Skip to main content

               Ҳикоя бўлмайдиган воқеалар туркумидан

 Одам баъзан абсурд – бетайин аҳволга тушиб, фақат ўзи эмас, ақли ҳам анграйиб қолади, яъни   фикрлай олмайди, ҳеч нарсани тушунмаяпман, бу дунё ўзгариб кетган, мен унга бегонаман деб ўзидан  шубҳага боради.

Нашриётдан китобимга қалам ҳақи ёзилган экан, кам бўлса ҳам, ниҳоят, гонорар деган оти бор-ку; шуни пластик карточкага ўтказиш шарт, ўзимда учта пластик карточка бор эди, улар ўтмас экан,  иккитаси ишхонаники, ойлик учун, олганимдан бери ишлатганим ёк, яна биттаси уюшманики, онда-сонда тегиб қоладиган моддий ёрдамга, учаласини ҳам ўзлари берган, мен банк остонасини ҳатламаганман. Энди боришимга тўғри келди. Шанба куни бор кучимни жамлаб, инқиллаб-синқиллаб ўн бешта кам бирда эскидан ўзимизники бўлиб, кейин номи ўзгарган синашта банк, ўн беш дақиқада ишимни ҳал қилиб беради деб, бордим. Борсам, банкда ўн иккидан биргача тушлик экан, кўчадаги эшик олдида мижозлар тўплана бошлаган, очиқ эшик ичкарисида бир мелиса йигит турибди, табиий, ҳеч кимни киритмаяпти. Мен ҳам турдим, оёқ панд бера бошлади, эшикдан мелисага илтимос қилдим, мана шу ёнингиздаги курсига ўтириб турсам майлими, оёқларим яхши ушламайди деб. Мумкин эмас, деди  у қатъият билан. Бошқа сўрашнинг фойдаси ёк эди, яна пойдевор рахига суяниб туравердим. Бир аёлга кўзим тушди, қўлида чақалоқ, бир қўлидан тўрт яшарлар боласи ушлаб олган, қийналган – жуда тўла  экан, икки бола билан тик туриши азоб, терга ботган. Ташқарида эса биронта ҳам ўриндиқ ёк, бу ҳам табиий, банк олдида ҳар хил одам танда қуриб олиши мумкин. Яна мелисанинг олдига бордим, оғайни, шу аёл мана шу бир чеккада ўтириб турсин, жуда қийналиб кетди икки бола билан, дедим. Мелиса яна катталарнинг буйруғини, юқорининг қонунини пеш қилди, ёк, деди.. Ахир, оғайни (ука ё ўғлим дейишга жеркиб бермасин деб ҳайиқдим, сиёсати ёмон эди), бу аёл банкни ўмарадиган талончи ё террористга ўхшамайди-ку, беш дақиқа ўтириб боласини эмизиб олса, нима қилибди, дедим. Яна деворга гапирдим!

Хўш, яна кутдик, ниҳоят ходимлари тушликдан қайтган банк очилди, ичкари киришга рухсат берилди. Пластик карточка олиш учун ариза ёзиш керак экан, шу аризани оладиган бўлмага биринчи бўлиб борсам, бир кампир усталнинг у томонидаги йигит билан бемалол гаплашиб ўтирибди. Бу хола ҳам мижоз экан-да, қачон кирган экан, майли, деб навбат олиб, кутдим, мендан кейин яна бешта одам тизилди, йигирма дақиқа пойладим. Кампирнинг иши битадиганга ўхшамайди, гаплари ҳам тугамайди. Тоқатим тоқ бўлиб, усталнинг у томонида бамайлихотир гапираётган ўша банк ходими йигитдан бу онахоннинг ишни битириб берасизми, ёкми, деб сўрадим. Шунда йигит нима деди денг? Бувим билан гаплашиб ўтирибман-ку, ока, кўрмаяпсизми! Кўрдим, бувиларни ҳурмат қилиш керак, лекин банкнинг иш вақтида… бошқа мўътабарроқ жой қуриб кетганми буви билан гаплашишга? Ярим соатдан бери кутяпмиз, сиз бувингиз билан гурунг қуряпсиз, аризани қачон оласиз, дедим. Буни қарангки, у ўтирган устал уники эмас экан, эгаси Фалончихон энди келар экан! Ана холос деб кутишдан бошқа чора ёк. Бу ердаги тартиб жуда ғалати экан. 

Шу ердан ақлим анграя бошлади. Йўқ, Фалончихон пайдо бўлиб қолди,  ҳеч нарса бўлмагандек, узр ўрнига  расмий табассум ҳадя қилиб, амакижон, карточка оласизми, мана бланка, ариза ёзинг, паспортингиздан нусха беринг…. гапиргани ҳам қўймай, бирпасда ишни битирди. Бўлар экан-ку, бекорга бўғилибман, деб енгил тортиб, энди қачон оламан карточкани десам, ёк, энди … келинг, ўшасининг ҳам отини айтмай, Ҳашаротхон дейлик, шу Ҳашаротхон опамладан шартнома оласиз, ҳув анув ёқдаги хонада ўтирадила,  тушунтирадила, деди. Хай, иш силжиди-ку, деб ўша анув хонага Ҳашаротхон опамизни ёклаб бош суқдим.  Еттита устал, олтитасида олти ходим ўтирибди, Ҳашаротхоннинг устали қўйида экан, бўш, ҳали тушликдан келмабдилар! Мана, ҳозир келар эканлар!  Тушлик вақти тугаганига анча бўлди, энди қайтар эканми, деб ажабландим, лекин сўрамадим. Коридорга чиқиб кутиб туринг, дейишди, тўғри-да, ишлик одамларнинг олдида қаққайиб турсам ҳам яхши эмас. Ярим соатлар ўтирдим. Мен билан бирга кирган иккита ёши улуғ одам бор эди, шулар ҳам ўтириб, бемалол гурунглашяпти. Шуларга қараб туриб, бу ердаги ҳаёт шунақа шекилли, кўникиш керак деган ўйларга бордим. Лекин тушлик қилмаганман, билдириб бошлади, сабрим чидамай яна ўша хонага бош суқдим: Ҳашаротхон опа ҳозир келар эканлар, телефон қилибдилар, озгина ушландим, деб.  Яна у ёқда кутинг, дейишди, чиқиб кутиб ўтирдим, қаттиқ ўриндиқ белга оғриқ берди, ҳам бояги икки болали аёл ёнимга келиб ўтириб, меҳрибон кўриндимми, чақалоғининг, катта иш қилган экан, таглигини алмаштирди. Нимага шунча вақтдан бери ишингиз битмайди, деб сўрасам, бошлиқни кутяпман, болаларимга нафақа олишим керак, етмиш минг, нақд пул учун бошлиқ қўл қўйиб бериши керак, деди. Анча ўтиргандан кейин яна ўша хонага бош суқдим, Ҳашаротхон опаларинг келадиганми, келмайдиганми, дедим. Таксига чиқиб шошилиб келяптилар, озгина қараб туринг, деди биттаси, сизнинг ишингизни битириш учун ёнидан кирага пул сарфлаб келяпти опам деган унсиз таъна билан. Яна озгина ўтириб, қайтиб кирдим, э-э, илтимос, шу шартномани бировларинг қилиб бера қолинглар, мен чарчаб қолдим, деб сўрадим. Йў-ў, йў-ў, нима деяпсиз, Ҳашарот опанинг ишларига биза аралашолмаймиз, экан! Кутишдан бошқа чора ёк, яна кутдим, яна кирдим ўша хонага. Ҳашаротхон ҳали ҳам таксида экан, йўлда пробка бўлган шекилли ва ҳоказо гаплар.  Сизлар қилиб беролмасангиз, унда Ҳашаротхондан катталаринг бордир, чақиринг шуни дедим. Мен шартномани тўлдириш, муҳрлаш керак деб ўйлабман. Ўзим ҳам бошлиқ бўлганим эсимга тушиб, сал овозимни баландлатдим. Лекин мен фалончиман, фалон жойда ишлайман деганим ёк, чунки буларга ўзингни таништириб тепадан келиш ўзингни ерга уришдан бошқа нарса эмаслиги билиниб турарди. Шунақа пайтда ғурурга ҳам қўл силтар экансиз. Эгам ҳам баттар бўлинглар, деб қўл силтаб қўядими, ишқилиб, қўлингиздан бўғилишдан бошқа чора қолмайди. Хуллас, униси бунисига қаради, буниси унисига, қайгадир телефон қилишди, ишқилиб, Ҳашаротнинг каттасими, тенгими, бир хотин келди, Ҳашаротнинг усталига ўтириб, менга қараб нима гап деб чимирилди, илтимосимни айтсам, чўчиб кетди: йў-ў, йў-ў, Ҳашаротхон опамнинг қоғозларига тегинишдан қўрқаман! Кетиб қолди! Э-э, бу қанақа гап, бошлиққа кирсам ишим битар, икки оғиз аччиқ гапимни ҳам айтаман, деб қабулхонага кирсам, капалакдай котиба расмий истеҳзо табассум билан бошлиқланинг ҳали тушлик қайтмаганларини маълум қилди. Капалакнинг юзига қараб, қачон қайтади деб сўраш мутлақо бефойдалигини тушундим. Осмон узоқ, ер қаттиқ, яна одамга бегона бир банкнинг ичида ўтирибман. 

Ҳали ҳам суҳбатлашиб ўтирган ҳалиги икки акахон пенсионарнинг олдига бориб ўтирдим. Улар ҳам бошлиқни кутяпти экан. Пенсиясини нақд олиши фақат бошлиқнинг имзоси билан экан. Кутяпсизми, десам, бошқа нима иложимиз бор, мана, шунча одам кутяпти-ку, дейишди. Оббо, дедим, битта чидамаётган ўзим эканман-да.

Кўзим ҳалиги икки болали аёлда, чақалоғи ингиллайди, терга пишиб кетган она тебратади, силкитади, қани овуна қолса, каттаси онанинг қўлидан тортади, кетайлик деб.

Мижоз камайгани ёк, бирови усталда ўтирганларнинг олдида, бировлари ўриндиқларда, ҳаммаси ниманидир кутяпти, жим. Бирон одамдан садо чиқмайди. Битта мен олабўжи бўлиб кириб-чиқиб, асабийлашиб юрибман.

Яна икки марта Ҳашаротхонни ёклаб кирдим, хонадагиларга балодай кўриниб қолдим. Сўкиб беришлари ҳам мумкин эди-ю, лекин ёшим, кейин, “протокольний” кийинганим сури босди. Айтиб бўладими, галстук таққан одамдан ҳар бало кутиш мумкин. Ҳеч бало ҳам қилолмайди-ю, лекин кайфиятни бузади. Ҳа, Ҳашаротхон азада экан, нимага тушунмайман!

Шанба куни бўлгани учун банкнинг иш вақти учда тугар экан, уч ҳам бўлди. Мен ҳам ҳолдан тойиб тамом бўлдим. Э-э бор-э, пластик карточкасининг ҳам падарига лаънат, деб чиқиб кетаётган эдим, мелиса йигит тўхтатди. Ана, Ҳашарот опа келдилар, деб шивирлади. (У ёқ-бу ёққа юравериб бунинг ҳам кўзига ўқдек қалаб қолган эдим-да. Кейин чиқаётганда англадим, бошдан тусмол таниган ҳам экан.) Толиққанимни ҳам унутиб, долонда икки ҳатлаб Ҳашаротхонга етиб олдим. Менга қаранг, Ҳашаротхон сизми, дедим. Ҳа, мен, деди Ҳашаротхон, менга савол беришга ҳадди сиққан бу ким бўлди экан деб синовчан тикилди. Азадан келаётган аёлга ҳеч ўхшамади, ясан-тусани ёшига яраша, рисоладагидек. Қаерда юрибсиз, дедим. Аёл қошини кериб, таажжубланди, мен сўраб кетганман, деди. Кимдан, дедим, мендан сўрамадингиз-ку. Ҳашаротхон ким эканини ўзи айтар деб, сукут қилди. Қўрқманг, мен юқоридан эмасман, лекин қаерга кетганингизни мен билишим керак, чунки мижозман, дедим. Сизни деб икки соат умрим кетди, азада, дейишди, ҳеч қанақа азага бормагансиз, зиёфатдан келяпсиз ё дўкон айлангансиз, дедим. Сизни деб икки соатлик умрим куйиб кетди. Майли, одамнинг иши чиқади. Мен фалон вақти келаман ёки менга келганларнинг ишини тўғрилаб туринглар деб бировга тайинлаб кетмайдими? Банк ходими икки соат ишда бўлмай, мижозларни куттирса, қуюшқонга сиғадими шу, деб маъруза ўқиб кетдим. Раҳбарлик пайтларимда бу ишнинг ҳадисини олганман. Вой, майли ўша икки соат умрингизни мен бера қолай. Менинг умримдан олинг, деди Ҳашаротхон. Менга қаранг, сизнинг бетайин умрингизни бошимга ураманми! Мана, ҳаммаларинг бетайинсизлар, хонама хона юрибсизлар, бирон мижознинг иши битгани ёк. Сиз ўзи ниманинг ҳисобидан ойлик оласиз?  Биласизми шуни! Банкингиз қайси маблағ ҳисобига яшайди? Шунақа ҳам бетайин ходимлар, шунақа ҳам бетайин ташкилот бўладими!

Роса гапириб ташладим. Албатта, буниси жинси бошқа деворга! Қани, беринг ўша сиздан бошқа ҳеч ким беришиши мумкин эмас шартномани десам, Ҳашаротхон шундоқ усталининг устида қатлам-қатлам  тахланиб ётган, ҳа, очиқ тахланиб турган уч бетлик шартнома матнини  олиб қўлимга берди. Неча кирган бўлсам, бу тахлам шундай турган эди. Стандарт матн! Шунинг обориб нашриятга тўлдиртириб келасиз, тушган пулнинг олти фоизини ўзимизга олиб, қолганини пластик карточкангизга тушириб берамиз, деди.

Арзанда қоғозни қўлимга олдим. Стандарт шартлар, имзо-пимзо, муҳр-пуҳр ёк, қуруқ матн, туширилган пулнинг олти фоизи олиниши ўрнига  _____ деб кўрсатилган, фоиз ёзилмаган. Буни банкнинг истаган ходими олиб бериши, ёки ана, устал устида турибди, биттасини олиб кетаверинг, деса ҳам бўлар эди.

Э-э, елкамнинг чуқури кўрсин бунақа банкни деб чиқиб кетдим. Чунки шикоятдан фойда ёк, дарвоқе, бошлиқ бари бир  келмади. Иши битмаган бошлиққа мунтазирлар индамай менга эргашди.

Бу воқеанинг оврупо алабиётидаги, хусусан Камю кўп гапирган абсурдга алоқаси ёк, Кафкага ҳам, бу ўзимиз яратган қўлбола, хонаки кўниккан абсурдимиз. Ҳашаротхонда айб ёк, у ўзига ўхшаганларнинг мингдан бир тутқич бермаси, балки, балки… Ақл шунақа қилиб анграяди-да.

Эртаси куни “Ахборот”даги бир укамга телефон қилдим, кеча шунақа сарсон бўлдим, десам, ака соддалигингиз қолмабди-да, шу бардакка ҳам борасизми, ахир, деди. Ўн дақиқаларда телефон қилиб, “Ипак йўли”га боринг, мен суриштирдим, у ерда фоиз-моиз деган гаплар ёк, ишни ҳам тез битирасиз, деди. Эртаси куни ишонқирамай бордим, ҳовлисига кириш жойида фуқаро кийимидаги қўриқчи, ҳужжатни кўриб ўтказиб, юборди, ичкаридаги турникет олдида мелиса, у ҳам ҳужжат кўрди, марҳамат деб ўтказиб юборди. Расмий муомала, лекин кўнгилга оғир ботмайди. Бу ерда  ҳам ариза ёз, паспортдан нусха топшир. Лекин… чарчадим, ҳам кўзойнагим қолиб кетибди, десам, аҳволимга қараб, ноилождан бўлса-да, қоидани бузиб, ўзлари  тўлдириб берди фариштага ўҳшаган қизлар, мен фақат имзо қўйдим. Ўн беш дақиқага бормай иш битди. Мен унгача юмшоқ диванда дам олиб ўтирдим. Яна ўзлари чақириб, амакижон, эртага карточкангиз тайёр бўлади, дейишди, мен бугун иложи ёкми, эртага келишга чарчаб қоламан, дедим. Амакижон, унда ярим соатлар кутишингизга тўғри келади, ўтириб турасиз, майлими, дейишди. Албатта, ўтириб тураман, дедим. Ярим соат эмас, йигирма дақиқалардан яна чақириб, қўлимга пластик карточкани беришди.  Карточка билан бирга шартноманинг аслини бир нечта нусха ҳам қилиб беришди, бир нусхани нашриётга топширсам, олам гулистон, пул карточкага тушаверар экан.

Ўзимни одам ҳис қилиб, одамга ўхшаб чиқдим “Ипак йўли”дан. Ҳа, дарвоқе, “Ахборот”даги укам бу ердаги бировга мени тайинлагани ёк, тайинлаш шарт ҳам эмас, ҳеч ким мени танигани ҳам ёк, таниган бўлса ҳам билдирмагандир, чунки илтимоссиз, таниш-билишсиз ҳам битадиган майда иш экан. 

Бу воқеа ҳикоя бўлмайди, лекин ҳаётда ўзи бўлади, бўляпти ҳам. Ҳар биримизнинг ўзимизга инсоф берсин экан!

 

Аҳмад Аъзам

2012й. Ноябр

Leave a Reply