Меҳмонимиз – «Ўзбекистон» телеканали бош директори,
ёзувчи Аҳмад Аъзам
“Қишлоқ ҳаёти” 2004 йил, 2 март
1. Авваламбор, таҳририятимизга хуш келибсиз. Бизнинг анъанавий саволимиз: «беш» рақамига муносабатингизни билдирсангиз. Умуман олганда, рақамларнинг инсон ҳаётига таъсири ва дахлдорлиги бор, деб ўйлайсизми?
А.А.: «Беш»га муносабатим ҳамма қатори бўлса керак.Яъни ўқишни қадрлаб, шунинг баробарида ўзингни ҳам қадрлаш бошланишини англаганда. Бу энди болада энди ўсаётган ғурур билан боғлиқ, ўзини кўрсатишни истамайдиган ўқувчи бола, “беш”ни олдига мақсад қилиб қўймайди, унга нимадир руҳий туртки, ғурурнинг узоққа чўзиладиган ўйдим-чуқур йўлларига кириб қолиши керак. Ҳа, мен «беш», яъни «аъло» баҳолар билан ўқишга интилганман. «Тўрт», баъзан «уч» ҳам олганман, бу тўртинчи синфларгача, лекин кейин аксар баҳоларим «беш» эди. Албатта, бунда болалик даъвосининг таъсири кўпроқ, лекин бу ҳам ёмон эмас, болаларимизни «беш»га ўқишга, яъни олдинга қаторга ўтишга, пешқадамлик туйғусини «ўстиришга» ўргатишимиз керак деб ўйлайман. Университетда аввалбошдан, яъни биринчи, семестр дер эдик шекилли, шундан сатта “сатта” беш олиб бошлаб, охиригача ўзимни тўхтата олмаганман. Савдойиликка ўхшаган ғайратли васваса, бўлмаса, ҳар куни битта ё иккита кинога тушаман, олтида туриб китоб ўқиган бошимни шамоллатиш учун. Лекин ҳозир афсусу армонларим кўп, шунча кўп ўқиганимизнинг жуда кўпи керак эмас экан, вақтимиз кераксиз билимларга кетган, агар уларни билим десак ҳам ҳавойи ғоя бўлиб қолаверади, бебаҳо вақтларимизни ўғирлаган. КПСС тарихи, тарихий материализм, илмий коммунизм, совет ҳуқуқи асослари, совет психологияси, умуман «марксизм-ленинизм методологияси»га асосланган фанларнинг семинарларида соатлаб ким ўзарга маъруза қилардик, мана, ҳаммаси беҳуда экан, шуларни назарда тутяпман… Умуман рақамларнинг инсон ҳаётига таъсири ё дохиллиги балки бордир, лекин бу борада бирон-бир тайинли фикрим ёк. Умуман, Шарқда бунақа қараш ё таълимотлар шаклланмаган шекилли. Яна ҳам тўғриси, билмайман.
2. Қишлоқ соғинчи билан яшаш кўпчилик ижодкорлар учун Ҳақдан насиба. Қишлоқ фарзанди сифатида айтинг-чи, матбуотда, умуман ОАВда қишлоқ ҳаёти, у ердаги одамларнинг турмуш тарзи қай даражада ёритилмоқда?
А.А.: Ижодкор деб қарздор қилганингизга раҳмат! Лекин қишлоқ соғинчи фақат ижодкор, яъни адабиёт ва санъат аҳлининг пешонасига ёзилмаган. Бу минглаб, балки миллионлаб одамларнинг чекига тушган. Чунки ўтган аср шаҳарлашиш – урбанизация асри бўлди, бу жараён ҳали узоқ давом этади ҳам. Бундан юз йил олдин қишлоқларда қанча одам ва шаҳарларларимизда қанча одам яшаганининг нисбатини бугунги кунга чоғиштириб кўринг. Ё бўлмаса, азим пойтахтимизнинг ҳозир биз «эски шаҳар» деб биладиган ҳудудидан бошқа жойларининг ҳаммаси қишлоғу чорбоғ бўлганини кўз олдингизга келтиринг: Самарқанд, Кўкча, Чиғатой ва бошқа дарвозаларидан у ёқларини. Кўм-кўк далани, зангори осмон, тоза ҳаволарни соғинадиган бандаси борки, аслини суриштирсангиз, деҳқондан, дала одамидан келиб чиққан бўлади. Умуман кенгликка интиладиган ҳар бир одам ва ҳатто тубжой шаҳар кишисининг қонида ҳам қишлоқ соғинчи яшайди. Чунки бизда тарихан шаҳар билан қишлоқ, ҳозирги атама билан айтганда битта инфратизим, бўлиб келган. Овруподан бу жиҳат билан фарқланганмиз…
Матбуотда қишлоқ, ундаги турмуш тарзининг ёритилиши ҳозир айтганимиз соғинчнинг қоқлаб, туршак қилингани: мазаси келади, лекин шарбати қуриб кетган. Бадиий асарларда ёшлиги қишлоқда ўтган одамнинг кейин шаҳарда орттирган фикру кўникмалари билан қараш устун, ҳатто унинг қишлоқдаги турмушдан завқи, одамларига меҳрида ҳам шаҳарнинг валинеъматлиги сезилиб туради. Шу маънода ОАВнинг ҳам бу одамлардан қарзи бисёр: қишлоқдаги турмуш у ёки бу мавзуни кўтариш эҳтиёжидан ёки бурчни адо этиш заруратидан ёритилади, кўнгилдан чиқариб, ҳақиқий ҳаётнинг ўзини кўрсатадиган матбуот асарлари жуда кам. Мухбирларимизнинг ёзганлари қишлоққа катта йўлдан бориб, машинадан тушмай қайтган одамнинг қаламидан чиққанга ўхшайди.
3. Китоб қадим-қадимдан буюк ихтиро бўлиб келган. Аммо бугун у ўз ўрнини телевидение, радио, компьютер каби мўъжизаларга бўшатиб бергандай туюлади. Айтинг-чи, китоб ўз қимматини ёкотиб қўйиши мумкинми?
А.А.: Энг буюк ихтиро китоб эмас, ЁЗУВ! Агар китобни қоғоз нашр, босма шаклини оладиган бўлсак, бунда у ўз ўрнини сиз айтган нарсаларга чиндан-да шиддат билан бўшатиб бераётир. Ҳозир битта китоб кафтдек дискетга сиғса, эртага Алишер Навоий номидаги улкан хазина кутубхонамиз битта тугмачага жой бўлади. Тугмачадан ҳам кичкина! Бундан-да киқкина ўлчамлари бор, мен ёши ўтаётган одам уларни кўрмайман, лекин айни нуқталарда ишлаб ёзаман. Албатта, қўлёзмалар, яъни битма китобларни ҳали узоқ авлодлар кўзга суртиб асрайди, яъни буюк ихтиронинг қадри беҳад ошади, ҳатто бир варақ босма қоғоз ҳам тиллога тенглашади, лекин ёзув ташийдиган, олиб юрадиган, сақлайдиган воситалар беҳад ўзгариб кетади. Ҳатто ҳозир китобнинг ўрнини олиб бораётган телевидение, радионинг ўзи ҳам ўзгариб боради, бу кетишида компьютернинг ўзи қанақа бўлади, буни, масалан, мен тасаввур қилолмайман, лекин фикри ожизимча, ёзув, унинг воситалари қанақа бўлмасин, башарият билимининг асосий таянчи бўлиб қолади, деб ўйлайман.Ҳа, дарвоқе, бадиий асарни интернетдан эмас, айни китоб шаклида уни қўлида ушлаб ўқишни истайдиган ҳам кўпайиб боряпти.
4. «Ўзбекистон» телеканали орқали шоу дастурлар кўплаб намойиш этилмоқда. Бунинг сабаблари нимада ва ушбу ҳолатни ижобий ўзгариш ҳисоблайсизми?
А.А.: Қани эди шоу кўп бўлса ва кўплаб намойиш этилса! «Шоу»нинг луғавий маъноси «кўрсатиш», «намойиш этиш», «кўринарли бўлиш», «белгили қилиш», содда айтганда, «томоша» дегани. Телетомошага келсак, экранда бўлаётган жараёнга томошабинни боғлаб турадиган, уни бевосита шу томоша қатнашчисига айлантирадиган жанр. Томошабин ўз уйида ўтириб томошада қатнашаётгандек бўлади. Шунинг учун ҳам яхши шоунинг таъсир доираси жуда кенг. Ижодкорларимиз ҳозир шундай телеасарлар яратиш йўлида тинмай изланяптилар. Телеканалимизда шоулар ёк эмас, бор, (бир ҳисобда, яхши, самимий суҳбат акс этган кўрсатув ҳам «ток-шоу» – «томоша-суҳбат»), лекин кенгқамровли, ижодий ва техник безалиши жиҳатидан ҳамма талабларга жавоб бера оладиган теран, оригинал, миллий телешоуларни яратишга энди киришяпмиз. Мамлакатимиз ахборот майдони демократик ҳуқуқий жамият ақидалари бўйича очиқ, унда телерадиокомпаниямизнинг тўртта, жойлардаги мулк шакли турлича бўлган қирқтача телерадиоларнинг каналларидан ташқари параболик антенналар билан тутиладиган беш-олти юз телеканал бор! Фуқароларимиз имкониятига, диди, дунёқарашига қараб, дунёнинг исталган телевидениеси маҳсулотини кўряпти. Ахборот майдонининг очиқлиги (худога шукр) ўз томошабинимизга ўз асарларимизни «ўтказиш»да телебозорнинг нақадар кескин рақобатига рўпара қилаётганини тасаввур этаётган бўлсангиз керак. Лекин айни пайтда томошабинни ўзимизга оғдирамиз деб, миллий менталитетимизга, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий меъёрларимизга зид, масалан, «Окно»га ўхшаган кўчанинг ғийбати ё шаҳвоний инстинктлар шарҳидан иборат телешоуларга ҳам қўл урмаймиз. Чунки бунақа ўта томошабоп шоулар ҳам ўткинчи. Шоуларда томошабинларга оила муҳитида пайдо бўладиган айрим масалаларнинг ибратли ечимидан тортиб, жамиятимизнинг олға силжишига таянч бўладиган бунёдкор ғоялар муҳокамасигача таъсирчан, суйкумли шаклларда етказиш муҳим мақсад бўлиб қолади.
5. Телевидениеда ғарб сериаллари мунтазам бериб борилмоқда. Бунинг болалар тарбиясига таъсири нечоғли даражада деб ўйлайсиз? Халқ педагогикаси болани ҳаё ва номусли, туйғу ва таъсирларга берилмас қилиб тарбиялашга ундамайдими?
А.А.: Бу жуда мураккаб масала, ахборот майдонида, жумладан телеканаллар ўртасидаги кескин рақобат, томошабинни ўзига оғдириш учун кураш, реклама-тижорат ва яна талай талабу эҳтиёжлар туфайли сериаллар экранларимизга кириб келаётир. Кейин гап фақат ғарб телесериалларини кўрсатиш ё кўришнинг ўзидагина эмас. Биз юз эллик асрлик истибдоддан кенг дунёга чиқдик. Ундан олдинги даврларда, яъни Темур бобомиздан кейинги тўрт асрлик таназзул даврида ҳам хийла биқиқ яшаганмиз. Мустақилликдан бери кенг муомалага киришганимиз катта дунёнинг бизга тўғри келадиган ҳам, тўғри келмайдиган ҳам муаммолари жуда кўп. Миллий анъаналаримизга, халқона ўзига хос тарбиямизга мос тушмайдиган баъзи жиҳатлари бор экан, деб бу дунёнинг юзига дарвозамиз табақасини ёпиб қўя олмаймиз. Энди ҳамма гап ўзимизда. Дунёни кўриб, нимасидан ўрнак олишу нимасидан юз ўгириш, қайси ибратини ўзимизга урф қилишу қайсисини яқинимизга ҳам йўлатмаслик ўзимизга боғлиқ. Бир вақтлар аёллар очиққа чиққанда ҳам ҳаммаёқ бузилиб кетадигандек туюлган. Етти-саккиз йил илгари телесериалларни кўриш авжга чиққан пайтлари ҳам ахлоқ борасида шунга яқинроқ оширма гаплар бор эди. Ҳозир бу гаплар анча босилди, телесериалларни севиб кўрадиганлардан кўра, кўрмайдиган, кўрса ҳам ахлоқсизликка тескари, яъни тарбиядаги миллий анъаналарини ҳимоя қилиш мавқеида турадиганлар кўп. Яқин-яқингача болаларимиз жангари фильмларни ётиб олиб кўрардилар, ҳозир кўр, десангиз, «Э-э, ҳаммаси ясама, сохтаю», деб бурнини жийиради. Мана, болалигимиз ҳинд мелодрамалари таъсирида ўтган, шаҳарларда чипта қулоқчўзма, қишлоқларда кечалари майдонга томошабин сиғмас эди, шўронинг биронта киноси бу сентиментал фильмлар билан беллаша олмасди. Лекин бу билан қизларимиз пешанасига хол ёпиштириб, йигитларимиз ингичка мўйловча қўйиб, рақсга тушадиган бўлиб кетганимиз ёк. Ҳозир сўранг-чи, болалик хотиралари шавқи демаса, қанча одам кўрар экан. Шу маънода ғарб телесериалларини кўриш, бир томондан, дунёни билиш-ўрганиш эҳтиёжидан келиб чиқади, иккинчи томондан эса улардаги салбий ибратларга биз ота-оналар таассуб қилмасак, бизга қараб ўсаётган болаларимизга ҳам асло юқмайди. «Ота-она – андоза», деб бежиз айтилмаган. Яна бир жиҳати борки, боладир, каттадир, бугунги томошабин қанча ғарб сериалларини кўрса, шунча ўзимизга қайтади, яъни ўз миллий заминимизда яратилган киноасарларини кўришга унинг иштиёқи ортаверади. Шундоқ экан, хорижий телесериаллар намойишини чеклаш эмас, балки рақобатга ўз телесериалларимизни кўпроқ яратишни ўйлашишимиз керак.
6. Матбуот ва ОАВдаги тезкорлик ва ҳозиржавоблик ижод аҳлининг кўп вақтини олиши табиий. Ижодий ишларга фурсат топяпсизми? Қандай асар ёки китоб устида машғулсиз?
А.А.: Ёзишдан бошқа нарсанинг ташвишини қилмай, истаган пайтда, бемалол, эмин-эркин яшаш – ҳамма қаламкашнинг орзуси. Орзу, холос. Дунёдаги энг машҳур адиблардан шундай яшаганлари ҳақида ўқиганмиз. Лекин улар ҳам шу даражага етиб олгунча турмушнинг ҳамма чиғириқларидан ўтиб, кейин меҳнатлари мевасини кўрганлар. Қолаверса, ҳозир ОАВдаги иш фақат касбий бир меҳнат эмас, бу ҳам ижодий иш. Жуда кўп вақтни оладиган ижод. Айниқса телевидениеда, айниқса ишингиз ўн саккиз соат узлуксиз ёришиб турадиган экран билан боғлиқ бўлса. Бошқа нарсаларга фурсат ёк. Фурсат топилиб қолган пайтлари… ёзган пайтларингизни эслаб, ўзингизнинг шундай қила олганингизга ишонмайсиз… Худо хоҳласа, шу йили битта китоб чиқариш ниятим бор.
7. Муштарийларга тилакларингиз…
А.А.: Қачонки ўзимизни яхши билиб олсак, бошқаларни теранроқ тушунамиз, дунёни таниймиз. Тилагим шуки, ҳеч ким ўзига нотаниш бўлмасин, ҳеч кимни Ўзидан адаштирмасин..
Суҳбатдош М.Тўхташева
“Қишлоқ ҳаёти” 2004 йил, 2 март