Skip to main content

Ҳикоя бўлмайдиган воқеалар туркумидан

1978 йили бир улкан адибнинг юз йиллиги нишонлаш арафасида у киши кўп йиллар ишлаган қўшни республикага бордим. “Гулистон” журналининг расмий мухбири, журнал у пайтлари ўша республикада ҳам машҳур, Ўзкомпартия МКнинг органи, ана шу шундоқ баобрў  жариданинг расмий сафарномаси билан. У пайтлари меҳмонхоналарда жой танқис, ҳам жой, ҳам танишиб оласиз деб,  Тошкентдаги бир дўстим ҳамқишлоғи, у ҳам ўша ёқда танилиб келаётган ёзувчи, шунга телефон қилди, телефонини менга бериб, албатта уйига борасиз, меҳмонхона деб овора бўлманг, деб тайинлади. Ўша ёзувчи республика пойтахти марказида турар экан, мени хийла расмий қарши олди, лекин асли самарқандлик эканимни эшитгандан кейин буткул очилиб кетди, бирпасда олти-етти шоирни меҳмоннинг, яъни менинг истиқболимга йиғди. Кейин кетди-ку тонггача баҳсу мунозара! Мушоира, табиийки, уларнинг тилида, мумтоз ғазаллар, камина самарқандлик бўла туриб… тил билмаганим учун дашномга ҳам қолдим, бирови хоинсиз деб юборди. Ҳеч нарса қолмаяпти, отнинг туёғидан тушиб қолган тақададан қазилмалардан чиққан сопол синиқлари, хароба деворлар,  сўзана, гилам, дўппи, уларнинг буюк аждодлари бизнинг ҳудудларда туғилган экан, шунинг учун….  бу ёғини тушунасиз-ку. Мезбонлар кўплашиб Шарқдан босишди, қарасам, мазамни қочиришадиган, шартта Ғарб адабиётига ўтиб, Фолкнер, Хемингуэй, Дос Пассос, Селинжерга чиқиб олиб, ўша ёқдан тушмадим, Кавабатага ёпишиб олдим. Хуллас, бунақа баҳсларнинг ҳавосини олганман, лекин бошим ғувлаб кетди: ҳар куни шунақа баҳс бўлса, ўртада бир ўзим,  портлаб кетаман-ку, деб меҳмонхонани кўзлаб қолдим. Долонида бўлса ҳам ётаман.  Тонгга яқин сал мизғиб олдим-у, кейин тура қочдим. Баҳона – бегона жойда ухлолмайман. Ўлдими, шундай баобрў журналдан келган мухбирга жой топиб беришмаса, деб. Баҳсдан каллам шишиб келяпман, ёнимда ёзувчи дўст уйида қолмаганимга хафа, балки енгил тортгандир, ишқилиб бекор қиляпсиз, деб қўяди. Республика номи берилган катта меҳмонхона олдидаги йўлкада тўртта маст безорига дуч келиб қолсак! Ҳа кечаси билан ичиб, энди камига бир жанжал ахтариб келяпти! Ола-кула, пасту баланд  кўзлари бизда,  каминанинг бўйи ўртачадан салгина тикроғ-у, лекин муштлашиш илмидан йироқ, ёзувчи дўстим (кечаси шунча баҳснинг ичида дўстлашиб ҳам қолибмиз)  елкамдан сал баланд, булар аниқ мағар  чиқармоқчи, чиқарди ҳам, биттаси менга кўзинининг пахтасини чиқариб, “Э-э, онайни сан… (деб ёзувчи дўстнинг миллатини айтди), ғирт ўзбекча сўкиб юборди. Кечасилик баҳслардан оғриб келаётган бошимга бу сўкиш бир малҳамдек эшитилди: “Э қани, яна бир сўк-чи, тилингга шаккар сени”, дедим. Бир бало қилиб уришмай қутулиш керак-ку. “Ий-е, ука, ўзимизданмисиз, ўзбекмисиз,  кечирасиз, биз сизни манавинга ўхшаб… узр, ука. Узр!”  деб қолса безори, бошқаларининг тунд башараси ёйилди. Йўлкадан йўл бериб ўтказиб юборишди. Ёзувчи дўстим сал мулзам бўлди, лекин безори балосидан  қутулдик.

Меҳмонхонада жой бор экан, икки кишилик хона, жойлашдим. Ёзувчи дўст менга ҳамроҳ бўлиб юрадиган бўлди, ҳам дийдор ғанимат, ҳам  ҳамма ерда тўкин дастурхон, суҳбатлар.  Ўзимизга ўхшаган меҳмонга жонини берадиган халқ-да. Анча дўстлар орттирдим, лекин тенгқур ижодкор аҳли, сал каттароқлари билан ўша баҳс чиқиб қолади, ким қайси ватандан. ватан асли кимники, ким эгаллаб олган, албатта тарих, уни қайта қараш… хуллас катта ватаннинг ичида кичик ватан ҳақида мунозара, мен катта ватаннинг ким босиб олганини гапирайлик, дейман, қулоқларига кирмайди. Лекин ҳар қанча тортишмайлик, дўстларчами, болаларчами, гина мақомида, айтишиб қолиш ёк. Бир вазир, бир қанча адабиётшунос олим, шоиру ёзувчи, олиму фузалоларидан интервью олдим, бир катта халқ (халқлар) артисти уйида меҳмон қилди, жуда бағри кенг, кутилмаганда жуда камтар одам экан. Ҳалиги буюк ёзувчига оид интервьюлар жам, икки халқ биродарлиги ҳақида суҳбатлар бир қучоқ, сафар режаси аъло қилиб уддаланди. Ҳатто иккита журнал редакциясида учрашув-зиёфат ҳам бўлди шарафимизга. 

Зўр! Катта одам бўлиб кетдим! Ҳамроҳим тенгқурим бўлса ҳам таниқли ёзувчи, уни ҳамма танийди. Бундай истеъдод билан юрган ким бўлди экан деб, каминага ҳам қизиқиш бор. 

Энди қайтиш ҳам керак. Чипта олинган. Эртароқ туриб, бир пиёла сутли қаҳва ичиб олиб, қани, хонамизни топширайлик-чи деб, виқор билан ходимани чақирдик. У пайтлари шунақа тартиб бор, лекин кўп ходималар, ҳа, ҳаммаси жойидами, деб ўтирган еридан турмай хайрланиб қолаверарди. Буларда сал бошқача – келиб меҳмонхона нарсаларини бирма-бир кўрар экан. Кўтариб кетадиган нима ҳам бўлиши мумкин: битта кулдон, битта пойафзал чўтка, ўртада унниқиб кетган гилам “дорожка”, яна… билмадим, ҳа битта кирсочиқ, ювинганда ҳам, чўмилганда ҳам шу биттага артинасиз.  Кузатиб қўйишга келган ёзувчи дўстим ҳам шу ерда,.обрўси билан, албатта. Топширадиган нарсаларнинг ҳаммаси жойида, чойшаб, простиня, кўзгу… Бўлдими десам, ходима хоним, “Бу каравотнинг сочиғи қани?” деб қолди, ҳамхонамнинг ётган жойни кўрсатиб. Мен ҳайрон бўлдим, билмасам, кечаси келди, тоғдан тушган экан, эрталаб ҳаммомга бормасам бўлмайди деяётган эди, чўмилиб олгани кетгандир, дедим. Қайдан келганини ўзим биламан, мен сиздан сочиқни сўраяпман, деди ходима. Мана, менинг сочиғим, қўлингизда-ку! Хонангизда битта сочиқ ёк, шу сочиқни топиб бермасангиз, кетмайсиз! Ана холос!  Билмасам, артингани олиб кетгандир-да, дедим. Йўқ, шу хонада турдимми, энди кетяпманми, топшириб кетишим керак экан. Анавиникини ҳам!

Э-э опа, мен учқичга кечикяпман, мана чиптам, ҳамхонамни танимасам, кечаси келди ётди, эрталаб турган-кетган, мен ухлаб ётган эдим, ҳаммомда артиниши керак-ку, дедим. Бермайсизми сочиқни, бўлмаса, администраторни чақираман, деди ходима. Ёзувчи дўстим ўзим аралашмасам бўлмайди шекилли деб, ётиғи билан тушунтиришга киришди: қанақа администратор, меҳмонхонангизга келиб, манави каравотда ётган одам ювинишга ўзига берилган сочиқни олиб кетган, бу одамга нима алоқаси бор, деди. Менга иккита сочиқ ҳам жойида бўлиши керак, вассалом, деб туриб олди ўта тартибли ходима. Келинг, дўстим, кечикяпмиз, шу сочиқнинг пулини бериб қўяйлик, деб йўл топмоқчи бўлдим. Ўзи минг одам артиниб, пати тўкилиб, моховга ошна сочиқ, янгилигида нари борса, тўрт-беш сўм туради. Йўқ, пулингизни бошимга ураманми, менга сочиқ керак, сочиқ. Тушуняпсизми,  деди ходима қайсар. Келсин тоғлик, сочиғингизни оласиз, пайтава қилмаса керак, беради, дедим. Келсин, берсин, майли, кейин кетасиз, дейди. Администратор ҳам келди, эркак киши экан. Муомаласи ёмонга ўхшамайди, ишимиз ҳал бўлади десам, бу ҳам шу хотиннингжинси ўзгаргани экан: сочиқнинг ўзини топиб беринг, пулини эмас, бизда бу инвентар, бир тусли, рақамланган, тезроқ бўлинг, менинг бошқа ишим тиқилиб ётибди… Э-э нима қилай, ўзимнинг сочиғим мана, ишонмасангиз чамадонимни тинтув қилинг, дедим. Ёзувчи дўстимнинг чапароста жаҳли чиқиб кетди: қанақа ноинофсизлар, бу фалон  баобрў журналдан келган баобрў журналист, ёзувчи, танқидчи, кирсочиғингиза зор эмас, бутун республикани шарманда қиляпсиз, қани миллатнинг меҳмондўстлиги ва ҳоказо. Московдан келмайдими, бизга бунақа гаплар эмас, сочиқ керак, деб туриб олди иккала ножинс ҳам. Ёзувчи дўстим зудлик билан меҳмонхона директорини хонага чақириб келишни талаб қилди, ахир, ўзи ҳам республикасида нуфузли журналнинг масъул котиби, катта одам, қўли узатган жойига етади, лекин кучи буларга етмади. Тўнкани болта билан чопасизми, теша биланми, фарқи ёк-да, ахир. Меҳмонхона директори ҳам ишга келмаган экан. Балки мен артинмаган сочиқнинг пулини тўлашга рухсат берармиди?  Билмайман, бу тайини ёк ғалва қанча давом этди, лекин бахтимизга кечаси тоғдан тушиб келган анави сувпараст айиқнинг ўзи келиб қолди ҳаммомдан. Қараб турдик, сумкасидан сочиқ чиқариб, каравотнинг бош учига, тутқичга қуритиш учун осиб қўйди. .Мана, келар экан-ку, мана, ўша мишириқ артилган сочиқларинг, паст одам экансизлар, сизларнинг кўзингизга кўрсатаман, газетада ураман, деб бақирди ёзувчи дўстим. Администратор, билдим, атайлаб тоғлиқ айиққа ёпишиб кетди: нима ҳақингигиз бор меҳмонхона сочиғи билан ҳаммомда артинишга, деб. Тоғлик айиқ унга бақирди, пулини тўлаб қўйганимдан сочиққа кетимни артаманми, бетимними, ишинг нима, деб, бунинг гапи ҳам жўяли. Администратор мен билан ёзувчи дўстимдан кечирим сўраш ё шунчаки одамларча хайрлашишдан қочиб, тоғлиққа чинқиради, тоғлик унга вағиллайди.

Ёзувчи дўстимнинг ғазаби осмонда, шу ўзи ватан, орият ҳақида жуда кўп тортишган эдик, бу икки ходим ҳаммасини ер қилди, тўғрироғи, ватанда яшаш нималигидан яхши дарс бериб қўйди. 

Учоқ менсиз учишимга сал қолди. Тоғлик айиқ ҳам паст келадиган хилидан эмас экан, ҳалиги икковини ҳам сенлаб, тупроққа булғаб ташлади. Мен ғазабнок дўстимни куч билан ташқарига судрадим. чопиб тушдик.

Ташқарининг ҳавосида ичкаридаги бадбўйлик ёк, нафас олиш беминнат, текин, лекин ёзувчи дўстимга ҳаво етмаётган эди..

 Аҳмад Аъзам

2012й. Ноябр

Leave a Reply