеч ким тополмади, бир-икки чақиришди ҳам, товуш бермадим, қанча вақт ўтди, билмайман, тўйхонада магнитофоннинг тасмаси тугадими ё болалар бошқа ўйинга қизиқиб кетиб қолдими, ишқилиб, ҳаммаёқни тим-тирс сукунат босди, балки бор шовқинни қалин сувалган каппон ўтказмай қўйгандир, Ҳотамбовонинг уйидаги тўй шўълалари ҳам бу ёққа тескари, атроф сим-сиёҳ кўринади, жимлик қулоғимга ботиб, том битиргандек бўлди-да, юрагимга ғулғула тушди: яширинган жойимда ёколиб қолганман, бошқа ёқлардан излаб кўришади, ўша ёқлардан ҳам топилмайман, ўзимга ўзим ҳам кўринмайман, шу билан тамом ёк, ёколиб кетганман, ҳамманинг эсидан чиққанман, унутиламан, каппоннинг шу тор кавагида бир умрга қолиб кетдим энди.
Гунгурт кеча, ойсиз осмон тагида кичкинагина бўлиб қалтираб ўтирганим! Ёлғизлик ўзим бўлиб қолдим, ўзимдан қўрқдим. Бир сур босди! Каппондан отилиб чиқиб, юрак така-пука, тўйхонага – одамлар орасига чопдим!
Шу чопишим бир умрлик экан, бир умр одамлар орасида яшаб, бир умрки уларга томон югураман.
Туғилган тупроғимдан униб чиқдимми, ўсибми, нима бўлмасин, чиқиб кетдим. Энди она қишлоғимга фақат меҳмонман, узоқдан бориб, яқинлашолмай келаман – ўртамизни бўлиб катта кўкдарё унсиз айқириб ётади кўнглимда.. Ўтолмай, ўртаниб қайтаман.
Буни билган билади, билмаганга билдириш жуда қийин.
Бултур яна бир жўрам келди. Тошкентда иши бор экан, қўяр-да қўймай мени кўчага чақириб олди; мактабни у ўн бир йиллик, мен ўн йилликни, бошқа-бошқа синфда, бирга битирганмиз; университетга битта факультетга кирдик, мен олдин, у бир йил кейин, лекин ижарада тўрт йил ҳамҳужра турдик, қалин эдик, уйга келасиз, деб ҳаргиз ялиндим, кўп йиллар олдин бир-икки қур келган, лекин бу гал оёғини тираб туриб олди, ўламан саттор, уйингизга бормайман, бормайман-чи, бормайман! Ҳайрон бўлдим, майли, деб, ўғлимга обор-чи мени, нима гап экан, деб билгим келиб бордим. Учрашдик, кўришдик, қаҳвахонада ундан-ундан сўрашиб, гапимиз сингишгандек кейин, нимага уйга ўтмаяпсиз, деворингизни тескари уриб қўйган ерим борми, деб сўрадим. У бирдан ҳуркди, ҳуркиб, анави Лотин Америкаси тоғларида юрадиган гуанако – ламанинг бебошвоғига ўхшаб бошини тик кўтарди, “Э-э, мен уйингизга бормайман”, деди. Билмай кўнглини оғритиб қўйганман шекилли, деб кўнглим ғашланди.. “Э-э, жўра, нима, меникидан илон чиққанми?”, дедим. У ўша баланддан туя боқиш қилиб: “Йўқ, боролмайман! Одамлар, дўст деб юрибсан, дўстинг аллақачон ўзгарган, битиб кетган, шунақаки, уйидаги курсисига кетингни қўйишга ботинолмайсан, деб айтишади менга”, деб қолди! Ерга урилгандек кўзини олиб қочгани ғалати бўлди. Тавба, қимматбаҳо курси ҳам одамга насоғ бўлар экан-да! Мен бой бўлсам, сен жўрам, хурсанд бўлиш ўрнига… Туриб-туриб алам қилди, “Қанақа курси экан?”, деб тишландим. Хай, уйимга келинг, деб ўзим ялиндим-ку! Астағфируллоҳ! Мен еб у қуруқ қолгандек! Уйимга боришга ҳадди ёк, лекин орияти бор, ғурури баланд, ўзини ер қилдириб қўймас экан. Ҳалиги курсиларимга ўтирса ер бўлиб қолар экан-да. Ол-а! Мен олмаган хотиннинг туғмаган боласининг тиши оғрибди. Э дўст, шундай экан, чақириб олишга қандай ҳаддингиз сиғди, дедим. Тушмайди пастга! Пўчоғимсиз, яъни икковимизни нотенг қилган бойликларимни кўрмай-куймай, ҳу ўша бурунги ҳолимда гаплашгиси келибди, ўша мактабда бирга ўқиган, ижарада битта нонни бўлиб еган, хулласи, мен ўзгармаган кунларни соғинибди, яйраб гурунг қургиси келибди. Тавбангдан кетай! Боладай содда одамлар ҳали ҳам бор-а!
Олдимизда кабоб, газаклар, у яримта буюрди, кўнглини ёзиш учун, мен, тобим ёк, мен ичмадим. Бари бир, қаҳвахонанинг икковимизга ҳам бир хил, бир тус курсиларида ўтириб ҳам гурунгимиз қовушмади. Уни эсладик, буни, талабалик даврларимизга бир-икки тушиб чиқдик, буклама каравотда яна чўзилдик, килка егимиз келиб қолди, бари бир, битиб кетсам ҳам ўзимни аввалгидек кўрсатишга уринаётган бўлдимми, яйрамадик, шунинг аламигами, у бирдан ўзининг кам эмаслигини пеш қилди: “Э-э, мен гуриллаб яшаяпман, гуриллаб кетганман!”, деди. Мен бунақа гуриллаб яшашнинг маънисини билмас, менга бу насиб ҳам қилмас экан. “Хай, гурилланг! Бундан ҳам гурилланг!”, дедим. Йўқ, битиб кетганим билан буни тушунмас эканман! “Сиз энди шундай қолдингиз; ўзгармайсиз, мен олтита боламнинг бешовидан қутулдим, ҳаммаси уйли-жойли, битта кичкинам бор, уни коллежга, божхонаникига жойладим. Уй, мол-ҳол, машина – ҳаммаси бор, рўзғорим бадастур, лекин гуриллаганим бунга эмас, мен қишлоқда яшаяпман, қишлоғимда гуриллаяпман, билдингизми!”, деди. Ҳа, гап бу ёўда экан: мен ҳар қанча битган бўлмай, бу ерда гурилламайман, гуриллай олмайман. Тўғри, шу тобда тўғри қишлоққа ҳайдаб, кўкракларимни тўлдириб нафас олиб, бир гуриллагим келиб кетди. Қани эди, Ғазиранинг ўртасидаги баланд дўнгтепага чиқиб, қулочимни кериб учгудек бир қийқирсам, неча-неча йиллик сиқинтиларим тарқаб кетармиди! Лекин гуриллаб бўлиб нима қиламан, нуқул гуриллаб юролмайман-ку, кейин, нима, ҳамқишлоқларимга ватанни севиш ҳақида маъруза гуриллаб яшайманми? Уларларнинг мени томоша қилишдан бошқа иши ёкми? Хўжалик дўкоиида ойнага намойишга қўйиб қўймасалар керак, Тошкентдан келиб, мана, ўзимизда гуриллаётган ҳамқишлоғимиз деб.
Дўстим жони ачиганидан гапирибди-да-ей, кўчиб бориб битта жой қилиб қўйиш, ўз одамларинг ичида яшашга нима етсин менга ўхшаб, бу дунёдан ҳамма ўтиб кетади, ҳаммасининг жойи белгили, лекин сизники…ахир, ўлигингизни ким кўтаради, деди, ўлигим бу ерда хор бўладигандек; жой тиклаш менга чўт эмас, шуни қилай экан. У азалдан ўзи гапирганига ўзи маст, бир тутаниб берса, босилиши қийин. Тили шунга қайралган. Шунинг жаддига анча савдоларни ҳам кўрди-ю, лекин ҳозир эслатганнинг фойдаси ёк, мавруди эмас.
Мен ён бергандек бўлдим, гапимиз болалади, лекин тайинли тўхтами бўлмади, у гуриллаганини далиллаб туриб олди, мен гурилламаётганимни бўйнимга олдим, нима деса маъқул топдим. Хуллас, у деб, бу деб бойлигимсиз холис ўтиришимизни якунлаб, бир умрлик дўст билан кўнглимда бир умрга хайрлашиб, кира машинада уйга қайтдим. Шу калланг бўлса, ёк курсим ҳам кетингга ҳайф, дедим келаётиб. Тақдирни қаранг, яқин одамлар ҳам бегоналашиб кетар экан. У эмас, кўпроқ мен, унга эмас, қишлоққа, Ғазирага. Буни аввалдан англаб, ўйлансам ҳам, унча қийналмай юрган эдим, дўстим орамизни узил кесил узди-қўйди.
Гап қариётганимда эмас, қарисам ҳам кўчада ҳам қолмайман, худога шукр! Ўлингни ким кўтаради, ким сени тупроққ қўяди – бу гаплар ҳам куракда турмайди. Бу дунёда одамнинг ўлиги беэга қолишига одамларнинг ўзи қўймайди. Гап, ўзани тобора чуқурлашиб, кенгайиб, у қирғоғи борган сари эласлаб кетаётган кўнглимдаги ўша кўкдарёда, у ёққа ўтишимга қўймайди. Қидириб бораман, юраман, келаман, кўнглим бўлинган кўйи қолаверади.
Улғайишим биланоқ Ғазира мени бағридан чиқариб юборган. Елкамдан итариб, кетяпсанми, бор, ўша ёқларда кунингни кўр, деган. Албатта, она қишлоқ, туғилган тупроқ деган гаплар бор, лекин булар бола пайтимда қолиб кетган, ҳозир бир нарса ёзсам, ташбеҳ қиламан, холос, борганимда ҳам ўлан тўшагим бепарво, холос, яқин қариндош, қолган ёру биродарларим очиқ чеҳра билан кутиб олади. Бу ҳам белгили бир вақтгача, меҳмон бўлишга ҳатто уканг турган ўз уйингда ҳам муддатлар бор, ой бўйи танда қуриб олишга ўзим ҳам чидамайман, бўш қулоқ – бекорчи ёк, ҳамма ўзи билан ўзи.
Чиқиб кетдингми, энди келиб-кетганингда ҳам иззатингни бил, деган Ғазира, меҳрибон қишлоғим.
Ҳозир айтмаса ҳам, олдинлари бориб турганларимда айтгани учун яхши биламан. Шу-да қишлоқдан чиққан одамнинг келиб-кетиш тартиби. Буни англагунимча ўксинишларим бор эди, кўникдим. Кўп борар эдим, ой ўтар-ўтмай оёғим қишлоққа тортаверарди. Ток очиш, кўтариш, хомток қилишдан тортиб, кесиб кўмишгача зиммамда эди, укамлар билан пичан қилишга чиқардим, уй солинса, ғиштини ўзим териб берардим. Пўрим кийимимни ечиб, эгнимга эски коржомаларимни илиб, лойга ҳам кириб кетаверар, эй, шу ишлар билан дам олар, ноқулай бўлса ҳам айтай, усталда босим ўтирадиганларнинг касалидан камина бенасиб эмас, ўша ҳам бир кунда ўтиб кетар эди. Лекин бунақа ёксил кийиниб, лойга ботиб ҳам юришларимга, сўз тополмаяпман, ишқилиб, одамлар, ҳа, бу бола шаҳарда бузилмаган, қобил, оқибати бор, шундан шу ёққа қатнаб уйидаги ишларни қилиб беряпти-я, баракалла, деб қарамас, шу… ёқтиришмас эдими, “Ий-е, ий-е, сизга қолдими бу иш”, деб таажжубланишларида нимадир ёзғириш ҳам бор эди.
Бир борганимда ҳамсоямиз Зийнат холаникида томсувоқ ҳашарга айтиб қолишди, укам саҳар туриб Самарқандга кетган эди, ўрнига ўзим чиқишга чоғландим. Ўртада девор ҳам ёк, у ёқда ҳашар бўлса-да, бу ёқда мен сулақмон сигарет сўриб кириб-чиқиб турсам, жуда хунук, баҳонада кампирнинг дуосини оламан, ҳам одамлар билан тўрт оғиз гурунглашаман деган ўйда устимни алмаштириб, қўлимга қишлоқда ёк, ярқиллаган алюмин андава олиб отлансам, ойим: “Ҳай, қаёққа! Сенга нима бор, ўзи бир-икки кунга келган одам, уйда ўтирмайдими!”, деб қолдилар. “Нима, ҳамсоя холам билан айтишганмисиз”, дедим. “Нимага айтишаман, шунча одам бор, бўлади-да. Сен ўзингга ярашадиган ишни қил”, дедилар. Хуллас, ойимга қолса, бормасам. Ҳар замонда бир келсам, элдан чиқиб кетмай, одамларнинг ёнида бўлай деб (бир кўнглимда ўзимни кўрсатиш), ойимга кўнмай, ҳашарчиларга бориб қўшилдим. Ҳали иш бошлангани ёк, Эшим кал лой пишитяпти, Сафар ака, андавасини тозалаяпти, ҳамсоя холамнинг невараси Нурали лойхона лабига пақирларни қатор қилиб теряпти, Исмат ака Эшим калга лой пишитишдан ақл беряпти, Олмос ака иш олдидан чойни бостириб ичяпти, Эшдавлат айвон томида, лой тортишга арқон шайлаяпти. Бориб жаппа-жамоатга салом бердим, бир-бир қўл олишга киришдим. Собир ака шошиб ўрнидан турди-да, қўлимни бетимга қарамай олди. Доим қуюқ сўрашадиган одам, “Ҳа, яхшимисиз?” деб андавамга қаради, холос. Исмат ака келиб, қўл берди-да, бир нималар деб ғирмайди. Олмос ака қўлини кўксига қўйиб, келиб кўришиш шарт эмас, чой ичяпман деган имобашара бир қилиқ қилди. Эшдавлат томда туриб қўлини кўтариб қўлини кўтариб қутлаган бўлди. Нурали, ҳали ёввойироқ, саломлашишга уқуви ёк. Хуллус, нима десам, шу… ҳашарчилар орасига бориб қўшилган бўлсам ҳам у томонида улар қимирлаб турган кўринмас деворнинг бу томонида ўтолмай қолавердим, ҳеч бировининг чеҳраси очилмади, ҳаммаси у-бу ғулдираб, кўзини олиб қочди, тўғри қараганининг нигоҳи ҳам ёнбошимдан ўтиб кетди. Ҳеч бирови юкимизнинг бир томонини кўтарадиган келди деб хурсанд бўлмади. Мени бу одамларнинг ҳеч бири ёмон кўрмайди, аксинча, лекин шу дамда, шу ҳашарга келиб қўшилганим билан ораларига киролмадим. Тушуниб тургандирсиз?
Келдиму энди қандай кетишимни билмай аросатда, андава тортаман, деб томга чиқиб кетдим. Томнинг у ер-бу ерини қараган, тушиб қолган майда тош-пош, кесакчаларни терган бўлдим, дилам-нодилам, яна бир кетиб юборай дедим, энди ноқулай, ишдан қочди деб ўйлашади.
Том сувашни бошладик. Бу иш шиддат билан кетади, бўл-ҳа-бўл, лой -чой-сув, ҳў Эшим, ғўраша чиқяпти, бо бир пишитинг, Нурали, анқайма, эй Олмос, ҳаволатинг силтамай, устунга урилмасин; Сафар аканинг андава тортишимга гап тополмай синчилашини айтмаса, менга бошқа эътибор ҳам бўлгани ёк. Икки андавакашга лой етказаман деб ўртада Нурали бечора пишиб кетди. Катта томни бўлдик, оғил, бостирма томини ҳам сувадик, ҳожатхонага келганда Сафар ака чиқди, мен андавамни ювиб, кетишга чоғланган эдим, Зийнат холам сезиб қолди: ҳай, болам, катта бошингни кичик қилиб келибсан, барака топгур, энди бир чўқим ошимни емай кетасанми, ундай қилма, болам, хуллас, ошга ўтирмай кетишнинг иложи бўлмади. Э бор-э, шу тўрт пақиргина ҳам ортмасин, деб тандирнинг усти ҳам суваб ташланди.
Ҳа-а, зўр бўлди, э-э, бу иш кўп билан-да, ҳа энди Зийнат холанинг ёғингарчиликда бир дарди ариди, сувоқнинг обравлари яхши, чакка ўткизмайди, бир паслик югур-югур, жонни суғуриб олади-я – қилган ишимиздан ўзимиз таскин топдик, гапга мен ҳам ҳам суқма қошиқдек суқилиб турдим, лекин, бари бир, эл бўлолмадим, яна туриб кетишни ўйладим. Олмос ака кампир дамлаган ошни катта лаганга босдириб келди, устида икки туюр гўшт. Ҳай, энди туриб кетсам, кампирнинг ошини кўнгли тортмади, дейишади. Олмос аканинг орқасидан Зийнат холамнинг ўзи келди, қўлида битта сарғиш сувли шиша билан. Исмат ака бесаранжом типирчилаб, менга тиржайиб қараб қўйди. Сафар ака оғзини қўли билан артиб, кўрпачага бемалолроқ жойлашди. У ҳам менга бир қараб қўйди. Кейин қовоқ уйиб гўшт тўғрашга тушди. Эшим кал ер тагидан шишага ҳўмрайди: битта ароқ етмас-в. Бир Эшдавлат менга қараб хурсанд им қоқди, шунчаки ичкилик келганига очилиб. Кампирнинг сандиғида ётавериб сарғайган бу нарса ароқми ё… деб турсам, ростдан “Перцовка” деган ароқ экан, дастурхон атрофидагиларнинг синовидан ўтган чоғи, ҳали ичмасларидан кайфлар чоқ, менга ўқтин-ўқтин назар ташлаб қўйишлари сабаби ҳам маълумдек – лой ишидан чиққан беш кишига битта шиша… “Ҳа, хола – мард!”, деди Сафар ака. Олмос ака шишани Исмат акага узатиб: “Оз-оздан сузасиз, момомники табаррук”, деди. “Шу – биттами?” деб Исмат ака яна менга қараб қўйди. “Йўқ, мен ичмайман”, дедим. “Бизлар билан ичмайсизми?”, деди у, менга писанда қилаётгандек туюлди. “Момом бақувват, буни ичайлик, ялинсак тахмоннинг орқасига яшиниб қолгани ҳам чиқиб қолар”, деб Олмос ака билиб тамшанди. Исматнинг аканинг чеҳраси ёришгандек бўлди, “Ҳа, энди, бизлар билан ҳам ўтиринг-да”, деди менга. “Лой иши – зах иш, шуни олади бу қалампир ароқ”, деди Сафар ака, лой иши қилмаган одам буни билмайди деган маънода. “Оладилар, Сафар ака, оладилар”, деди Эшдавлат. “Ўзимизнинг одам, нимага бизлар билан олмас экан, олади”, деди Олмос ака.
Исмат аканинг ароқ сузишлари, бетини тириштириб илжайишлар, менга узатганда дим-дим нигоҳлар, ичишдан олдин бор гуноҳни захга тўнкашлар, ҳи-ҳи калта кулгилар – ҳаммаси мен бўлмаганимда буларнинг бемалол, яйраб ўтиришини билдирар эди. Умуман ўзимнинг қозонимга тушмабман, ойим доно гап қилган эканлар – ярашмаган иш бўлди.
Ҳаммаси қўни-қўшниларим, фақат кампирнинг жияни Исмат ака дўнгдан тушган, бари бир, битта қишлоқ, бегона ёк, ҳеч ким менга ёмон гапирмади, ҳеч ким билан айтишмадим, қўяр-да қўймай бир пиёла ичиришди ҳам, лекин ўша девор деворлигича тураверди, булар у ёқда, мен бу ёқда.
Нимада хато қилдим десам, ҳаммаси – ҳашарга қўшилиш ўйидан бошлаб келиб қўшилишимгача, қўшилиб андава тортишгача, биргалашиб ароқ ичишгача, ичида чаён ўлганми, ёмон аччиқ экан бу ҳам, ўзимни зўрлаб гурунг беришга уринишимгача, бари ярашмаган, бу ерга, бу даврага қовушмаган эди. Чуқур қилиб тушунтира олмаяпман, лекин бошингиздан ўтган бўлса, шу айтганларимдан ҳам англайсиз – Ғазира мени бағридан чиқариб, бегона қилиб юборганини!
Кўп мисоллар келтирсам бўлади, лекин барининг тагида у-ёки бу тахлит битта гап ётади.
Менинг дардим кўп, дардларим сизиб тушиб, жилға-жилға ўша кўкдарёга қўшилади, Ғазира кўкдарёдан кўкка бурканиб тураверади. Қуши кўп эди унинг, шу қушлари озод эди, тонгда ўрганмаган одамнинг қулоғини қоматга келтирарди. Болалигимда бир қушнинг узун ҳуштагини ҳар куни эшитардим, ўзим ҳам қўшилардим, ҳуштагини қайтарсам , у ҳам қайтарарди, кейин билсам, китобларда кўп ўқиб, бир кўрсам деб орзу қилганим булбул шу, ҳозирлари жуда кўпайган, басма-басига сайроғи қишлоқни босар экан. Оламга чақирар эди бу қушлар.
Ғазира ўша кунларимни кўрган, бари унинг бепарво-палак бағрида кечган. У ҳозир… юкуниб мен бораман, у эса келдинг ҳам, кетдинг ҳам демайди, бирдек кўклиги, кўклигида ўша шивирлар, хайр, қариб кесилган дарахтлари ўрнига улардан эртак тинглаган кечаги ниҳоллари қад ростлаган, йўллар ҳали-ҳануз қуюқ соя, мусичалари ғу-ғувлайди, қумрилари куккулайди, эрталаблари булбул ҳуштаги яратганга сано айтади, – ўша кекса машқ оғушидаги яшил масканим, – мен ҳам кўпни кўриб қўйдим, ўзида шунча кўрсатиб, яна соғинтиргани учун айтадиганларим бор, лекин туз ҳаққи қўймайди. Севсанг мени шундайимча севасан, ёк эса, бари бир, ана, бошингга офтоб урмасин кетаётганингда деб, катта кўчамга кўланка солганман, дейди ва болалигим тенги болаларнинг меҳнатига, булар эртага катта одам бўлар-ку демай, кўкдан тўқиган тўрини кенг ёйиб тураверади.
Уфқнинг ҳу четигача парда тортган кечки ғубор тагида кўп бедилликлар бор ҳали, эшакка ўт ортиб даладан келаётган, пода қайтишини кутаётган, чингалак сураётган болаларнинг қийқириқлари эзгин, аёлларнинг кўнгилларидан сизиб чиқаётган ҳасрат алёрлари ҳали ҳамон баргларга илашади, улар кириб кетганда алёрлар баргларда қолади, баргларнинг ҳар бири уларни ўзича пичирлаб кўриб, кейин бир-бирига узатиб, шивир-шивир шабада гурунгига қўйишади, шанғи қарғишлар кўча тупроғига тушиб, гард билан ёқалашади, ярим оқшомгача беибо дайдийди, чанг кўтаради, тинч ётган одамларнинг тинчига кунчилик қилади, яхшилаб ўйласангиз.. Мана, Маъқул хола билан Бобили янга шу қари толнинг тагида айтишган, икковининг тили ёмон, бир-бирини хўп тупроққа қорган, қарғашдан бошқа нимага ҳам кучлари етади, катта кўчада юлишмайди, қишлоқчилиқ, манжашганлари ўзларининг эсидан чиқиб кетган, лекин, мана, тагидан шу икки хотин ўтса, ўтган қарғишлардан толнинг барглари мужмаяди.
Ўйлаб қараб, шу баргларда соғинчларим ҳам илашиб турганини кўраман.
Ҳа, шу, мен ҳам, соғинч ичидан қарайман. Ғазиранинг бемеҳрлиги – меҳр, бари бир, мени катта қилган, катта йўлга кузатган, шу ернинг боласиман, – болалигимдан юкуниб саломда келаман…
Луғат варақлашдан шунча гап чиқиб кетди! Луғатдан чиқиб бу кириб келди, болалигимдан керак-нокеракни эслатди, мен завқ қилдим, ўксиндим, ўйга чўмдим, унинг гапи тугамади, бор кинларини тўкиб солди, унга қараб ўтиравердим хотираларнинг ичида, ўзи аралашмаса яхши бўларди деб…
Аралаш қуралаш кўп нарсани ортиб келганига бошда нима дегани эсимдан чиқаёзибди – мақолларга эътироз билдираётган эди-я. Жўн, жайдари десам, жуда айтишқоқ экан, у десам, у дейди, бу десам, бу, охири хунобим ошди. Нима, ахир, битта мен эшак минибманми, қишлоқда катта бўлган барча, ҳатто қизлар ҳам, у пайтлари бирда-ярим хотинлар ҳам, даштларда кампирлар ҳам минган. Ҳамма қолиб бу нимага мени топиб олди? Кейин, мақол, ҳикматли сўзларни мен ўйлаб чиқарганим ёк, кўпчилик тўқиганми, жавобини ҳам кўплашиб берсин-да. Болалигимни бўлса, ким нима деса, десин, яшаб олдим.
– Хў-ўш, – деб яна ўзимни босиб, ётиғи билан гапиришга ўтдим. – Ўзингни ҳар нарса деб хаёл қилиб, шундан хулоса чиқараверма. Эшаклик ишларингга мен аралаш эмасман.
Муроса қилиб, мақолда айнан ўзи эмас, балки унинг мисолида эшактабиатлар назарда тутилгани, бунинг учун хафа бўлишга сира асос ёклиги, аксинча, одамлар шундан ўзларига хулоса чиқариб олиши кераклигини тушунтирмоқчи, ҳатто келиб ўтмиш гапларни эслатгани учун раҳматлар ҳам айтмоқчи бўлган эдим, у гапни буриб юборди:
– От ҳам ҳайвон тўғрими? – деб сўради.
Шунақа ҳам оддий савол берадими, ё ўзини меровликка соляптими деб ўйлаб:
– Ҳа, от ҳам ҳайвон, – дедим-у, тўхта, бундан бир гап чиқармасин деб: – лекин отҳайвон, – деб урғуладим.
– Ит-чи? – деб сўради яна эшак.
– Ҳа, кўппакми, у ҳам ҳайвон, лекин у бўри оиласига кирадимим ё бўри буларнинг оиласигами, ишқилиб, туби бир, лекин ҳозир уй ҳайвони-да, – деб илмийроқ жавоб қилдим.
– Мушук-чи? – деб сўради эшак.
Э-э, булар азалдан келишмайдиган эди, нимага унинг ҳамма саволига жавоб топишим керак деб, сал жеркиб бердим.
– Нима демоқчисан ўзи, ҳамма ҳайвонларга кунчилик қиласан? Одамдан бошқа ҳаммаси ҳайвон! Нима хусуматинг бўлса, бориб ўзига айт, мутасадди эмасман сенга. Қара, “Эшакнинг меҳнати ҳалол гўшти ҳаром” эмиш, ейишмаса, гўштимни нима ёмонлашади, дейсан. А бу одамнинг меҳнатини қадрлаш ҳақида бир ҳикмат бўлса! “Эшак эти ғўшт бўлмас, савдогар ҳеч дўст бўлмас” деб, этимни ноинсоф савдогарларга муқояса қилиш адолатсизлик дейсан яна. Йўқ ердан ўзингни хафа қиляпсан. Сенга биров дўст бўл деяптими? Очиғи, мен ҳам сенга болалигимда дўст деб қарамаганман, азоб ҳам берганман. Лекин баҳорикордан уч қанор сомонни сен турганда ўзим кўтариб келмайман-ку. Майли, ўша кунларни олиб келганинг, бари бир, яхши, аммо у пайтлари ҳикмат нималигини мен ҳам билмаганман. Қўлимдаги қирмизи луғат ўша пайтлари чиққан, босилган йили мана, эллик тўққиз, ўтган асрнинг эллик тўққизи. Ҳозир ҳам ўқиб, сени кўп ноўрин мисол қилганларини кўряпман. Масалан, “Эшакни бетамизлигидан эшак дейдилар” деб ёзилган, тавба, эшакнинг тамизлигию бетамизи бўладими, мен ҳам фарқига бормайман. Энди, бу мақолларнинг барини отам замонида, эшак кўп пайти олдингилар айтган, уларга ҳам неча аср бурун ўтиб кетганлардан қолган, энди топиб бориб, ўзларидан нимага бунақа дегансизлар, деб сўрашнинг сира-сира иложи ёк. Қайси ҳайвоннинг ҳайвон ё ҳайвон эмаслиги масаласини қўзғашга келсак, сен шу ғалвани кўзлаб турибсан шекилли, бу ҳам сира керак эмас. Ҳаммаси ҳам ўз ўрни, ўз жойи, ўз аъмолига кўра яшаб юрибди ҳайвонлигини қилиб. Шунинг учун кўй бу қитмирликларни, – дедим, узоқ гапирдим, силтаб ташласам ҳам инсофдан эмас.
Сиз ҳам луғатни бир варақлаб кўринг, эшак ҳақида ростдан ҳам мисол кўп. “Эшак минганнинг оёғи тинмас, икки хотинликнинг – қулоғи” деган гапнинг унга нима алоқаси бор, минган одам устингда иккита оёғини осилтириб юришини айтмаса, аниқ боғланадиган мантиқ ёк.
– Мен шу ҳайвонлик қилмасликларини айтяпман, – деб эшак гапимни эшитмаяпсиз деган маънода қулоғини саланглатди. – От отлигини қилмайди, ит итлигини унутган, мушук одамларнинг уйида яшаб, сичқон овлашдан ор қилади, а, иши-ку шу! От ишламайди, ҳар замонда бир пойгада чопиб маза қилади, кўпкарига чиқади – бўлди! Сайсхоналарда кўк беда-емни уриб, бекор тураверади, қашлоғичигача бор! Ит эгасиникини қўриқлаши керак, у эса ҳатто ўғрига ҳуришни ҳам билмайди, лекин уйдан жой олган, суюқ совунларда чўмилтириб, жунини тароқда тарайдилар. Бу қанақаси! Дангасаларнинг дангасаси мушук,кўнгли тусаса миёвлайди, одамга ўзини сийпатади, бўлмаса шу ҳам ёк. Бекорчилигидан ўзини қаёққа қўйишни билмай, томларда дайдийди. Э-э, тавба, одам ҳайвоннинг хизматида-я! Одам-а! Мана, чўчқани олайлик…
– Э қўй, гапирма шуни, мен ёмон кўраман, – дедим ирганиб.
– Майли, гапирмайман. – деди бари бир гапиргиси келиб. – лекин, билмайман, ўзини нима деб ўйласа, жонининг роҳатини топган, бўкиб ейди, балчиққа ботади, яна ейди, яна балчиққа киради, ишқилиб, хариш тўнка-да, одамларни ўзига ишлатади. Ҳақ ерини топгани шуми! Ҳайвонлигини унутганлар яна бор-у, санасам, ҳасаддан гапиряпти, ўзи шундай бўлолмаганининг аламидан деб ўйлайсиз.
Бу қанақа эшак ўзи? Али десанг, бали дейди!
– Менга қара, – деб яна сал силтадим.- Сен от бўлолмайсан, кўппак ҳам, эшаксан, лекин ўрнингни бил, ўзинг учун ҳаракат қил. Айтиб қўяй сенга, бу мақолда ёк – эшакликни ҳам кўрсатиш керак.
– Ишлаяпман-ку эртаю кеч, – деб ҳайрон бўлди у, ниҳоят-е, гапим етиб бормади.
– Ишлаш бошқа, курашиш бошқа. Эртаю кеч ишлаганинг билан бу ҳаётда ўрнингни топмасанг, эшак ҳам бўлолмайсан, – деб кескин гапирдим, кейин раҳмим келди. – Ўзингни ҳимоя қилишни билмайсан, мисол учун, бўрини кўрсанг, бўлди, таққа қотиб, сўм гўшт бўлиб тураверасан.
– Ий-э, иложим қанча: мен – эшак, у – бўри, – деди эшак маъюсланиб.
– Ҳеч бўлмаса, тепин. Шуни ҳам қилолмайсанми? – дедим.
– Ҳо-о, жаҳли чиқиб кетса-я, – деб эшак ҳуркиб кетди.
– Бари бир ёриб кетади-ку сени! – дедим бўғилиб; бу галварсга бир нарсани уқтириб бўладими ўзи!
– Э-э, мендан бузғунчи чиқмайди, – деди эшак калласини солинтириб. – Ҳар хил йўлга бошлаб, эшакликдан чиқариб юборманг мени. Шу эшаклигим ўзимга мос, қулай.
– Чиқмайсанми эшаклигингдан? – дедим бўғилиб.
– Нима қиламан чиқиб? Минг йилдан бери шундайман, шундайлигимча қоламан, деб ҳанграб юраман.
Ана холос, бу ўйлаганимдан ҳам қайсар чиқиб қолди-ку!
– Юравер шундай! Бўлишинг шу бўлса, сени бўри тугул кучук ҳам ғажиб кетади, – дедим.
– Шунчаки юрганим ёк, эшаклигимни қилиб юрибман, – деди эшак гапимни қайтариб.
– Хўп, шу эшаклигинг нимадан иборат экан? – дедим бўғилиб.
– Эшаклигимми? – деб гапимни такрорлади экаш. – Эшаклигим – тиним билмай ишлайман, ҳамма ишга чидайман, кейин чидаб ишлаганимга ўзига тасанно айтиб яшайман.
– Тасаннонг нима? – деб ҳайрон бўлдим.
– Ўзимга тасанно айтаман – ҳанграйман, – деди эшак калласини кўтариб.
Гап топилмай қолди. Нима ҳам дейман? Эшак калласи билан шу гапни айтиб турибди.
– Фақат мени бемалол ҳанграшимга қўйиб беринглар, – деб эшак фақат менга эмас, кўпчиликка гапирди. – Нимага мени одамнинг ёмонларига тенглаштирасизлар, ахир, мен бор-йўғи эшакман-ку! Эскижуваларинг билан нима ишим бор!
Ана шу ерга келганда тилим тутилганидан жаҳл билан қаламни синдириб қўйдим; аттанг, аттанг, юмшоқ ёзадиган, жумлаларнинг тагига чизишга жуда яхши эди.
– Э бор! Ана, тинмай ишла, ишингга беш кетиб, тинмай ҳангра, – дедим.- Меҳнатдан бошинг чиқмай ўзингга тасанно айтишдан тўхтама.
Мен киноя қилиб айтсам, бу тушунмади.
-Раҳмат! – деди. – Айтмаган гапларимни ҳам тушундингиз. Мени ҳар нимага тенг қилиб, ҳар йўлга бошламадингиз.
Сизга қандай билмадим-у, лекин бу билан гаплашаман деб ўзимнинг ҳам ақлим тўмтоқлашиб, тезроқ қутулишни истаб қолдим.
-Бўпти, бўпти! Тушунган бўлсанг, энди жўна! – дедим.
Энди эшак ажабланди:
– Қаёққа кетаман, сиз биланман-ку, – деди.
Ҳу бошдагидек яна анграйдим, каллам ишламай қолди.
– Қанақасига мен билансан?
Эшак худди кулгандек иршайди:
– Доим биргаман сиз билан – китобингиздан чиқдим-ку!
Сиз бир нарсанинг маънисига бордингизми? Мен шу маънини тополмадим. Китобни, шу қирмизи луғатни поп этиб ёпиб қўйдим. Ярми тишланган парра қази ҳам хор бўлди.
Кўп ўйландим, болалигимга неча бор тушиб чиқдим, у ёқдан ҳам тасанно айтадиган гап тополмадим.
Ўзимча тахмин қилдим: нима эди бу эшак: жайдари, қўсқи, қайсар, майли, бошқа нималарга ўхшатмай, ўзи шуни сўради, аммо дунёдаги жами эшакларга мисол қилса бўладиган – эшакларнинг эшаги, ҳали эски тилимизда айтилади-ку, шоҳул шаҳаншоҳ дегандек, эшагул эшак эди.
Лекин китобдан чиқдим деб, мени хотираларга кўмиб эшик чорчўпини кир қилиб кетди.
Ювса кетармикан?
Ҳозирлари яна ўйласам, қишлоғим мендан норози кўкликларини уюб қараётгандек бўлаверади: яна нима қарзларим қолган экан? Бўлмаса, нимага бу эшаги келиб юрибди?
Аҳмад АЪЗАМ
2011-2012 й.
Қуроқ (юклаб олинг, pdf) | cyr | lat |