Skip to main content

ҳикоя бўлмайдиган воқеалар туркумидан

ТВда “Ўзлик” кўрсатуви тилга тушиб, одамлар берилиб кўрадиган вақтлари. Бир кампир сўроқлаб мени топиб, кабинетимга кирди. Ҳа, бош муҳаррирнинг алоҳида кабинети бор. Кампир одми бўлса ҳам шунақа оҳорли кийинган, фаришта бўлмаса ҳам фариштасининг бувисига ўхшар экан. Эшик олдида турадиган қўриқчилар ҳам индамай ўтказиб юборган. Кампирнинг қарашлари сокин, кексаяётган ҳолида жуда одобли-ҳалим… Мен сакраб туриб ўриндиққа манзират қилдим, Бу онахон ниҳоятда муҳим, оиласида ўтган нимадир мудҳиш сирларни очгани келган, деб ўйладим. У пайтлари ўттизинчи йиллари репрессияга учраган одамлар қарийб ҳар куни ўзлари ё ўтиб кетган бўлсалар, уларнинг фарзандлари ё қариндош уруғлари келар эди, Бир куни ўспирин ёшида ўн йилга кесилиб, йўлда Владивосток орқали Находкадаги ерости конигача етиб боргунча бир ўзи ики рецидивистни, тилла конда яна икки рецидивистни ўлдириб юборган чол ҳам келган. “Аҳмаджон, ўғлим, аввал икковимиз битта чой ичиб олайлик, чой қўйиб юборинг, деб белига беғланган қийиқчани ечиб, ундан битта қўқон патири, бир сиқим ёнғоқ мағзи, бир ҳовуч парварда, бир ҳовуч майиз  чиқариб терди. Қийиқча устида жуда тартибли дастурхон бўлди…. Унинг ҳикоясини ҳали айтаман.

Гап бу нуроний кампир ҳақида. Яхшилаб гапга солсам, “Ўзлик”ка боп кўп гаплар чиқади ҳали деб сал ҳовлиқяпман. Метариалнинг ҳидини бир қарашда билиб оламан деган шаштим бор. Кампир: “Ўғлим, жон болам, барака топинг, бормаган жойим қолмади, ҳатто ўз жондай ўғлим ҳам қулоқ солмайди. Сиз бир оғиз айтсангиз, улар инсонфга келиб, мен ҳам қолган умримни тинчликда ўтказар эдим. Жуда қийналиб кетдим, азоб беряпти!”, деди. “Бажонудил, хола, кимга айтиш керак, ё телефондами?”. “Мелисага телефон қилганман, келди уйимга кўрди, текшириб кетди, бир-икки марта ўтириб пойлади, булар ҳам ишонмайди ё келиним буларни ҳам қўлга олган”, деди кампир тўғри қараб.

Мен сал ҳушёр тортдим: нима бўлиши мумкин? Оилавий масала бўлса, ҳар ҳолда, тўғри сўрайман деб, мамну томонларга ўтиб қолсанг бу ҳам ноқулай. Қани бир нарса ойдинлашар, бир нарсанинг учини топиб қоларман деб холанинг гапларига бош ирғаб ўтиравердим. Бирон тахмин қилолмаяпман. Келини билан уришгани ё келиннинг кампирга бир таҳдид қилаётгани ҳақида ҳам гап ёк. Лекин… келин жодугар ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган бошқа йўл топибди: кампирнинг чойига қалампир солиб қўяр экан. Мақсади – кампир бечорага кун кўрсатмаслик. Ичадиган чойингизгами, десам, ёк,  бу жаложин, ҳатто келин ўғилни, яъни эрини ҳам йўлдан уриб, кампирни ёлғиз ташлаб, бошқа уй қилиб олиб чиқиб кетган, жуда кам келишади. Лекин ҳеч ким йўғида чойига билдирмай аччиқ қалампир аралаштириб қўяди. Ҳа, қуруқ чойига экан, чойнинг қадоғи бузилмаган, қайта клейланмаган, лекин ичи тўла чаён қалампир. Неча бўлса, ҳаммаси шундай. Энди бу жодугарни қаранг, кампирнинг дўкондан оладиган чойига ҳам олдиндан қалампир солиб қўяр экан! Мана бунисига нима дейсиз? Ичган чойига эмас, қуруқ чойга. Кампир шунча пойласа ҳам қачон, қандай қалампир аралаштирганини билолмай доғда экан. Шу токчадами, ошхона шкафидами турган жой, қадоқ қоғози бузилмаган, очилмаган, лекин ичига қалампир аралашган! Охири келин мақсадига эришиб, сиз билан яшамайман, ё мени де, ё онангни деб, бошқа дом олиб чиқиб кетгандан чиқиб кетгандан кейин, дўкон, супермаркетларни қўлга олибди, у ерда кампир оладиган чой ҳам шу аҳволда. Кампир ҳар хил дўконларга борибди, баъзиларига бекиниб, лекин келини олдиндан билан экан. Шунга кампирнинг арз қилмаган жойи қолмабди, неча-неча марта мелицага ҳам айтибди, фойдаси ёк, келиннинг жодуси ҳамма ёққа етади, ҳамма жойда одамлари бор. Қандай қилади шу ишни деб сўрайман, бир нарсанинг учини илиб оларман деб, ўзим билмайман-да,  ҳайронман билсам шунақа арз қилиб юраманми, ҳеч ким менга ишонмайди, мана, сиз ҳам, кўзингиздан биляпман, унча ишонмаяпсиз келиннинг ҳеч ким билмайдиган бир жодуси бор. Сиз қулоқ солинг-да, энди уйга келмай қўйган, лекин дўкондан олган чойимга қалампир аралаштирган! Қандай қилади – ҳайронман, бўлмаса, чойни бир жойдан олмайдиган бўлганман, ҳамма жойга келинимнинг қўли етади. Ҳамма жойда одамлари бор”.

Мен кампирни тикилиб эшитаман, нидерланд прозасидаги магик реализмга дуч келиб қолгандай қизиқяпман. Кампир ўқимишли, гаплари жуда равон, мулоҳазали, бир нуқси сезилмайди. Кейин айтдим-ку, кийимида ҳам тартиб, дид…

“Шуни сиз мелисаларга ўзингиз бош бўлиб тайинланг, бу келинимни шу ишни қилаётганида бир қўлга тушириб, бўйнига қўйиб беришсин, ундан учта бола бор, ахир, ўғлим ҳам улар билан туради… Ё телевизордан айтинг, мен қари кампирга раҳми келсин.” 

Кампир унча зорланмай, қайта-қайта тайинлади, мен ваъдани катта қилиб кузатиб қўйдим. Ўтириб ўйладим, шунча чой қадоққа қанақа қилиб қалампир аралаштириш мумкин? Кампирда бир нарса бор, чунки ниҳоятда фариштали, ҳар бир ҳаракати тартибга солинган, гаплари ҳам шундай маъноли тизилган.

Ўйлаб ўйлаб, кампир турадиган туманнинг ички ишлар бўлимига телефон қилдим, бошлиғини топдириб сўрадим, бир кампир фалон-туган дейди, сизлар бир хабар олиб қўйсанглар, савоб бўлар эди, ўзи нима гап, сиз биласизми, деб сўрадим. Э-э, сизга ҳам телефон қилдими, деб сўради бошлиқ. Ўзи келди, дедим. Э-э, ака (ё ука дедими), бу иш билан кўп шуғулланганмиз, натижа ёк. Чойини биз ичиб кўрсак қалампир-палампир ёк, кампирникида эса қалампир. Мана ичиб кўринглар деб туриб олади. Ҳеч тушунтиролмаймиз. Келини билан ҳам гаплашганмиз. Лекин кампир гумонини қўймайди, биз ҳам ҳайрон, лекин телевизорга бу гапни олиб чиқманг, тубига етмаган гапни қандай кўтариб чиқасиз…

Шу гапнинг бўлганига ўн беш йилдан ошди. Ҳали ҳам ўйлайман, кампирнинг хаёли қочадиган бўлиб қолган, лекин унда нимага гаплари бурро, далиллари мантиқли?

Интернет ўқиб қоламан-да, савдойи ҳайрат билан теран мулоҳазанинг фарқига бормай қолиб, ораси шунча яқин бўлиб боряптими, деб ўйланаман.

Аҳмад Аъзам  

2012й. Октябр

Leave a Reply